Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

 

2016 йил 15 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йилнинг 15 январида республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

 

Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари кўриб чиқилди ва ҳар томонлама таҳлил қилинди. 2016 йил учун қабул қилинган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишларини тизимли ва изчил амалга ошириш туфайли жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсганлиги қайд этилди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,7 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 12,8 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.

Хизматларнинг замонавий турларини, энг аввало, ахборот-коммуникация технологияларига асосланган турларини жадал ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хизматлар ҳажмларининг 12,1 фоизга ўсишини ва уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2015 йилнинг биринчи чорагидаги 59,3 фоиздан 59,5 фоизгача кўпайишини таъминлади.

Жорий йилнинг биринчи чорагида кичик бизнеснинг 8,4 мингта ёки 2015 йилнинг шу давридагига қараганда 5,5 фоиз кўп янги субъекти ташкил этилди. Йил бошидан бошлаб кичик бизнес субъектларига 3,6 трлн сўм банк кредитлари берилди, ўсиш 2015 йилнинг 1-чорагидагига қараганда 1,3 бараварни ташкил этди.

2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини ошириш дастури доирасида 167,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 57,7 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, оналар ва болаларни тиббий парвариш қилиш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тадбирларини фаол амалга ошириш бошланди. Дастур тадбирларини молиялаштиришга жорий йилнинг биринчи чорагида қарийб 1,3 трлн сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.

Ҳозирги вақтда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсишининг қарийб 80 фоизи иқтисодиётнинг қайта ишлаш тармоқлари томонидан таъминланаётганлиги қайд этилди. Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг эътибори хом ашёни жаҳон бозорида талаб этилган тайёр маҳсулотга чуқур қайта ишлашнинг 3–4 босқичли циклларига ўтишни назарга тутувчи 2020, 2025 ва 2030 йилларга ҳисоблаб чиқилган саноатнинг етакчи тармоқларини ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни тугаллашни жадаллаштириш ва тасдиқлаш учун киритиш зарурлигига қаратилди.

Республиканинг бир қанча хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари, вилоятлари ва туманлари ҳокимликлари раҳбарлари олдига 2016–2020 йилларда мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини, рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш тадбирлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш ва қабул қилинган мақсадли параметрларга эришиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмлари 8,5 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар 14,4 фоизга ўсган. 2016 йилги Инвестиция дастури доирасида 368 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди, улар бўйича қуриш ва реконструкция қилишга пудрат шартномалари белгиланган тартибда тузилган. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 37 та янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида қурилиш ишларига ўсиб бораётган талабни ҳисобга олган ҳолда 2016 йилда 400 тадан ортиқ янги, молиявий барқарор ва зарур техника билан жиҳозланган қурилиш ва монтаж ташкилотлари ташкил этишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ва маҳсулотларнинг ташқи бозорларга кириб боришини зарур тарзда қўллаб-қувватлаш юзасидан Ўзбекистонда кўрилаётган самарали чора-тадбирлар экспорт ҳажмлари ўсиши тенденциялари ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлаётганлиги қайд этилди. Йил бошидан бошлаб олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 583 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, шунингдек, маҳсулотларнинг 95 та янги турини экспорт қилиш ўзлаштирилди.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига хорижий инвесторларни жалб этиш ва корпоратив бошқарув, шунингдек, давлат улушлари ва активларини, шу жумладан, «ноль» сотиш қиймати билан сотиш ҳисобига давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари амалга оширилиши чуқур таҳлил қилинди. Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 178 та давлат активи 216 миллиард сўмга яқин инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда хусусий мулкка сотилганлиги қайд этилди. Устав фондларида давлат улушлари бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 378 та ўрнига 209 тагача қисқарди.

 

Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2016 йил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2107 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика