Хусусий корхона 2015 йил апрелда жисмоний шахс билан майдони 42 кв.метрлик офис учун мўлжалланган нотурар жой хонасини бир йилга ижарага бериш шартномасини тузди. Ижара ҳақи ойига 350 000 сўмни ташкил этади. ХК ушбу суммадан 8,5%лик ставкада ЖШДС ушлаб қолиб, бюджетга ўтказган. Ушбу шартномани яна бир йилга янгилашни мўлжаллаяпмиз.
Солиқлар бобида муаммо юзага келмаслиги учун 2016 йилда ижарага берувчи жисмоний шахс билан нотурар жой хонасини ижарага олиш шартномасида қайси ижара ҳақини кўрсатиш лозим?
Л.Алиева,
ХК бухгалтери.
– «Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, ижара ҳақи ижара шартномасида томонларнинг ўзаро келишувига биноан белгиланади. Хонани ижарага беришдан олинадиган даромадларга солиқ солиш эса шартномада белгиланган, бироқ мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара ҳақининг энг кам ставкаларида ҳисобланганидан кам бўлмаган ижара ҳақи суммасидан амалга оширилади (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарорига 26-илова). Шу сабабли шартномада ижара ҳақи миқдори томонларнинг хоҳишига кўра энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган суммадан кўп ёки кам этиб белгиланиши мумкин. Бироқ солиқ солиш мақсадида сизга хонани ижарага берган жисмоний шахс даромадининг миқдори, агар ҳақиқатдаги ижара ҳақи белгиланган энг кам миқдордан паст бўлса, энг кам ставкаларда ҳисобланган суммагача қўшимча ҳисобланади.
Нотурар жой хоналарини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун 2016 йилга умумий майдоннинг 1 кв.м учун қуйидаги ойлик энг кам ижара ҳақи ставкалари белгиланган: Тошкент шаҳри учун – 6 000 сўм, Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар учун – 4 000 сўм, бошқа аҳоли пунктлари учун – 2 000 сўм. Агар корхонангиз, масалан, Тошкентда жойлашган бўлса, ЖШДС солиш мақсадида 2016 йилда жисмоний шахс даромади ойига 252 000 сўмдан (6 000 х 42) кам бўлмаслиги керак.
Корхона ижарага берувчи жисмоний шахснинг мулкий даромад тўлаш манбаи ҳисобланади. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш, ушлаш ва бюджетга тўлаш мажбурияти унинг зиммасига юкланади (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга энг кам ставкада (2015 йилда – 8,5%, 2016 йилда – 7,5%) солиқ солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). Бироқ уларга ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.