Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 06 / Божхона

Ахборот технологиялари – божхона ривожи учун!

 

Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш ва тадбиркорларга кенг қулайликлар яратишга катта эътибор берилмоқда. Жумладан, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини янада такомиллаштириш ва шаффофлаштириш мақсадида соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, Интернет тармоғи орқали турли интерактив хизматлар кўрсатиш кўлами тобора ортиб бормоқда.

 

Божхона хизматининг сўнгги ўн йилига назар солинса, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга қаратилган ўнлаб муҳим ҳужжатлар, хусусан Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари мазкур тизим ишини замонавийлаштириш, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилганлигини кўрсатади.

Бугунги кунда ДБҚнинг www.customs.uz расмий-веб сайти орқали 9 та интерактив хизмат ва my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 10 та интерактив хизматлар аҳоли ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун кўрсатиб келинмоқда.

Мазкур интерактив хизматлар тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларимизга вақтни тежаш, қоғоз харажатларини камайтириш, божхона органларига бормасдан ўз иш жойларидан Интернет орқали керакли маълумотларни олиш ҳамда расмийлаштириш сингари ишларни амалга ошириш имконини бермоқда.

 

Божхонада товарлар электрон расмийлаштирилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 370-сон Қарори ижросини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш мақсадида ДБҚ томонидан «Электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ушбу тизим ТИФ қатнашчиларига қуйидаги бир қатор афзалликларни беради:

● электрон декларациялаш жараёнида тадбиркорлик субъекти божхона постидан узоқ масофада бўлишидан қатъи назар, Интернет тармоғи орқали амалга ошириш имкониятига эга;

● декларант ўз иш жойида ўтириб, бир нечта божхона пости билан товарларни декларациялай олади;

● ТИФ қатнашчиларининг керакли божхона тартиб-таомиллари билан боғлиқ бўлган вақти ва моддий харажатлари қисқаради.

«Электрон декларациялаш» тизими 2012 йил 31 декабрдан www.customs.uz сайтига интерактив хизмат сифатида жойлаштирилди.

2013 йилда божхона юк декларацияларининг 39,2%и электрон тарзда расмийлаштирилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 99,95%ни ташкил қилди.

 

Йўловчи божхона декларацияси – Интернетда

Чегара божхона постларидан ўтаётган жисмоний шахслар учун йўловчи божхона декларациясини божхона чегарасига келмасдан олдин Интернет тармоғи орқали юклаб олиш, электрон тарзда тўлдириш ҳамда чоп этиш имкониятлари яратилди. Ҳозирги кунда ушбу хизматни интерактив тарзда амалга ошириш юзасидан муайян ишлар давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган ёки ундан чиқиб кетаётган жисмоний шахслар энди йўловчи божхона декларациясини ДБҚ веб-сайтидан кўчириб олишлари мумкин.

Ушбу интерактив хизматни жорий этиш қуйидаги қулайликларни яратди:

● жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясини компьютер ёрдамида ўзларига қулай бўлган вақтда ва исталган жой (офис, иш жойи ёки уйда) тўлдиришлари мумкин;

● жисмоний шахслар божхона постларидаги йўловчи декларацияларини тўлдириш устунларида навбат кутиш, ўзлари танлаган тилдаги бланкаларни излаш каби жузъий муаммоларга дуч келишмайди, бу орқали вақт тежалади;

● йўловчи божхона декларациясини электрон шаклда тўлдириш вақтида йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўша вақтнинг ўзида тузатиш имконияти мавжуд.

Жисмоний шахслар йўловчи божхона декларацияси бланкасини кўчириб олиш ва тўлдиришдан аввал сайт орқали Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан танишиб чиқишлари ҳам мумкин.

 

Шартномаларни Интернет орқали ҳисобга олиш

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (21.07.04.2014 йилдаги 199-сон) билан тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо шартномаларини банкларда ҳисобга қўйиш амалиёти бекор қилиниб, Марказий банк, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига мазкур операцияларни электрон рўйхатдан ўтказиш вазифаси юклатилган эди. Ушбу топшириқ ижросини таъминланиб, эндиликда тадбиркорлик субъектлари ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни Интерактив давлат хизматларининг ягона портали орқали «Ташқи савдо операциялари ягона электрон автоматлашган ахборот тизими»га электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтказмоқдалар.

Мазкур хизмат 2014 йил 1 сентябрдан амалиётга киритилган бўлиб, ўша йил якунида 40% контрактлар ва уларга тегишли ҳужжатлар электрон тарзда қабул қилинган. 2015 йилда эса «Ташқи савдо операциялари ягона электрон автоматлашган ахборот тизими» орқали 50,5 мингдан ортиқ шартнома қабул қилиниб, жами шартномаларнинг 75%и электрон шаклда рўйхатга олинган.

 

Миллий ахборот тизимида – «Божхона» ахборот тизимлари комплекси

Давлат божхона қўмитаси томонидан «Божхона» ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам давом этмоқда. Мазкур комплекс унинг таркибига кирувчи «Авто», «Темир йўл», «Божхона тўловлари», ва «Божхона омбори» маълумотларини шакллантириш ҳамда миллий ахборот тизимига узатишни кўзда тутади.

Унинг асосий функциялари ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари автотранспорт воситалари (давлат рақами бўйича), темир йўл транспорт воситалари (вагон ва контейнерлар рақами бўйича) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайси божхона пости орқали ва қайси санада кирганлиги, божхона постига қачон етиб борганлиги ва чиқиб кетганлиги тўғрисида маълумотлар олиш имкониятини беради.

Бундан ташқари, ТИФ қатнашчилари томонидан ушбу тизим орқали товарларнинг божхона тўловлари бўйича он-лайн тарзда ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномасини кўриш ва чоп эттириш имкони мавжуд. «Божхона омбори» дастури орқали эса божхона омборлари рўйхати билан танишиш мумкин. Бунда божхона омбори номи, манзили, лицензия рақами, лицензия берилган вақт, лицензиянинг амал қилиш муддати ҳамда божхона омбори тури тўғрисидаги маълумотлар жамланган.

 

Тадбиркорнинг шахсий кабинети – Интернетда виртуал тарзда

Давлат божхона қўмитаси веб-сайтида «Тадбиркорнинг шахсий кабинети» интерактив хизмати жорий қилинган бўлиб, у орқали ТИФ қатнашчилари учун қўшимча 10 та интерактив хизматлар кўрсатилади. Ушбу хизматлар орқали тадбиркорлар ўзларининг электрон рақамли имзоси билан ўзларига тегишли бўлган барча маълумотларни олишлари, божхона расмийлаштируви жараёнини Интернет орқали назорат қилишлари мумкин.

Хусусан, «Тадбиркорнинг шахсий кабинети» интерактив хизмати доирасида тақдим этилган декларацияни божхона ахборот тизимига қабул қилиш, рўйхатга олиш ва расмийлаштириш муддатларини назорат қилиш мумкин.

 

Божхона «Бир ойна»си ишга тушади

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш учун божхона органларига замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича бир қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Шундай лойиҳалардан бири Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган «бир ойна» божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси Ҳукуматининг грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори (18.08.2014 йилдаги ПҚ-2224-сон) асосида ишлаб чиқилаётган божхона органларининг «Бир ойна» ахборот тизими ҳисобланади.

Мазкур тизим ишга туширилганда тадбиркорлик субъектлари ўз офисларидан чиқмай туриб божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган барча турдаги рухсатномалар, сертификатлар ҳамда лицензияларга электрон буюртма бериши ва уларни ваколатли вазирлик ёки идоралардан электрон шаклда қабул қилиб олиши учун тўлиқ имконият яратилади.

«Бир ойна» ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш 2016 йил 1 июлдан режалаштирилган.

Нигора ҒАНИЕВА,

ДБҚ Ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бошқармаси бош инспектори.

 

Прочитано: 3300 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика