Ишлатиб бўлингач, яроқсиз нарсага айланган батарейкаларни нима қилишади? Бу хусусда сира ўйлаб кўрганмисиз? Ана шу мўъжазгина, ялтироқ буюм одам учун ҳам, атроф муҳит учун ҳам кони хавф-хатардир.
Кўринишидан бежиримгина, безарар туюлувчи ана шу энергия манбаида симоб, қўрғошин, кадмий, никель, рух, қалай ва магний бор. Таассуфлар бўлсинки, МДҲ мамлакатларида бундай иккиламчи хом ашёни утилизация қилиш дастурлари йўқ ҳисоб. Шу боис, батарейкалар ишлатиб бўлинганидан кейин ахлат қутиларига ташлаб юборилади. Шаҳарлардаги аксарият ахлатхоналар фильтрловчи замонавий муҳофаза ускуналари билан жиҳозланмаганлиги сабабли, заҳарли ва зарарли металлар батарейка қопламаси барбод бўлганидан кейин ер ости сувларига тушиб уларни ҳам, кейинчалик тупроқни ҳам заҳарлайди. Ана шу заминда сабзавот ва мевалар етиштирилиши инобатга олинса, ўсимликларда тўпланиб борувчи бу металларнинг бир қисми одам ва жониворлар организмига тушиши турган гап. Уларнинг озгина миқдори ҳам қаттиқ заҳарланишга, ички аъзолар куйишига олиб келади.
Айтайлик, кадмий буйрак ва жигарни, ошқозоности безини ишдан чиқариши мумкин. Айрим маълумотларга қараганда у ўпка хўжайраларининг кенгайиб катталашиб кетишига ва саратон касаллигига мубтало этишга қодирдир. Одам танасида бундай, «ҳужумкор» модданинг ортиқча тўпланиши суякларни мўрт этиб қўйиши, қийшайтириб юбориши мумкин. Бу жараён кучли оғриқлар билан кечишини айтмайсизми?! Кадмий ҳаддан ташқари «безбет», «хира» эканлиги сабабли киши организмидан чиқиб кетиши қийин. Дарвоқе, уяли телефонларда ишлатиладиган никель-кадмийли батарейкалар шу маънода хавф-хатарнинг ғирт ўчоғидир.
Яқинда Беларусда бармоқсифат батарейкани ютиб юборган бир болани аранг қутқариб қолдилар. Ота-онаси бу ишдан бехабар қолган экан. Орадан 5 кун ўтиб, кислота ички аъзоларни ўртаб, куйдира бошлагач, билиб қолишибди. Шифокорлар бир неча соатга чўзилган операция ўтказиб, унинг ҳаётини сақлаб қолдилар. Ҳозир болакай тўғридан-тўғри ошқозонига ўтказилган найча ёрдамида озиқланмоқда, негаки унинг бўғиз ва нафас олиш йўллари ҳамда қизилўнгачи қаттиқ шикаст топган.
Шуни таъкидлаш жоизки, бармоқсифат битта жажжигина батарейка 1 кубометр тупроқни ёки 400 литр сувни заҳарлаши мумкин. Батарейка қопламасидан ҳоли бўлиб олса бас, қарийб 20 кубометр атроф маконни зарарли моддалар билан булғайди. Ҳар қандай батарейка ёки аккумуляторнинг устига кесишма чизиқ тортилган ахлат контейнери кўринишидаги белги қўйилиши бежиз эмас. Бу белги уларни бошқа маиший чиқиндилар билан бирга ташлаб юбориш мумкин эмаслигини бизга шундоққина эслатиб туради.
Батарейкалар таркибида оғир металлар, шу жумладан юқорида айтиб ўтилган ўта заҳарли симоб ва кадмий бор. Бу металлар алоҳида муомалани талаб этади. Бошқа тарафдан олганда, батарейкалар қимматбаҳо материаллардан тайёрланган. Мавжуд технологиялар ишлатиб бўлинган мини-аккумулятордан ҳамма металларни, шу жумладан никелни ажратиб олиш ва улардан металлургияда ёинки янги батарейкалар ишлаб чиқаришда яна фойдаланиш имконини беради. Шу зайил атроф муҳит ҳам камроқ жабр кўради, зарарли чиқиндилар ҳажми ҳам кўпаймайди (металлар бирламчи тарзда қайта ишланади), қолаверса уларни утилизация қилишдан дурустгина даромад қилиш мумкин.
Таассуфки, ҳозирча батарейкаларни МДҲ мамлакатларида қайта ишламайдилар, бундай иккиламчи хом ашёни қабул қилиш пунктлари ҳам йўқ. Нари борса батарейкаларни йиғиб олиб, нам тегмайдиган қуруқроқ жойда сақлайдилар. Ёмон томони эса, уларни бирон майдонга кўмиб ёки бошқа тонна-тонна чиқиндилар билан бирга ёқиб юборадилар. Натижада оғир металлар, хусусан, ўта заҳарли кадмий, симоб ва никель ҳаво бўйлаб чор-атрофга таралади. Бу эса хатарлидир.
