Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 19 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Шакллардаги ўзгартиришлар

 

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 21.04.2016 йилда 2439-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди («СБХ» бугунги сонининг ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда). Улар ҳужжат расмий эълон қилинган кундан – 2016 йил 25 апрелдан бошлаб кучга кирди.

 

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича (1-илова)

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш учун маълумотноманинг янги таҳрири тасдиқланди. Энди унинг 2 варианти мавжуд – мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар (уяли алоқа компаниялари) учун ва бошқа ташкилотлар учун. Уяли алоқа компаниялари томонидан рентабеллик даражасига боғлиқ ҳолда фойда солиғи ҳисоб-китобининг алоҳида тартиби белгиланганлиги муносабати билан янги ҳисобот шакли – Мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар (уяли алоқа компаниялари) томонидан рентабеллик даражасини аниқлаш маълумотнома-ҳисоб-китоби (Ҳисоб-китобга 11-илова) жорий қилинди.

Пластик карталарни қўллаган ҳолда ҳақ тўланадиган хизматларни кўрсатишдан олинган фойда ҳисоб-китоби ўз кучини йўқотди.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисоб-китобига ўзгартиришлар 2016 йилдан пластик карталарни қўллаган ҳолда ҳақ тўланадиган хизматлар кўрсатувчи корхоналар учун солиқ ставкаларини пасайтириш тарзидаги имтиёзларнинг бекор қилиниши, шунингдек чегирилмайдиган харажатлар таркибидан Солиқ кодексининг 143-моддасида назарда тутилган моддий ёрдамнинг чиқариб ташланиши муносабати билан киритилган.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича  (2-илова)

Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларга ҳамда Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга қўшимча киритилди. Уларга мувофиқ 2016 йилдан бошлаб қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришни амалга ошираётган қурувчи шахслар ва уларнинг мазкур кредитлар бўйича биргаликдаги қарз олувчи бўлган оила аъзолари томонидан олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтириладиган солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларига солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-банди).

 

Қўшилган қиймат солиғи бўйича (3-илова)

Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига киритилган ўзгартиришлар 2015 йилдан аҳолига сотиладиган табиий газга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС (Солиқ кодексининг 217-моддаси) бекор қилиниши, шунингдек 2016 йилдан иссиқ сув таъминоти (ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаган тақдирда) ва марказий иситиш учун тасдиқланган истеъмол нормаларидан ортиқ миқдорда аҳолига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси бўйича ҚҚСни (Солиқ кодексининг 220-моддаси) ҳисобга олишдан чиқариб ташланиши тўғрисидаги қоидалар жорий қилинганлиги билан изоҳланди. Иссиқ сув таъминоти бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тартибига ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Ҳисоб-китобга «Иссиқ сув таъминоти (ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаган тақдирда) ва марказий иситиш учун тасдиқланган истеъмол нормаларидан ортиқ миқдорда аҳолига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси бўйича ҳисобга олишдан чиқариб ташланадиган ҚҚС суммасига тузатиш киритиш» деб номланган янги 9-илова киритилди.

Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибига, муҳр мавжуд бўлган тақдирда, муҳр билан тасдиқланиши тўғрисидаги қўшимча киритилди. Эслатиб ўтамиз, кичик бизнес субъектлари учун думалоқ муҳрнинг мавжуд бўлиши шартлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

 

Акциз солиғи бўйича  (1-илова)

Ҳисоботнинг янги шакллари тасдиқланди. Агар илгари акциз солиғи солинадиган ҳар бир товар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобот тақдим этилган бўлса, энди қўлланиладиган ставкалар – адвалор (товар қийматига нисбатан фоизларда) ёки қатъий белгиланган (натура кўринишидаги ўлчов бирликларига абсолют суммада) ставкаларга қараб гуруҳланди. Акциз солиғи ҳисоб-китоби ва Табиий газ бўйича акциз солиғи ҳисоб-китобини қилиш пайтида чегириладиган акциз солиғи суммаси тўғрисида маълумотнома алоҳида-алоҳида шаклга ажратилди.

 

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича  (7-илова)

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китоби шакли юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёз тақдим этилган ташкилотлар томонидан тўлдириладиган маълумотлар билан тўлдирилди.

 

Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бўйича  (10-илова)

2016 йилдан мазкур тўловлар бўйича ҳисобот даври ой деб белгиланганлиги боис ҳисобот шакллари ҳам ўзгартирилди. Ўзгартиришлар киритилиши ҳисобот даврида микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ставкаларни қўллаган ташкилотларнинг ҳисобот йили якунлари бўйича ЯИТ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш тартиби жорий қилинганлиги билан ҳам боғлиқдир. Агар ҳисобот йили якунлари бўйича улар кичик бизнес тоифасига мансублик учун белгиланган ходимлар сони мезонларига мувофиқ келмаса, ЯИТга доир қўшимча ҳисоблашларни умумбелгиланган ставкалар бўйича амалга оширадилар.

 

Ягона солиқ тўлови бўйича  (13-илова) 

Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби шаклига киритилган ўзгартиришлар асосан пластик карталарни қўллаган ҳолда тўланган тушумлар бўйича хизмат кўрсатиш корхоналари учун белгиланган ЯСТ ставкаларининг пасайтирилиши тарзидаги имтиёзлар 2016 йилдан бекор қилинганлиги билан изоҳланади.

Таъкидлаш жоизки, муҳрнинг мавжуд бўлиши назарда тутилган барча солиқ ҳисоботи шакллари «М.Ў.» деган қисқартмадан кейин «муҳр мавжуд бўлган тақдирда» деган сўзлар билан тўлдирилди. Мазкур қўшимча кичик бизнес субъектлари учун 2015 йилдан муҳрнинг мавжуд бўлиши шартлиги бекор қилинганлиги муносабати билан уларга тегишлидир.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2301 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика