Мен билан 2016 йил 1 февралгача контракт тузилган эди. Бироқ ҳанузгача университет маъмурияти мени ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ билан таништирмади, меҳнат дафтарчамни бермади ва иш ҳақи бўйича якуний ҳисоб-китоб қилмади.
Мен билан меҳнат муносабатлари бекор қилинмаган деб ҳисобласам бўладими?
Д.Жуманова.
– Ҳа, сиз билан меҳнат муносабатлари давом этаяпти деб ҳисоблашингиз мумкин. Бу масалани сиртдан ҳал этиб бўлмайди. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби ва қонунийлиги шартлари мавжуд. Иш берувчи меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилаётганда ушбу талабларни бажариши шарт (МКнинг 100-моддаси). Ушбу шартларга риоя этмаслик ходим билан меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилинган деб тан олинишига сабабчи бўлиши мумкин.
Одатда, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари Меҳнат кодексининг 87, 89, 97, 99, 100, 105, 106-моддаларига тўла мувофиқ ҳолда кўрсатилиб, унинг бекор қилиниши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ушбу буйруқ билан ходимни тилхат олиб таништириш зарур. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи унга меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши (МКнинг 108-моддаси), меҳнат шартномаси бекор қилинган куни у билан ҳисоб-китоб қилиши (МКнинг 110-моддаси) ҳамда фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт (МКнинг 151-моддаси). Қолган тўловлар меҳнат шартномасини бекор қилиш асосига қараб тўланади.
Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмагани ёки уни олишдан бош тортгани муносабати билан унга меҳнат дафтарчасини беришнинг имкони бўлмаса, иш берувчи унга меҳнат дафтарчасини олиб кетиши ёхуд уни почта орқали жўнатишга розилик бериши зарурлиги тўғрисида почта хабарномасини жўнатиши шарт. Кўрсатилган почта хабарномасини жўнатган кундан бошлаб иш берувчи меҳнат дафтарчасини беришни кечиктирганлик учун жавобгарликдан озод қилинади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 3.3-банди).
Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан, моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув Йўриқноманинг 2.8-бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Ходим ишдан бўшаганда шахсий варақага (Т-2-сон идоралараро намунавий шакл, Йўриқномага 4-илова) ва меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида Меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш китобига имзо қўяди (Йўриқноманинг 3.1-банди).
Муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаши муносабати билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби ўзгача тусга эга.
МКнинг 105-моддасига мувофиқ, муддатли меҳнат шартномасини унинг муддати тугаган кунда ҳам, муддати тугагандан кейин 1 ҳафта давомида ҳам бекор қилишга йўл қўйилади. Бироқ агар ушбу муддат тугагандан кейин ҳам тарафлардан бирортаси мазкур асосга кўра муддатли меҳнат шартномасининг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса ва ходим ишлашда давом этса, меҳнат шартномасининг муддатли тусга эгалиги ҳақидаги шарт ўз кучини йўқотади ва у номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида шартнома муддати тугагани муносабати билан меҳнат муносабатларини тўхтатишга қарор қилган меҳнат шартномаси тарафининг бу ҳақда бошқа тарафни олдиндан огоҳлантириш мажбурияти назарда тутилмаган. Бироқ шартнома бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт (МКнинг 108-моддаси).
Меҳнат дафтарчасини бериш, уни беришни кечиктирганлик учун жавобгарлик ва бунинг оқибатлари юқорида кўриб чиқилган ҳолатларга айнан ўхшашдир.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.