Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 16 / Хўжалик юритиш қоидалари

Қарздорга чора кўрилмагунча тўғри йўлга кирмайди

 

Компаниямиз контрагент билан оғир техниканинг олди-сотди шартномасини тузди ва унинг шартларига кўра 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлади. Товарни юклаб жўнатиш муддати ўтганда ҳам техникани олмаганимиз сабабли судга мурожаат қилдик. У низони кўриб чиқиб, қарздордан компаниямиз фойдасига товар учун тўланган барча маблағларни ва 46 000 000 сўм неустойкани ундириш тўғрисида ҳақ қилув қарорини қабул қилди.

Бироқ ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин, бироқ ижро варақаси ижрога тақдим этилгунга қадар қарздор ижрони, шу жумладан неустойка суммасини товар (ўша оғир техника) кўринишида қабул қилишни илтимос қилиб компаниямиз раҳбариятига мурожаат этди. Шу муносабат билан бир қатор саволлар юзага келмоқда. Биз суднинг ҳал қилув қарорини ижро этишга тақдим этишимиз шартми? Зеро, билишимча, суд ҳужжатларини бажармаганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Ёки қарздордан товарни, шу жумладан ундирилиши ҳукм қилинган неустойка суммасида ҳам қабул қилишимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, мазкур операцияларни қандай ҳужжатлар билан расмийлаштиришимиз зарур, охир-оқибатда суднинг ҳал қилув қарорини нима қилишимиз: суд ижрочисига беришимиз ёки судга қайтаришимиз керакми?

АЖнинг бош бухгалтери.

 

Ижро варақасини ижрога тақдим этиш ундирувчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади1. Шу сабабли акциядорлик жамияти тегишли суд ҳужжати асосида суд томонидан берилган ижро варақасини ижрога тақдим этишга мажбур эмас.

Суд ҳужжатларининг ижро этилмаганлиги учун жавобгарликка келсак, у суд ҳужжати билан зиммасига муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбурияти юкланган қарздорга нисбатан2 ёхуд суд ҳужжатларини ижро этиш органлари мансабдор шахсларининг фаолиятига, яъни қўзғатилган ижро иши доирасида амалга оширилаётган фаолиятга қарши ҳаракат қилаётган шахсга нисбатан назарда тутилган (07-сон Қарорнинг 11-банди).

Қарзни турли усуллар билан товар кўринишида олиш мумкин. Уларнинг айримларини кўриб чиқамиз.

 

Воз кечиш ҳақига розиман

ФКнинг 342-моддасига мувофиқ, мажбурият уни бажариш ўрнига воз кечиш ҳақини бериш, шу жумладан мол-мулк бериш билан бекор қилиниши мумкин. ФКнинг 234-моддасига мувофиқ, мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга (мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо) ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса – қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ФКда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Шу тариқа, олди-сотди шартномасига кўра юзага келган асосий ва қўшимча мажбурият, шу жумладан неустойка ҳам воз кечиш ҳақини бериш билан бекор қилиниши мумкин. Шу сабабли:

1) агар қарздор асосий қарзини сўндириш ҳисобига АЖга етказиб бермоқчи бўлган товар шартнома бўйича ҳақи тўланган товарга муносиб бўлса, у ҳолда акциядорлик жамияти шартнома шартлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ миқдорда, сифатда ва бошқа тавсифлари бўйича уни қабул қилишга ҳақли. Ушбу операцияни товарни қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштириш зарур. Тарафлар шартномада ва суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган неустойка суммасига воз кечиш ҳақини бериш тўғрисида битим тузишга ҳақлилар, унга кўра қарздор 46 000 000 сўмни тўлаш мажбуриятини турга хос аломатлари билан белгиланган тенг қийматли товарни етказиб бериш йўли билан ижро этади;

2) агар қарздор асосий қарзини сўндириш ҳисобига АЖга етказиб бермоқчи бўлган товар шартнома бўйича ҳақи тўланган товарга муносиб бўлмаса, у ҳолда тарафлар воз кечиш ҳақини бериш тўғрисида битим тузишга ҳақлилар. Унга кўра қарздорнинг асосий ва қўшимча қарзни тўлаш мажбурияти турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа тенг қийматли товарни етказиб бериш йўли билан ижро этилади.

Агар воз кечиш ҳақини бериш тўғрисида битим йирик битим аломатларига жавоб берса, уни амалга ошириш учун АЖ бошқаруви ваколатли органининг (акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув кенгашининг) олдиндан розилигини олиш талаб этилади (6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда 26.04.1996 йилдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 223-I-сон Қонуннинг 83 ва 84-моддалари, бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун).

