2016 йил божхона кинологлари учун – юбилей йили. Вазирлар Маҳкамасининг «Миллий кинология марказини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори (24.10.1996 йилдаги 364-сон) билан ушбу ўзига хос хизматга тамал тоши қўйилган эди. 2000 йилда МКМ республиканинг ҳарбийлаштирилган идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун юқори малакали кинологлар ва хизмат итларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича базавий муассаса этиб белгиланди. Унинг базасида Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МХХнинг Чегараларни қўриқловчи қўмитаси, ФВВ учун наслдор итлар танланади ва юқори наслли итлар парвариш қилинади.
2002 йилдан бошлаб Марказ БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Маркази билан халқаро дастурлар бўйича кинологларни ўқитиш ва хизмат итларини тайёрлаш лойиҳаларини амалга ошириш бобида яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Чунончи, Минтақавий ваколатхона ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Марказининг Марказий Осиёдаги чегараларини мустаҳкамлаш бўйича «БОМКА» лойиҳаси, шунингдек икки тарафлама битимлар асосида чегарадош давлатлар ва қатор олис хориж мамлакатларининг кинологлари ўқитилди. Хусусан, 10 йил ичида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон божхона ҳамда чегара хизматларининг кинологлари учун 6 минтақавий ўқув курси ўтказилди.
2008 йил 3 июнда Жаҳон божхона ташкилоти ва Ўзбекистон ДБҚ МКМ ҳузурида Кинолог мутахассисларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун минтақавий ўқув марказини барпо этиш тўғрисида меморандум имзоладилар. Ушбу мақомнинг берилиши минтақа кинология хизматини ривожлантиришда МКМнинг хизматлари ва ҳиссасини эътироф этишдан далолат беради.
МКМда юқори малакали 25 йўриқчи меҳнат қилади, уларнинг 8 нафари Россия Федерацияси ИИВнинг Хизмат итларини тайёрлаш бўйича ихтисослашган мактаби, Венгрия, Францияда таълим олган ҳамда малака оширган. МКМнинг бир нечта йўриқчиси Австрия, Қозоғистон, Япония ва Россиянинг божхона маъмуриятлари ташкил этган ўқув семинарларида иштирок этган.
Марказда доимий равишда турли модуллар ишлаб чиқилади, кинологлар ва хизмат итлари билан ўтказиладиган амалий машғулотлар учун видеобаза яратилади. Бу ерда махсус тренажёрлар ва синфхоналар қурилган ҳамда жиҳозланган, қарийб 600 кв.метр майдонга эга бўлган усти ёпиқ ўқув–дрессировкалаш павильони қурилган. Усти очиқ ўқув – дрессировкалаш мажмуаси, юк ва енгил автомашиналар, автобуслар, темир йўл вагони, самолёт ва теплоходнинг ўқув макетлари қўйилган майдончалар, шунингдек ўхшатиб қурилган аэромажмуа мавжуд. Буларнинг ҳаммаси халқаро стандартларга мувофиқ келади. Бу ерда кинологлар, республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалари ишининг реал шарт-шароитлари ва ўзига хос жиҳатларига ўхшатилган амалий машғулотлар мунтазам равишда ўтказилади.
Шундай касб бор
Бугунги кунда божхона органлари фаолиятини кинологларсиз тасаввур қилиш мумкин бўлмаса керак. Улар ҳар бир чегара постида ўзларининг тўрт оёқли ёрдамчилари билан ҳамкорликда хизматни ўтайдилар. Ушбу итлар ёрдамида наркотик моддалар контрабандасининг кўп ҳоллари аниқланган.
Бу ерга итлар билан мулоқотда тажрибага эга бўлган кишилар ишлаш учун келадилар. Агар киши ҳайвонларни ёқтирмаса, ундан кинолог чиқиши амри маҳол. Зеро бутун иш вақтини ит билан ўтказишга тўғри келади. Нафақат хизмат тадбирларида ит билан бирга бўлади, балки уни боқиш, сайрга олиб чиқиш, унинг ва катагининг ҳолатини кузатиш ҳам даркор.
Хизматни бошлашдан аввал курсантларни танлаб олиш ҳамда уларни узоқ муддат назарий ва амалий профессионал кўникмаларга ўқитиш керак бўлади. Марказда итларни ўргатиш бўйича 6 спецификация мавжуд: наркотик ва портловчи моддаларни, қурол ва ўқ-дориларни излаб топиш, излаш-қутқариш, ҳимоя қилиш-қоровуллик ва изларни қидириш хизмати, «Антитеррор» хизмати. Жорий йилда «итбоп» ихтисосликлар рўйхатига пул купюралари (валюталар)ни излаш ҳам қўшилади.
Тўрт оёқлилар учун академия
Хизматга кираётган ҳар бир киши дастлабки профессионал тайёргарликдан ўтишдан ташқари кинологлар кейин ҳам ўз ихтисосликлари бўйича ўқишни давом эттирадилар. МКМга ишга келган ҳар бир кишига ит бириктирилади, у билан алоқа ўрнатиш керак. Таълим давомида Марказ мутахассислари улар бир-бирига мувофиқ келиш-келмаслигини кузатадилар. Зеро улар бир неча йил ҳамкор бўлишлари лозим, акс ҳолда уларнинг биргаликдаги иши самарали бўлмайди. Баъзида ит ходимдан фаолроқ бўлади ёки, аксинча, осойиштароқ бўлади. Шу сабабли МКМда бир-бирига мос тушадиган жуфтликлар танлашга ҳаракат қилинади.
Айтиш жоизки, тўрт оёқли «абитуриентлар»нинг ҳаммаси ҳам «итлар академиясининг тингловчиси» бўла олмайди. Ит аввал пухта ветеринария танловидан ўтади. Тўрт оёқли курсант ҳам маълум хислатларга эга бўлиши керак. Чунончи, портловчи моддалар ва қўлбола портловчи қурилмаларни излаб топиш учун ўргатилган ит мулойим, осойишта, вазмин ҳайвон бўлиши керак, у қўрқоқ бўлмаслиги, ўқ овозлари ва портлашлардан чўчимаслиги керак.
Ўқиш билан иш битмайди, олинган кўникмаларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш лозим. Шу боис, хизмат фаолиятидан ташқари, кинологлар ўз ёрдамчилари билан биргаликда мунтазам равишда ўзларининг фаолият йўналишлари бўйича синов топширадилар.
Ит ўткир тишли бўлиши керк
МКМда итхона ва идоралараро ветеринария клиникаси мавжуд. Клиника рентген кабинети, лаборатория, операция ва муолажалар кабинетини ўз ичига олади, ультратовушли ташхислаш ускунаси мавжуд. Зеро итлар ҳам баъзида касал бўлади. Чунончи, соғлом, югуриб чарчамайдиган ит ўргатиш, машғулотлар ёки сайрга чиқиш вақтида тишини синдириб қўйиши мумкин. Бу эса унинг хизматига таъсир қилади ва ҳатто муддатдан аввал ҳисобдан чиқарилишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли Марказда хизмат итларининг тишларини сақлаш ва уларни тиклаш муаммосига қизиқиб қолишди. Бир қатор махсус тадбирлар ўтказилди. Уларнинг якунларига кўра МКМ ва Тошкент тиббиёт академияси (ТТА) ижодий илмий-амалий ҳамкорлик тўғрисида битим имзолашди. Битим Марказ ҳамда ТТА ортопедик стоматология ва ортодонтия кафедраси томонидан биргаликда илмий-тадқиқот ишлари ўтказилишини назарда тутади.
Кафедра илмий ходимлари ва МКМ ветеринарлари Марказдаги барча итларни кўрикдан ўтказдилар. Бир неча ит тишида тошлар тўпланиб қолганлиги аниқланди. Кристалл лақабли немис овчаркасининг қуйи жағида битта курак тиши йўқ эди. Унда тиш имплантантини таянч қилган ҳолда металл коронка ўрнатиш бўйича ноёб операция ўтказилди.
Айтиш лозимки, ҳозирги вақтда МКМ божхона хизматида бўлган барча хизмат итларига чип қўйишни тўлиқ амалга оширди. Ҳайвонларни электрон идентификациялаш уларнинг териси остига ноёб индивидуал 15 белгили рақамдан иборат бўлган микрочипни имплантациялашдан иборат. Ушбу таомил оғриқсиз ўтади. Ҳайвонларни идентификациялаш халқаро тажрибасига асосланган, Европа Иттифоқи ва дунёнинг бошқа мамлакатларида амалга оширилаётган микрочиплашни бир қатор сабаблар тақозо этади. Хусусан, ҳайвонни алмаштириб қўйишга йўл қўймаслик мақсадида. Бунинг устига, микрочип ҳисобга олиш тизимини соддалаштириш имконини беради.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.