Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда халқимизнинг бой тарихий тажрибасини ўзида акс эттирган ўзини ўзи бошқаришнинг ўзига хос тизими – маҳалланинг ўрни ва аҳамияти ошиб бормоқда. Бугунги кунда маҳалла институти муқаддам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларида бўлган ўттиздан ортиқ функцияларни самарали бажармоқда.
Республикамиз Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллар) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қарори раислар ва маслаҳатчилар сифатида энг лойиқ фуқароларни сайлаш орқали маҳалла институтининг обрўсини оширишга ва амалга оширилаётган ислоҳотларда уларнинг иштирокини кенгайтиришга йўналтирилган.
Жорий йилнинг май–июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддатлари тугайди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Конституциямизнинг 105-моддасига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8, 10 ва 11-моддаларига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайловлар ўтказиш белгиланган. Мазкур сайловларда 9 764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва 99 мингдан ортиқ уларнинг маслаҳатчилари сайланади. Шу рақамларнинг ўзи ҳам ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган мазкур сайловларга тайёргарлик юқори даражада бўлишини талаб қилади.
Сайловлар билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламларига етказиш бўйича тадбирлар тизимли равишда ўтказилмоқда. Бу борада Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловларини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларнинг фаолияти катта бўлмоқда. Комиссия томонидан амалга ошириладиган чоралар қаторида қонунчилик талаблари асосида сайловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш, республикамизнинг барча вилоят, туман ва шаҳар комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларни зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, оммавий ахборот воситаларида сайлов жараёнининг ёритилишини ташкиллаштириш ва бошқалар ўрин олган.
Сайловлар жараёнида ушбу тадбирларни ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган низомлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олувчи тўпламлар тайёрланди, сайловлар ўтказилиши билан боғлиқ намунавий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Айтиш жоизки, жойларда махсус ташкиллаштирилган ишчи гуруҳлар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари билан боғлиқ бутун жараёнга раҳбарлик қилади. Шу сабабли комиссиялар эътибор маркази асосан ишчи гуруҳлар фаолиятини тўғри, самарали ташкил этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.
Сайловларга аҳоли, айниқса ёшлар ва аёлларнинг кенг жалб қилиниши, бутун жараённинг очиқлик, тенглик ва муқобиллик тамойиллари асосида ташкиллаштирилиши, сайловларни ёритиш бўйича ахборот-таҳлилий ишларнинг кучайтирилиши мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг юқори поғонага кўтарилганидан дарак беради ҳамда «Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини амалга оширишда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.
Л.Ачилова,
Тошкент Давлат юридик университети
«Фуқаролик ҳуқуқи» кафедраси ўқитувчиси.