Хорижда қандай йўл тутишади
Европа Иттифоқида батарейкаларни утилизация қилиш борасида ортиқча муаммо йўқ: барча дўконлар ва муассасаларда улар учун махсус контейнерлар қўйилган. Энергия манбаи сифатида савдога чиққан янги батарейкалар нархига уларни утилизация қилиш назарда тутилган ҳолда маълум фоиз устама қўйилган. Харидор янги маҳсулот сотиб олаётганда, эски батарейкаларини топширгудек бўлса, чегирма қилинади. Европада жами 40 яқин қайта ишловчи корхона ишлаб турибди, улар кимёвий манбаларига асосланган батарейка ва аккумуляторларнинг 45 фоизига қадарини утилизация қиладилар.
АҚШда батарейка сотадиган ҳар бир дўконда ишлатиб бўлинган батарейкаларни қабул қилиб олиш пункти бор. Батарейкаларни йиғиб олиш ва қайта ишлаш масъулияти тегишли маҳсулот сотувчилари ва дистрибьютерлари зиммасига юклатилган бўлиб, борадаги барча зарур тадбирларни маҳсулот ишлаб чиқарувчилар молиялаштирмоғи шарт. Қўшма Штатларда ҳар йили бундай элементларни қайта ишлаш миқдори 60 фоизга боради.
Японияда қайта ишлашнинг энг самарали усули ишлаб чиқилмоқда, шу боис ҳозирча батарейкаларни хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда тўплаб сақламоқдалар.
Масалан, аҳолиси чиқиндиларни алоҳида-алоҳида тўплашга ўрганган Германияда ҳар бир супермаркетда фойдаланиб бўлинган батарейкаларни қабул қилиш учун махсус контейнерлар ўрнатилган. Автомобили учун янги аккумулятор сотиб олар экан, харидор эскисини топшириши шарт қилинади. Акс ҳолда у катта миқдордаги жаримага тортилади. Мазкур мамлакатда сотилиб, ишлатиб бўлинган батарейка ва аккумуляторларнинг деярли 85 фоизи йиғиб олинади. Хусусан, 2013 йилда Германияда бундай зарарли металларни йиғишнинг 170 000 та шохобчаси мавжуд бўлган ва йил давомида сотилган батарейкаларнинг 50 фоиздан ортиғи қайта ишлашга юборилган.
«Аутсайдерлик» асосида ишловчилар ҳам бор: Греция, Руминия, Болгарияда ишлатилган батарейкаларнинг 2 фоиздан 11 фоизгачаси йиғиштириб олинади.
Батарейкаларни утилизация қилиш борасидаги энг юқори кўрсаткичлардан яна бири (80 фоиз) Австралияга тегишлидир. Маҳаллий корхоналар мустақил тарзда қайта ишлашнинг уддасидан чиқа олмайдиган бўлса, тўпланган маҳсулотлар Европага юборишади.
Европа Иттифоқи бундай товарлар муомаласини тартибга солувчи комплекс қонун ҳужжатлари ишлаб чиқиш устида жиддий иш олиб бормоқда, ҳозирги вақтда «Батарейкалар ва аккумуляторлар ҳамда батарейка ва аккумуляторлар чиқиндилари тўғрисида» махсус директива ишлаб турибди.
Батарейкаларни йиғиштириб олишнинг муайян тизими қарор топиши учун амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритилиши лозим. Батарейкаларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар зиммасига, ишлатиб бўлинган шундай маҳсулотларни йиғиштириб олиш ва қайта ишлаш мажбуриятини юкловчи қонун қабул қилинса, нур устига аъло нур бўлур эди.
Бу ишнинг бир тарафи. Сиз билан биз – истеъмолчилар тазйиқи остида батарейка ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар эски, ишлатиб бўлинган батарейкаларни йиғиб олиб қайта ишлашни йўлга қўйиши мумкин. Борди-ю, ўзимиз батарейкаларни камроқ сотиб олсак, улардан оқилона фойдаланадиган бўлсак (фотоаппаратлар ва энергия сарфини талаб этувчи бошқа қурилмаларнинг мини-аккумуляторларини телевизорлар пультларида ёки соатларда яна узоқ вақт ишлатиш мумкин), компаниялар маиший чиқиндиларни бажону дил қайта ишлаш учун қабул қилиб оладиган бўлади.
Булар табиатни ва келгуси авлодларни заҳарлашдек иллатдан тезроқ қутулишимизнинг бирдан бир кафолатидир.
Р.ИБРАГИМОВ.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.