Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 19 / Тадбиркорга ёрдам

Корпоратив карталар билан ҳисоб-китоб қилганда

 

Яқинда ташкил этилган кичик корхона ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва товар-моддий захираларни катта миқдорда сотиб олади. Ўз харажатларимиз, шу жумладан ТМБ харид қилиш харажатлари ҳақини тўлаш учун корпоратив карталардан фойдаланмоқчимиз. Шу муносабат билан бизда қуйидаги саволлар юзага келди: корпоратив карталарни қандай олиш ва улардан фойдаланиш мумкин? Улар ёрдамида амалга ошириладиган операцияларни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?

О.Дементьева,

бухгалтер.

 

Қандай расмийлаштирилади

Банк корпоратив карточкалари ёрдамида ҳисоб-китоб операцияларининг амалга оширилишини Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 1470-сон Низом) тартибга солади.

Корпоратив карталарни расмийлаштириш учун юридик шахс эмитент банк билан корпоратив карточкалар чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузади, у корпоратив картадан фойдаланган ҳолда ўзаро ҳисоб-китоб қилишга оид банк билан корхона ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Корхона раҳбарининг махсус корпоратив сўм карта ҳисобварағи (МКСКҲ) очиш ва корхонанинг реквизитлари, шу жумладан банк реквизитлари кўрсатиладиган корпоратив пластик карта (КПК) чиқаришга аризаси, шунингдек карта билан операцияларни амалга ошириш учун масъул ходимнинг маълумотлари шартномага илова қилинади.

Банк тақдим этилган аризага асосан 3 иш куни давомида (банк билан шартномага кўра бошқа муддат ҳам назарда тутилиши мумкин) махсус корпоратив ҳисобварақ очади, карточка тайёрлайди ва уни корхона раҳбари ёки ишончнома асосида унинг вакилига беради. Банк карта чиқаргани ва МКСКҲ очгани учун ўз тарифига биноан ҳақ (одатда, тўлов санасидаги МБ курси бўйича сўмда тўланадиган 20 евро) ундиради.

 

Картани кимнинг қўлига берса бўлади

Корпоратив карточкадан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳисобдор шахслар рўйхати корхона раҳбарининг буйруғи билан белгиланади. Улар мазкур ташкилот ходимлари бўлиши керак. Улар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади, унга кўра улар КПКдаги пул маблағлари сарфланиши, шунингдек бериладиган карта сақланиши учун жавобгарликни зиммаларига оладилар.

Корпоратив карточкалар хизмат вазифаларини бажариш учун зарур бўлган мутахассисларга берилади. Масалан, таъминот ёки логистика бўлими ходимига – товар-моддий бойликларни харид қилиш учун, реклама ёки сотув бўлими мутахассисига – реклама ёки маркетинг акцияларини, вакиллик тадбирларини ўтказиш учун, автотранспорт ҳайдовчисига – ЁММ, таъмирлаш ишлари ҳақини тўлаш учун ва ҳ.к.

 

Карта ҳисобварағини қандай тасарруф этиш мумкин

Шуни қайд этиш лозимки, корпоратив картага маблағларнинг илк бор ҳисобга киритилиши ва кейинчалик тўлдирилиши корхонада белгиланган тартибга кўра: раҳбар ёки у ваколат берган шахснинг ёзма ёки оғзаки фармойишига асосан амалга оширилади. Маблағлар тўлов топшириқномасига кўра карта ҳисобварағига ўтказилади. Ҳисобда уларнинг ўтказилиши ва ҳисобга киритилиши қуйидаги ёзув билан қайд этилади:

5540-«Корпоратив карточка» ҳисобварағи дебети

5110-«Ҳисоб-китоб счёти» ҳисобварағи кредити.

КПКдаги пул маблағлари ҳаракати банк кўчирмасига қараб кузатилади.

Бунда банк билан тузилган шартномада раҳбар, бухгалтер (мавжуд бўлганда) имзолаган карта ҳисобварағини тўлдириш реестрининг қўшимча равишда тақдим этилиши назарда тутилиши мумкин. Реестрдаги ҳамда тўлов топшириқномасига кўра ҳисобвараққа ўтказилган маблағлар мос келиши керак, акс ҳолда банк карта ҳисобварағига ўтказилган суммани корхонанинг депозит ҳисобварағига қайтаради.

Ҳисобда корпоратив карточка бўйича операцияларни қуйидагича акс эттириш лозим:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Корпоратив карточкага маблағлар ўтказилганлиги акс эттирилди

 

5540-«Корпоратив карточка»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Корпоратив карточка воситасида товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақи тўланди

 

4220-«Хизмат сафарларига берилган бўнаклар»;

4230-«Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар»;

4290-«Ходимларга берилган бошқа бўнаклар» ва б.