Воз кечиш ҳақини бериш тўғрисида битим тузаётганда ижро варақасини суд ижрочисига бериш ҳам, уни судга қайтариш ҳам керак эмас. Мазкур ҳужжатни АЖ фаолиятига тааллуқли бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда камида 5 йил давомида сақлаш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Бироқ у хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб 6 ой ўтгач ўзининг юридик аҳамиятини йўқотади3. Шу сабабли қарздор воз кечиш ҳақини бериш йўли билан мажбуриятини ихтиёрий сўндириши учун муддатни белгилашда кўрсатилган 6 ойлик муддат доирасидан чиқмасликни тавсия қиламиз.

 

Келишувга эришамиз

Амалдаги қонун ҳужжатларида ижро ишини юритиш босқичида келишув битимини тузиш имконияти назарда тутилади (258-II-сон Қонун 37-моддаси 2-қисмининг 2-банди)4. Бунинг учун ундирувчи қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

1) ижро варақасини ижрога тақдим этиши (яъни ижро ишини қўзғатиш учун суд ҳужжатларини ижро этувчи тегишли органларга у билан мурожаат қилиши);

2) келишув битимини расмийлаштириши ҳамда ариза тақдим этиш йўли билан асосий ва қўшимча қарз суммаларини ундириш иши бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилган биринчи инстанция судига уни тасдиқлаш учун тақдим этиши (204-сон Қарорнинг 22-банди). Бу ҳақда суд ижрочисини у ижро ҳаракатлари амалга оширилишини кейинга қолдириши учун олдиндан хабардор қилган маъқул (258-II-сон Қонуннинг 33-моддаси).

Келишув битимининг ўзи 3 нусхада ёзма шаклда расмийлаштирилади ва тарафлар ёки келишув битимини тузиш ваколати махсус назарда тутилган ишончнома мавжуд бўлган ҳолда, уларнинг вакиллари томонидан имзоланади (ХПКнинг 52-моддаси)5. Ушбу нусхалардан биттаси иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади, қолган иккитаси келишув тарафларида қолади. Агар бундай битим йирик битим аломатларига жавоб берса, уни тасдиқлаш учун АЖ бошқаруви ваколатли органининг (акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув кенгашининг) олдиндан розилигини судга тақдим этиш талаб қилинади (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 83 ва 84-моддалари);

3) келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажримини суд ижрочисига тақдим этиши. 258-II-сон Қонуннинг 37-моддасига мувофиқ, келишув битими тузилиши ижро иши юритишни тугатиш учун асос бўлади.

Агар суд келишув битимини тасдиқлагандан кейин қарздор ундирувчи олдидаги мажбуриятларини бажармасликда давом этса, ундирувчи ижро ишини қўзғатиш мақсадида ижро варақасини олиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади (204-сон Қарорнинг 20-банди).

 

Зиёда Отахўжаева,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ юристи.

Алёна Курбанова,

«Ancora Consulting and Legal Service» АФ бошқарувчи ҳамкори.

 

 

Шунга эътибор қаратиш лозимки, экспертлар мазкур масалани тадқиқ этиш чоғида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқдилар. Шунга қарамай, ушбу жавобни расман берилган профессионал маслаҳат деб ҳисоблаб бўлмайди, балки берилган саволни англаб етиш асосида вазиятни ўрганган экспертларнинг аниқ фикрини ифодалайди. У муҳокама қилиш учун имконият қолдиради. Уни қўллаш олдидан муайян ҳолатларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ вазиятнинг самарали ечимини топиш мақсадида расмий профессионал маслаҳат олиш учун мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

 


1Хўжалик процессуал кодекси 213-моддасининг 1-қисми, шунингдек «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон, бундан кейин – 258-II-сон Қонун) 27-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ижро варақаси ижрога тақдим этилиши мумкин (лекин шарт эмас).

2МЖТКнинг 198-1-моддаси, ЖКнинг 232-моддаси 1-қисми, шунингдек ОС Пленумининг «Суд ҳужжатларини бажаришдан бўйин товлаш ва уларнинг ижро этилишига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарликка доир қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Қарори (10.04.2009 йилдаги 07-сон, бундан кейин – 07-сон Қарор) 11-банди. Бундан ташқари, Олий суд Пленумининг кўрсатилган Қарорига кўра, қарздорнинг жиноий жавобгарлиги номулкий хусусиятга эга бўлган, яъни пул маблағлари ёхуд мол-мулкни ундириш билан боғлиқ бўлмаган суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаганлик учун вужудга келади.

3Суднинг ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш белгиланганда кўрсатилган муддат тугаган санадан бошлаб 6 ой ўтгач, суд ўтказиб юборилган муддатни тиклаганда эса – бундай тиклаш санасидан бошлаб 6 ой ўтгач у ўз кучини йўқотади (ХПКнинг 213-моддасига қаранг).

4ОХС Пленумининг «Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида»ги Қарори (18.12.2009 йилдаги 204-сон, бундан кейин – 204-сон Қарор) 4-бандига ҳам қаранг.

5204-сон Қарорнинг 9, 10 ва 11-бандларига ҳам қаранг.

Прочитано: 1888 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика