«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги Қонуннинг янги таҳрири қандай янгиликларга эга?» шарҳида («Норма маслаҳатчи»нинг 26.04.2016 йилдаги 17-сони) хабар қилганимиздек, 13.04.2016 йилдаги ЎРҚ-404-сон Қонун билан «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур шарҳ бухгалтерия ҳисоби субъектларига бағишланган янги таҳрирдаги Қонуннинг 6-моддаси меъёрлари юзасидан баҳс-мунозараларни юзага келтирди. Яъни Қонуннинг 6-моддаси 2-қисмида келтирилган хўжалик юритувчи субъектлар бухгалтерия ҳисоби субъектлари ҳисобланадими деган савол ўртага қўйилди.
Ушбу масала юзасидан мурожаатимизга жавобан молия вазири ўринбосари М.Мирзаев қуйидагиларни маълум қилди:
«Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонуни 6-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шуъба корхоналари, ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисоби субъектларидир.
Юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб юритади ҳамда ҳисобот тақдим этади.
Шу тариқа, юқорида тилга олинган Қонуннинг 6-моддаси 1-қисмида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритувчи ва молиявий ҳисоботни тузувчи бухгалтерия ҳисоби субъектлари кўрсатилган. Мазкур модданинг 2-қисмида кўрсатилган шахслар бухгалтерия ҳисоби субъектлари ҳисобланмайдилар ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб юритадилар ва ҳисобот тақдим этадилар.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, бухгалтерия ҳисоби субъектини белгилашда юқорида келтирилган меъёрий ҳужжатга амал қилишингиз зарур.».