5540-«Корпоратив карточка»

 

Корпоратив карточка воситасида тўланган харажатлар ҳисобдор шахсдан ҳисобдан чиқарилди

 

0800-«Капитал қўйилмалар»;

1000-«Материаллар»;

2900-«Товарлар»;

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

9400-«Давр харажатлари» ва б.

4220-«Хизмат сафарларига берилган бўнаклар»;

4230-«Умумхўжалик харажатлари учун берилган бўнаклар»;

4290-«Ходимларга берилган бошқа бўнаклар»

Банкнинг воситачилик ҳақи ҳисобдан чиқарилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

 

Шуни қайд этиш лозимки, ҳисобдор шахсга корпоратив карта берилаётганда унга картани бериш пайтида эмас, балки у қилинган харажатлар тўғрисида ҳисобот тақдим этган пайтда бухгалтерия проводкалари қилинади. Бунда ҳисобдор шахснинг қарзи картага ҳисоблаб киритилган бутун суммада эмас, балки картадан сарфланган маблағлар суммасидагина акс эттирилади.

 

Карта воситасида нималарни тўлаш мумкин

Корпоратив карточкалар ёрдамида Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги ­54-сон Қарори билан тасдиқланган) назарда тутилган харажатлар тўланиши мумкин. Хусусан, унинг ёрдамида:

барча турдаги хом ашё ва материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар, ёқилғи ва энергия;

чет юридик ва жисмоний шахслар бажарадиган хизматлар ва ишлар;

асосий воситаларнинг жорий ижараси;

нормал меҳнат шароитлари ва хавфсизлик техникасини таъминлаш;

корхона ходимларининг хизмат сафарлари;

чет ташкилотларнинг бошқа хизмат ва ишлари ҳақи тўланиши мумкин.

 

Картадан тўланганлиги қандай тасдиқланади

Ишлатилган маблағлар бўйича ҳисобдор шахслар карта олинган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай қилинган харажатлар тўғрисидаги ҳисоботни бухгалтерияга тақдим этишлари шарт. У эркин шаклда расмийлаштирилади (тасдиқланган шакли йўқ). Бироқ ҳисобот корпоратив банк картаси воситасида пул маблағлари сарфланишига оид хўжалик операцияси амалга оширилганлигини акс эттирувчи бошланғич ҳисоб ҳужжати ҳисобланиши боис унда «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон, 13.04.2016 йилдаги ЎРҚ-404-сон Қонун таҳририда) 14-моддасида белгиланган қуйидаги мажбурий реквизитлар қайд этилиши шарт:

корхона (муассаса)нинг номи;

ҳужжатнинг номи ва рақами, у тузилган сана ва жой;

хўжалик операциясининг номи, мазмуни ва ўлчов бирликлари кўрсатилган миқдор ўлчови (натура ва пулда ифодаланган ҳолда);

хўжалик операциясини бажарган шахсларнинг (шахснинг) идентификация қилиш учун зарур бўлган фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари ёхуд бошқа реквизитлари кўрсатилган ҳолда лавозимлари номи ва имзолари.

Ҳисоботда унга қайси тасдиқловчи ҳужжатлар, масалан, слипларнинг асл нусхалари, электрон терминаллар квитанциялари, товар счётлари, контрагентларнинг ҳисобварақ-фактуралари, йўл чипталари ва бошқалар илова қилинаётганини ҳам кўрсатиш зарур.

Агар корпоратив карта маблағларидан хизмат сафари харажатларини, масалан, йўл чипталари, яшаш харажатларини тўлаш учун фойдаланилган бўлса, ходим хизмат сафаридан қайтгач 3 кун давомида ҳисобдор шахс, олинган ва сарфланган маблағлар суммаси, уларнинг қолдиғи ёки ортиқча сарфиёт ҳақидаги ахборот акс этган бўнак ҳисоботини тақдим этиши шарт. Бундай ҳисоботнинг тақдим этилиши, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган.

Ҳисобдор шахслар корпоратив карточкалар бўйича ҳисобот тузаётганда ва бошқа ҳолларда, агар корхонада ўзгача махсус шакл белгиланмаган бўлса, бўнак ҳисоботи шаклидан фойдаланишлари мумкин.

 

Чеклар йўқотилганда нима қилиш керак

Бу ҳолда ходим бўнак ҳисоботига терминал чеклари йўқотилганлиги тўғрисидаги тушунтириш хатини илова қилиши керак. Агар, масалан, у корпоратив карточка воситасида сотувда мавжуд бўлган ёзув-чизув товарлари ҳақини тўлаган бўлса, корхонада ташкил этилган комиссия тузган харид далолатномаси, ҳисобот ва чек йўқотилганлиги тўғрисидаги тушунтириш хати, шунингдек корпоратив карточка ҳисобварағидан банк кўчирмаси асосида уларни кирим қилиш мумкин. Бу ҳолда ходим учун ҳеч қандай оқибат юзага келмайди.

 

Корпоратив банк картасидаги маблағлардан иш ҳақини тўлаш учун фойдаланиш мумкинми

1470-сон Низомнинг 11-бандига мувофиқ, корпоратив карталардан иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тусдаги тўловлар (мукофотлар, нафақалар)ни тўлаш учун фойдаланиш тақиқланган. Шунингдек корпоратив банк карталари воситасида нақд пул берилишига йўл қўйилмайди.

 

Ходим корпоратив карта билан шахсий харажатларини тўлаганда нима қилиш керак

Бундай ҳолларда корхона раҳбари қарор қабул қилади – мазкур сумма ходим иш ҳақидан ушлаб қолинади ёки унинг даромади деб тан олиниб, унга ЖШДС солинади.

 

Корхонада корпоратив карталардан фойдаланиш тартибини белгилайдиган ички локал ҳужжатни тасдиқлаш зарурми

Корхона ички мустақил қарорига кўра бундай ҳужжатни қабул қилиши ёки қабул қилмаслиги мумкин. Кўпгина хўжалик юритувчи субъектлар ўз ҳужжатлари оборотига мувофиқлаштирган ҳолда корпоратив карталар билан ишлаш тўғрисидаги махсус низом кўринишида бундай ҳужжатни тасдиқлайдилар. Бундай ҳужжат кўп наф ва афзаллик беради. Корпоратив карталардан фойдаланишига рухсат берилган ходимлар: уларни олиш ва улардан фойдаланиш тартиби; карталарни ва улар билан боғлиқ бўлган махфий ахборотни сақлаш, шунингдек маблағлардан мақсадга кўра фойдаланмаганлик учун жавобгарлик; карта воситасида тўланиши мумкин бўлган харажатлар; карталарнинг сақловчилари тақдим этиши керак бўлган ҳисобот; банк картаси йўқотилганда (шикастланганда ва б.) қадамма-қадам амалга ошириладиган ҳаракатлар тўғрисида хабардор бўладилар. Корпоратив карталардан фойдалана оладиган ходимлар ушбу махсус ҳужжат (агар қабул қилинган бўлса) билан тилхат олган ҳолда танишиб чиққан ҳамда унинг қоғоз ва электрон версияси билан таъминланган бўлишлари шарт.

Намуна

 

Тасдиқлайман

___________________________________

(корхона раҳбарининг Ф.И.О., имзоси)

 

«___» ____________ 20 ____ й.

 

Корпоратив карталар билан ишлаш тўғрисида низом

1. Корпоратив карталар ходимларга эгаллаб турган лавозимларига қараб берилади. Тўлашга рухсат берилган харажатлар кўрсатилган лавозимлар рўйхати корхона раҳбарининг буйруғи (мазкур Низомга 1-илова) билан тасдиқланади.

2. Лавозимига қараб корпоратив банк карталари бериладиган ходимлар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома (мазкур Низомга 2-илова) тузилади.

3. Корпоратив карталар мазкур Низомга 1-иловада назарда тутилган хўжалик харажатларини тўлаш учун мўлжалланган.

4. Мақсадга кўра сарфланмаган пул маблағлари суммаларини карта сақловчиси қайтариши лозим ёки улар унинг даромадларидан ушлаб қолинади.

5. Картани сақлаш, ундаги пул маблағларини сарфлаганлик учун жавобгарлик ҳисобдор шахс – корпоратив карта сақловчиси зиммасига юклатилади.

6. PIN-код тўғрисидаги маълумотлар махфий ахборот ҳисобланади, картани сақловчилар уни учинчи шахсларга маълум қилишга ҳақли эмаслар.

7. Банк картаси сақловчиси ҳисоб бериш шарти билан корпоратив картани олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай корпоратив банк картаси воситасида сарфланган маблағлар тўғрисидаги ҳисоботни корхона бухгалтериясига тақдим этиши шарт.

Хизмат сафари харажатлари тўланганда карта сақловчиси хизмат сафаридан қайтгач 3 кун давомида ҳисобот тақдим этилади.

Барча ҳолларда ҳисоботга пул маблағлари сарфланганини тасдиқловчи бошланғич ҳужжатлар илова қилинган бўлиши керак.

8. Корпоратив карта йўқотилган (ўғирланган, шикастланган) ҳолда карта сақловчиси у йўқолганлиги ҳақида корхона раҳбарига дарҳол хабар бериши шарт, у операцияларни блокировкалаш мақсадида карта йўқолганлиги (ўғирланганлиги, шикастланганлиги) тўғрисида эмитент банкни ёзма равишда огоҳлантиради. Карта бўйича хизматлар кўрсатилиши эмитент банк билан тузилган шартномада белгиланган муддатда тўхтатилади.

 

Жавобни «Norma Ekspert»
мутахассислари тайёрладилар.

 

«Амалий бухгалтерия» («Практическая бухгалтерия») ЭМТ материалларидан фойдаланилди.

Прочитано: 10119 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика