Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини амалга ошириш учун мавжуд захира ва имкониятларни жалб этишга доир кўрилган чора-тадбирлар самарасида жорий йилнинг I чорагида иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланди.
I. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар ва мамлакатни модернизация қилишни чуқурлаштириш, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш
2015 йилнинг I чорагига нисбатан ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 7,5 фоиз ўсди. Макроиқтисодий барқарорлик давлат бюджетининг ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицити, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси ва 2 фоизли инфляция даражаси ҳисобидан таъминланди.
Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоиз ўсди ва ЯИМ таркибида 36,1 фоизни ташкил қилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,7 фоиз, чакана товар айланмаси ҳажми 12,8 фоиз, қурилиш пудрат ишлари 19,4 фоизга кўпайди.
Хом ашё ва ярим фабрикатларни чуқур қайта ишлаш асосида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли замонавий ишлаб чиқаришларни фойдаланишга топширишни жадаллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида инвестициялар ҳажми 8,5 фоиз ўсди. Жорий йилнинг I чорагида ўзлаштирилган капитал қўйилмалар таркибида марказлаштирилмаган инвестициялар нисбатан катта ҳажмни (умумий ҳажмнинг 80,7 фоизи) ташкил этди. Шунинг 34,2 фоизи хўжалик субъектларининг ўз маблағларидир.
Хизматлар ҳажми 12,1 фоиз кўпайди, уларнинг ЯИМдаги улуши ўтган йилнинг шу давридаги 59,3 фоиз ўрнига 59,5 фоизга етди.
Ўзбекистон Республикасини
2016 йилнинг I чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари
(2015 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида)
Кўрсаткичлар
|
Ўсиш суръатлари
|
Ялпи ички маҳсулот
|
107,5
|
Саноат
|
107,0
|
Чакана савдо айланмаси
|
112,8
|
Қурилиш ишлари
|
119,4
|
Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми
|
108,5
|
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги
|
106,7
|
Жами хизматлар
|
112,1
|
Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 2015 йилнинг I чорагига нисбатан 14,4 фоиз ўсди ва 732 млн доллардан ортиқни, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 563 млн долларни ташкил қилди. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзлаштирилган маблағлар ҳажми 14,3 фоизга кўпайди.
Таркибий ўзгаришлар жараёнларини чуқурлаштириш ва саноат тармоқларини диверсификация қилиш натижасида жорий йилнинг I чорагида саноат маҳсулотлари кўпайишининг қарийб 80 фоизи ишлаб чиқарадиган саноат тармоқлари ҳисобидан таъминланди. Жумладан, кимё маҳсулотлари ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш суръати 29,4, озиқ-овқат маҳсулотлари 14,9, тўқимачилик буюмлари, кийим-кечак ва чарм маҳсулотлари 14,6, фармацевтика маҳсулотлари ва препаратлар 12,8 фоизга ошди.
Жорий йилнинг I чорагида 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида 534 лойиҳа бўйича қиймати 981,3 млрд сўмлик ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бунда импорт ўрнини босиш самарадорлиги 345 млн доллардан ошди.
Шу йилнинг ўтган даврида 2016–2020 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида 2,3 мингдан зиёд объект барпо этилди. Кўрсатилган хизматлар ҳажми 12,1 фоиз, хусусан, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 10,2, молия хизматлари 22,9, соғлиқни сақлаш хизматлари 14, автотранспорт хизматлари 15,7, савдо хизматлари 13,1 фоизга кўпайди.
Энергия сарфини камайтириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича йилига 280 млн кВт/соат электр энергияси, 26 минг Гкал иссиқлик энергияси ва 3,6 млн куб-метр биогаз ишлаб чиқариш кўзда тутилган манзилли тадбирлар ишлаб чиқилди.
Жорий йил I чорагида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини ўртача 9,4 фоиз қисқартиришга эришилди.
II. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш
Жорий йил бошидан буён қиймати 270 млн доллардан зиёд маҳсулотларни экспортга етказиб берадиган 583 янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 95 турдаги янги товарлар экспорт қилинди, 20 янги бозорга экспорт маҳсулотлари етказиб берилди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мева-сабзавот экспорт ҳажми (1,2 баробар), қора металл прокати (1,9 баробар), молибден маҳсулотлари (11 баробар), мис қотишмаси (1,8 баробар), аммоний сульфати (1,7 баробар), супрефос (2,6 баробар ), полиэтилен ҳажми (31 баробар) ўсди.
Кичик бизнес корхоналари ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида Маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш бюроси томонидан жорий йил бошидан буён 398 корхонага маслаҳат хизмати кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулот экспорти, халқаро ва давлатлараро талабларни жорий этиш бўйича 29 халқаро шартнома тузилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 250 тадбиркорлик субъектига қиймати 250 млн доллардан зиёд маҳсулотларни экспортга чиқаришга ёрдам кўрсатди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси орқали қиймати 150 млн доллардан ортиқ ўз маҳсулотини экспорт қилди.
Экспорт қилинган товар ва хизматлар умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100,1 фоизни ташкил қилди.
III. Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш
Жорий йил бошидан буён 2013–2020 йилларда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурига кўра, замонавий технологиялар асосида 500 км дан зиёд кенг полосали оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталини модернизация қилиш ва кенгайтириш ишлари давом эттирилди.
Давлат ахборот ресурслари сони 317 тага етди, давлат органлари ахборот тизимлари 484 тадан ошди, 270 турдаги интерактив хизматлар жорий этилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталига давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимиятининг 990 органи, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари уланган. Шу йил бошидан буён Ягона портал орқали 520 мингдан зиёд хизмат кўрсатилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 мартани ташкил қилди.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш дастурига мувофиқ, жорий йил биринчи чорагида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 13 мингта янги якка тартибдаги шинам уйлар қурилиши ва бу массивларни замонавий инфратузилма ҳамда бозор инфратузилмаси объектлари билан таъминлаш ишлари бошланди.
Жорий йилнинг I чорагида 2,1 млн квадрат метр, жумладан, қишлоқ жойларда 1,4 млн квадрат метр уй-жой, шунингдек, 205,2 км, жумладан, қишлоқ жойларда 162,3 км сув қувурлари барпо этилди.
IV. Хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат иштироки улушини босқичма-босқич камайтириш
Иқтисодиётда давлат иштирокини янада камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида шу йилнинг биринчи чорагида хусусий секторга қиймати қарийб 216 млрд сўмлик инвестиция мажбуриятини қабул қилиш шарти билан 178 давлат объекти сотилди. 6 йирик АЖ устав фондидаги давлат улушининг 15 ва ундан кўп фоиз ҳажми, жумладан, қўшимча акцияларни муомалага чиқариш орқали хорижий инвесторларга сотилди. Устав фондида давлат улуши бўлган АЖлар сони I чоракда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар, яъни 378 дан 209 тага камайди.
I чоракда тадбиркорлик фаолияти ва кичик корхоналар ташкил этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик бизнес субъектларига 3,6 трлн сўмлик кредит ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўпроқ, жумладан, 773 млрд сўмлик микрокредитлар ажратилди, халқаро молия институтларининг 40 млн долларга яқин кредит линиялари ўзлаштирилди. Ўзбекистон Банклари ассоциацияси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси кўмагида қиймати 10 млрд сўмлик 16 лойиҳа молиялаштирилди.
Ҳисобот даврида «ягона дарча» марказлари орқали 23 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатилди.
Хусусий тадбиркорликка товар ва хом ашё бозорларидан фойдаланишини кенгайтирилиши туфайли Республика товар-хом ашё биржасида давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб берувчи сифатида рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари сони 11 фоизга кўпайди, давлат харидлари иштирокчилари умумий сонида уларнинг улуши 98,3 фоизни ташкил қилди.
Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар шу йилнинг I чорагида 8,4 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъекти, уларнинг асосий қисми саноат ва қурилиш соҳасида (30,8 фоиз) ташкил қилинди. Бу эса, ЯИМда кичик бизнес улушини 2015 йилнинг I чорагидаги 41,7 фоиздан 43,1 фоиз, саноатда 32,6 фоиздан 37,3 фоиз, инвестицияларда 31,5 фоиздан 40,2 фоиз, экспортда 20,9 фоиздан 24,4 фоиз, бандликда 76,7 фоиздан 77,1 фоизга ошириш имконини берди.
V. Қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишни давом эттириш ва таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш
Шу йилнинг I чорагида 53,1 минг тонна сабзавот (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 110,6 фоиз) етиштирилди. Йил бошидан буён 95,1 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди. Шу давр мобайнида йирик шохли қорамоллар сони 11,5 млн дан ошди (2015 йилнинг шу даврига нисбатан 105,8 фоиз), 425,8 минг тонна гўшт (106,1 фоиз), 12,7 минг тонна балиқ (110 фоиз), 1 594,8 минг тонна сут (106,4 фоиз), 1 180,4 млн дона тухум (106,7 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
VI. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш
Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг I чорагида 167,4 мингта иш ўрни яратилди, уларнинг 57,7 фоизи қишлоқ жойлардадир.
Янги ташкил этилган иш ўринларининг 66,4 мингтаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, 36,7 мингтаси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобидан ташкил қилинди.
VII. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида шу йилнинг биринчи чорагида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, мустаҳкам, соғлом ва аҳил оилани шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида ушбу мақсадларга жами қарийб 1,3 трлн сўм йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил 15 январдаги Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берган ва хом ашё ресурсларини қайта ишлашни чуқурлаштириш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хусусий мулкчиликни ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз аҳолисининг тадбиркорлик даромадларини кўпайтириш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини изчил амалга ошириш келгуси йилларда иқтисодиётимиз барқарорлигини янада оширишни таъминлаш борасида муҳим вазифалар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасининг ахбороти асосида.