Norma.uz

Форс-мажор эмас, бироқ енгиб чиқолмайсиз

 

Ишнинг моҳияти

Бош пудратчи (МЧЖ) ва буюртмачи (ХК) 2015 йил апрелида тахминий қиймати 800 млн сўмлик турар жой қурилишига бош пудрат шартномасини туздилар. Унга кўра МЧЖ ёрдамчи пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда объектнинг қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва уни буюртмачига топшириш, у эса ишни қабул қилиб, ҳақини тўлаш мажбуриятини зиммасига олди. Буюртмачи шартнома имзоланган кундан бошлаб 20 банк куни давомида назарда тутилган сумманинг 25%ини олдиндан тўлаши керак эди. Турар жой қуриш учун ер участкаси Тошкент шаҳар ҳокимининг 2014 йил ноябрдаги қарори билан ажратилиб, 5 йиллик муддатга ижарага берилган эди. 2015 йил май ойида буюртмачи бош пудратчига хат йўллаб, унда ҳокимнинг қарори билан ер участкаси давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлигини хабар қилди. Шу сабабли шартномани бекор қилишни сўради ва тегишли битимни жўнатди. МЧЖ бунга рад жавоби бериб, 40 млн сўм бўнакни тўлашдан асоссиз равишда бош тортганлик учун жарима тўлашни талаб қилди. Ушбу талабларга қўшилмаган буюртмачи 2015 йил июлида хўжалик судига шартномани бекор қилиш, 1 302 400 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво билан мурожаат этди.

Суд жараёни давомида МЧЖ ХКдан 40 млн сўм бўнак, 400 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини тўлашдан асоссиз равишда бош тортганлиги учун жарима ундириш тўғрисида қарши даъво тақдим этди.

 

Буюртмачининг позицияси

– Биз турар жойни қуришни режалаштириб, 2015 йил апрелида МЧЖ билан бош пудрат шартномасини туздик. Бироқ май ойида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ер участкаси давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилди. Шу сабабли бош пудратчига Фуқаролик кодексининг 349-моддаси маъносига кўра шартномани ижро этиб бўлмаслиги боис уни бекор қилишни сўраб мурожаат этдик, бироқ рад жавоби олдик. Мазкур объектда қурилиш ишларини бажариб бўлмаслигини ва биз жавоб бермайдиган ҳолатлар юзага келганлигини ҳисобга олиб, суддан шартномани бажариб бўлмаслиги сабабли бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилишини сўраймиз.

 

Бош пудратчининг позицияси

– Буюртмачи ер участкаси олиб қўйилиши мумкинлигидан хабардор бўлган, бироқ, виждонсизларча иш тутиб, биз билан шартнома тузган. Шуни ҳисобга олган ҳолда, биз шартнома қоидаларига кўра 5% миқдорида, ёки 40 млн сўм бўнак тўлашдан асоссиз равишда бош тортганлиги учун жарима тўлашни талаб қилдик ва даъвогарга қарши даъво тақдим этдик. Шу сабабли суддан даъвони рад этишини ва қарши даъвони қондиришини сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қарши даъвони кўриб чиқиб ва томонларнинг унга доир фикрларини тинглаб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, бош пудратчининг судга шартномани бекор қилиш ҳамда давлат божи ва почта харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилишига сабабчи бўлган далиллар тасдиғини топди ва жавобгарнинг қарши даъвосини асоссиз деб ҳисоблади.

ФКнинг 260, 333, 349,382–385-моддаларига асосланган ҳолда биринчи инстанция суди:

шартномани бекор қилиш бўйича даъво талабларини тўлиқ қондириш;

қарши даъвони қондиришни рад этиш;

Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддасидан келиб чиқиб, суд харажатларини жавобгардан тўлиқ миқдорда ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 666-моддаси 1-қисмига мувофиқ, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.

ФКнинг 333-моддаси 1-қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Шу сабабли қарздор мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмаса, кредитор неустойка тўлашни талаб қилишга ҳақли бўлмайди. Кўрилаётган ишда шартнома бажарилмаганлигида даъвогарнинг айби кўринмайди, чунки у Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан ер участкаси давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги оқибати саналади.

ФКнинг 349-моддаси 1-қисмига мувофиқ, агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади. Келтирилган вазиятда мазкур модда меъёрлари қўлланади.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра шартнома бекор қилинишининг асосларидан бири вазиятнинг жиддий ўзгариши ҳисобланади. Вазиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади.

Агар тарафлар вазиятнинг жиддий ўзгариши муносабати билан шартномани бекор қилиш ҳақида келиша олмаган бўлсалар, шартнома манфаатдор тарафнинг талаби билан суд томонидан бекор қилиниши мумкин, агар айни вақтда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса:

1) шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деб ҳисоблаган бўлсалар;

2) вазиятнинг ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада виждонийлик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаган бўлса;

3) шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлсалар;

4) иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан вазиятнинг ўзгариши хавфига манфаатдор тараф учраши кераклиги англашилмаса (ФКнинг 383-моддаси). Бундан ташқари, ФКнинг 385-моддаси ­2-қисмига мувофиқ, шартнома бекор қилинганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади.

Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, шунингдек даъвогар ФКнинг ­384-моддасига мувофиқ шартномани судгача бекор қилиш таомилига риоя этганлигини эътиборга олиб, суд даъво талабларини қондириш ва қарши даъво талабларини қондиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини тўғри қабул қилган.

Шунга эътибор бериш лозимки, бош пудратчи ФКнинг 383-моддаси 4-қисмига асосан етарли далиллар мавжуд бўлганда шартномани бекор қилиш оқибатларини аниқлаш ва тарафларнинг ушбу шартномани бажариш билан боғлиқ харажатларини улар ўртасида адолатли тақсимлаш тўғрисидаги талаб билан қарши даъво тақдим этиши мумкин эди. Яъни у шартномани бажаришни бошлаганини ва ҳужжатлар билан тасдиқланган (ахлатни олиб чиқиш, дарахтларни кесиш, махсус техникани ижарага олиш ва бошқа) харажатларни қилганлигини исботлаши лозим эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1867 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика