Алишер Навоийнинг ҳаёти, унинг давлат арбоби, Хуросоннинг нуфузли амири сифатида амалга оширган хайрли ишлари асрлар давомида ибрат мактаби бўлиб қолмоқда. Навоий ўз ҳаётининг катта қисмини халқ, одамлар хизматига сарф этди. Унинг:
Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами, –
мисралари нафақат ҳикмат, панд-насиҳат, шунингдек, бу улуғ мутафаккирнинг ўзи учун дастуриламал эди.
Маълумки, Алишер Навоий ижодиётининг мағзида, фалсафий-ахлоқий қарашларида инсон камолоти масаласи туради. Етук ахлоқсиз инсон камолоти тугал бўлмаганидек, ахлоқни такомилга етиштирувчи омиллардан бири – ҳиммат, саховат. |
Шу маънода, Алишер Навоийнинг эзгу амаллари, бунёдкорлик фаолияти, олимлар-у санъат, маърифат аҳлига кўрсатган беҳад мурувватлари, камбағал-у ғариблар учун ниҳоятда саховатпешалиги тўғрисида Мирхонд, Хондамир, Бобур, Восифий каби муаллифларнинг тарихий, мемуар асарларида батафсил маълумот берилган. Юқорида саналган китобларда жумладан қуйидаги мазмундаги қимматли маълумотлар учрайди: Навоийнинг ўзи томонидан бунёд эттирилган Халосия хонақосида кунига мингдан зиёд фақир ва мискинларга таомлар улашилган; ҳар йили муҳтожларга икки мингга яқин пўстин, босма чакмон, кўйлак-иштон, тоқия ва кафш улашилган; яна у Машҳадда Имом Ризо боғида Дор ул-ҳуффоз қурдириб, атрофида ҳар куни бева-бечора, муҳтож, заиф ва етимларга овқат бериш учун алоҳида уй солдирган. Бундан ташқари, Давлатшоҳ Самарқандий ўзининг «Тазкират уш-шуаро»сида Навоий ташаббуси ва ҳомийлигида барпо этилган 12 та иншоот ҳақида сўзласа, Хондамир эса «Макорим ул-ахлоқ» асарида юздан зиёд хайрия бино ва иншоотларини, шу жумладан, ҳовуз ва кўприклар қурилиши ҳақида хабар беради. Фахрий Ҳиротий ўз «Латоифнома»сида «Амир Алишер 370 хайрия биносини қурган» деб ҳисоб қилса, Сом мирзо «Туҳфаи Сомий» китобида бу сонга аниқлик киритади: «уч юз етмиштадан тўқсонтаси работлардир».
Алишер Навоий илм-фан ва санъат аҳлига, айниқса, эътибор берар, уларга катта маошлар тайинлабгина қолмай, уй-жойлар инъом этиб турарди. Энг қизиғи, Навоий буларнинг барини ўз маблағи эвазига амалга оширар, Султон Ҳусайн Мирзо хазинасидан ҳеч нима олмас эди, бу ҳақда Бобур «...Мирзодин нима олмас, балки йилда Мирзоға куллий маблағлар пешкаш қилур эрди», деб ёзади. Алишер Навоийнинг подшоҳ томонидан бериладиган маошга эҳтиёж йўқлигини қуйидаги рубоийсидан англаш мумкин:
Элдин менга гарчи ғайри заҳмат йўқ эди,
Айб эрмас агар, музд ила миннат йўқ эди,
Эл бердилар, аммо менга рағбат йўқ эди,
Шаҳ давлатидин буларга ҳожат йўқ эди.
Навоийнинг 1481 йилда ўзи томонидан ёзилган «Вақфия» асари унинг иқтисод борасида улкан салоҳият соҳиби бўлганлигини тасдиқлайди.
Аввало, «вақф» сўзининг маъносини тушуниб олмоқ лозим. «Вақф» бирор киши томонидан мадраса ёки масжид учун инъом қилинган мулк бўлиб, у ҳужжатлаштирилиб берилади. Вақф қилинган мулкдан мадраса мударрислари ва талабалар ёки масжидда хизмат қиладиган ходимлар фойдаланишган. Вақф қилинган мулк сотилиши ёки сотиб олиниши мумкин эмас эди. Вақфия сўзи вақфнома, вақф васифаси ёки вақф қилинган мулк ҳужжатлари маъносини англатади. Демакки, унинг бу асари ўзи томонидан вақф қилинган мулки ва улардан кимлар қандай фойдаланиши ҳақидадир. Хусусан, асарнинг иккинчи қисмида Навоий ўз мулкини бирма-бир тилга олади ва улардан келадиган фойданинг кимларга сарфланишини кўрсатиб беради. Улуғ шоир бу қисмда ўзи «Ихлосия» мадрасаси мударрислари ва талабалари, хонақоҳи шайхи, воизи, имоми ва бошқалари, «Дор-ул-ҳуффоз» гумбазидаги қорилар, шунингдек, ўзининг мадрасаси, масжид, хонақоҳ ва гумбази атрофидаги камбағаллар унинг мулкидан қандай фойдаланишларини батафсил ёритади. Диққатга сазовор томони, улуғ шоир ўзининг беҳисоб бойлигидан ўзи учун бир кишига етадиган кийим-кечак ва озиқ-овқат олиш билан кифояланарди. Қолган барча бойлигини оддий фуқаро, толиби илмлар, ободончилик ва давлат манфаати учун сарфларди. Бу нарса китобда аниқ кўрсатиб берилган бўлиб, у шу жиҳатдан ҳам тарихий қимматга эга.
Фахрий Ҳиротий Амир Алишернинг кундалик даромади 75 000 динор ва чиқими 15 000 динор деб кўрсатиб ўтади ва ҳар йили камбағалларга минг дона сарпо ажратишини баён қилади. Мирзо Ҳайдар унинг кундалик кирими 18 000 шоҳруҳий динор ва у бу даромаднинг ҳаммасини хайрли ишларга сарф этганлигини қайд этади. Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» асарида Амир Алишернинг вақф иншоотларига сарф бўлган харажатларни 500 туман деб кўрсатган. «Вақфия»дан маълум бўлишича, Навоий вазифадорлар ва ўқувчиларнинг ўзигагина буғдой, арпа ва ошлиқдан ташқари ойига 1 300 олтинга яқин маош тайинлаган.
Бобурнинг «Бобурнома»сида айтилишича, «Мунча бинойи хайрким, ул (Алишербек) қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай». Мазкур фикрлар Низомиддин Мир Алишернинг ниҳоятда тадбиркор, юксак иқтидорли, мол-мулкни тасаррруф этиш ишларидаги беқиёс маҳоратидан далолатдир. |
Дарҳақиқат, йирик мулкдор соҳиби мулкдан (у вақтнинг асосий бойлиги бўлган – ер ва сувдан) инсонпарварлик мақсадларида фойдаланди. У деҳқончилик ташкил этди ва бундан келган катта даромаддан бир оддий кишининг «иссиқ-совуғига» етарли қисминигина ўзида қолдириб, қолган ҳаммасини ўзи жамият учун керакли, деб ҳисоблаб, бинолар қуришга, мадраса, муаллим ва ўқувчиларнинг таъминотини яхшилашга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга ва ҳатто подшоҳга тортиқлар беришга сарф этади.
Бу ҳақда шоирнинг ўзи «Вақфия» асарида мана бундай деган эди: «...ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) ҳукми жиҳатидин ва таклифи сабабидин маош мазрааси (берилган ер-сув) ёбис (қуриб) қолмасин деб бирор нима зироатға иштиғол кўргуздум (деҳқончилик билан машғул бўлдим). Чун ул ишимда қила олғанча шариат жониби маръи ва инсоф тарафи малҳуз эрди, Тенгри иноятидан кўп маҳсуллар ҳосил ва ғаниматлар восил бўла киришди. Бу жумладин, ўз маошимга сойир авомдин (бошқа оддий кишилардан) бирининг маоши (тирикчилиги) ўтгунча иссиғу совуқ дафъи учун бир турма тўндаги мунга муносиб емакка қонеъ бўлиб (қаноат қилиб), қолғоннинг баъзисин ул ҳазратнинг мулозамати маслаҳати учун, келиш-боришқа ва навкар ва муталлақлар улуфасиға ва черик яроғига (подшоҳ атрофидаги хизматкорлар ва подшоҳга алоқадор кишилар ва қўшиннинг эҳтиёжларига) сарф қилдим ва баъзини анинг (подшоҳнинг) саботи давлати учун дуо, давоми салтанати учун тоат қилур мустаҳиқларга... еткурдум. Ва баъзиниким, жамиъ маунот ва борча таклифотдин ортти, – бинойи хайр бино қилдим».
Маълум бўладики, бағрикенг ва сахий, адолатли ва бунёдкор Навоий давлатнинг ҳимоячиси ва миллатнинг таянчи сифатида сабот билан ўз фаолиятини давом эттириб борди. Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро унинг фойдали насиҳатларидан фойдаланур ва унинг мазмунли ҳамда шарафли суҳбатидан мамнун эди. |
Бир ўринда Давлатшоҳ Самарқандий яна шундай дейди: «Унинг тўғри йўлдан борувчи фикри истадики, нимагаки эга бўлса, ортиқчасини яхши ва тоза ишларга сарф қилғай. У ўз молу дунёсининг энг тоза қисмини мамлакатда мадрасалар, масжидлар, работлар (йўлларда савдогарлар ва мусофирлар қўниб ўтадиган жойлар) ва шунга ўхшаш фойдали бинолар ва шифохоналар яратишга сарф этди. Амирнинг янги қурган биноларининг бир қанчалари Ҳиротдадур. Чунончи «Инжил» ариғи бўйидаги Масжиди жомеъ, хонақоҳ, шифохона. (Ҳиротдан ташқарида): «Работи Ишқ», «Работи Санг»; Шайх Фаридиддин Аттор қабри устида солинган иморат; «Работи Яздбод»ки, Нишопур атрофидаги кентларнинг биридадур; Гуласт булоғи – Хуросоннинг машҳур булоқларидан бири бўлиб, Тус вилоятининг юқорисидадур; бу булоқ суви Машҳадга келтирилдики, бу ишни бир неча подшоҳлар қилолмаган эдилар, бу ариқнинг узунлиги ўн тошға1 яқиндур... Ва бошқа иморатлар ва фойдали ишларким, амир қилғондур, уларни кенг равишда айтиб ўтиш мумкин эмас, саноқ ва ҳисобдан ортиқдур».
Ушбу тарихий маълумотлар Ҳазрат Навоий ўз мулкини ўрни-ўрнида сарф этганлигидан гувоҳлик беради: «Шундай воқеалар ҳам кўп бўлганки, ҳазрати Соҳибқироннинг девон кишилари (мансабдорлари) баъзи бир зарур харажатлар учун халқ устига зўр маблағлар (оғир солиқлар) юкламоқчи бўлганида, халқнинг қийналмаслиги учун ва бу ҳол салтанат тартибларига бузуқлик солмасин учун, у (Навоий) маблағларни ўз томонидан тўлаб юборар эди. Шу жумладан бири, бу сатрларни ёзувчига маълум бўлишича, 906 ҳижрий йили бошларида Султони Соҳибқирон Мозандарон вилоятиға ташриф қилган эди. Ҳукумат эгаси Амир Муборизиддин Муҳаммад Валибек жаноблари исмига Ҳирот шаҳри ва унинг атрофидаги аҳолидан зарур харажат учун юз минг динор кепакий ундириб етказиш ҳақида фармон келди. У жаноб (Валибек) шу маблағдан эллик минг динорини блукот (шаҳар атрофи) деҳқонлари ва чорвадорларидан ундириб, қолганини уй бошига ҳисоблаш асосида Ҳирот шаҳрида турувчилардан олишни мўлжаллади. Аммо ҳеч бир ишга (Валибек) давлатли Амирнинг (Навоийнинг) фикрисиз ва маслаҳатисиз дахл қилмас эдилар. Олий ҳазратнинг нойибларидан бирини чақириб, бу фикрни у кишига (Навоийга) етказди. Олий ҳазрат: «Бу фурсатда халқ устига ўринсиз пул (солиқ) солишни олий даражали Соҳибқирон давлатига муносиб кўрмайман», деди ва шу вақтдаёқ мазкур маблағни ўзининг хусусий пулидан берди. Халқ эса олий ҳазратни дуо қилиб, унга ҳисобсиз раҳматлар ўқиди» («Макорим ул-ахлоқ»). |
Шунингдек, мазкур китобда Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро подшоҳлиги замонида атоқли олимлар ва ҳурматга лойиқ санъат аҳлларининг даражаларини кўтаришда ва мартабаларини оширишда қўлдан келган қадар ҳаракат қилганлиги; талабаларнинг тинч, бемалол илм олишлари учун уларга нафақалар белгилаб, мадраса ва хонақоҳлар бино қилганлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни ҳам ўқиймиз: «Инжил» наҳри бўйига ниҳоятда зеб-зийнатли қилиб ишланган мадрасаи «Ихлосия» солинди ва ҳозирда, 906 ҳижрий йилида зўр донишмандлардан тўрт нафари у муборак жойда дарс билан мамнун бўлиб фахрланадилар ва унинг вақфидан тўлиқ ҳисса ва кўп насиба оладилар. Буларнинг исмлари: Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ Нишопурий, Қози Ихтиёриддин Ҳасан Турбатий, Амир Муртоз, Мавлоно Фасиҳиддин Муҳаммад Низомий. |
Хонақоҳ «Ихлосия»... ғоятда гўзал ва кўркам қурилган: бу ерда ҳам буюк олимлардан уч нафари дарс бериб турадилар: Амир Жамолиддин Атоуллоҳ Асилий, Амир Садриддин, Иброҳим Машҳадий, Хўжа Имомиддин Абҳарий.
«Шифоия»... ҳозир унда Мавлоно Ғиёсидднн Муҳаммад бинни Мавлоно Жалолиддин илми тибдан (табобатдан) дарс бериш билан машғул.
Мадрасаи «Низомия» Ҳирот шаҳрининг ичида бўлиб, бу жойда мазкур тарихда... Амир Бурҳониддин ва Мавлоно Каримиддин Даштбаёзий дарс бериш билан шуғулланадилар.
Мадрасаи «Хусравия» – Марв шаҳрида бино қилинган...
Донишманд арбобларнинг хотирида яширин қолмасинки, юқорида зикр қилинган биноларнинг шарофати ва баракати бутун дунёга шу қадар машҳурки, бундан зиёдани хотирга келтириб бўлмайди. Айниқса, «Ихлосия» мадрасаси билан «Халосия» хонақоҳи бино қилинган замондан бу кунга қадар йигирма йил муддат ичида дунёнинг ҳар тараф ва ҳар бурчагидан бу икки муборак жойга минглаб талабалар келиб, оз замон давомида турли илм ва фанларини ўрганишга муваффақ бўлиб, олқишлар ва мақташлар билан ўз ватанларига қайтганлар. У гуруҳлардан кўплари ҳозир Ҳирот шаҳрида мударрислик (профессорлик) мансаби билан фахрланадилар. Уларнинг баъзиларининг исмлари «Хулосат ул-ахбор» (Хондамир асари)нинг охирида ёзилган.
Хондамир яна Алишер Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк ва тўғон ҳамда 9 ҳаммом ва кўпгина масжидлар номларини келтиради.
Навоий бинолари Ҳиротда темурийлар қурган иморатлар қаторида фахрли ўрин эгаллайди. Навоийнинг вафотидан беш йил ўтгач, Ҳиротга Султон Ҳусайн Мирзо ўғилларининг меҳмони бўлиб келган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳикоя қилади: «Яна Ҳирийниким, рубъи маскунда (ер юзининг кишилар яшайдиган тўртдан бир қисмида) андоқ шаҳар йўқтур ва Султон Ҳусайн мирзонинг замонида мирзонинг тасарруфидин ва такаллуфидин (раҳбарлигидан ва тиришқоқлигидан) Ҳирийнинг зеб ва зийнати бирга ўн, балки йигирма тараққий қилиб эди, – кўрмак орзуси хийли бор эди. |
Навоийнинг ҳомийлик фаолиятидаги ўрнак бўларли мисоллар бениҳоя кўп. Инчунун, Бобур яна бу ҳақда: «илм ва фазл аҳлига Алишербек каби мураббий ва муқаввий маълум эмаским пайдо бўлмиш бўлғай», – дейди. Биргина Навоий кутубхонасида 70 дан ортиқ котиб ва рассомлар китобат санъати сирларини эгаллаб, ҳозирги кунда бутун дунёга донғи кетган ва жаҳоннинг турли музей ва нодир китоб фондларида сақланаётган қўлёзмаларни ўзларидан мерос қилиб қолдирганлар. Улар орасида Султонали Машҳадий, Абдужамил котиб, Маҳмуд Музаҳҳиб, Дарвеш Муҳаммад Тоқий сингари машҳур номлар бор.
Фикримиз бошида таъкидлаганимиздек, Навоийнинг баландҳиммат ва карам соҳиби эканлиги унинг бевосита ижодида ҳам гўзал бадиий тасвирлар ва мисраларга жо бўлган: «Саховат инсоният боғининг борвар шажаридур (мевали дарахти), балки ул шажарнинг муфид самаридур (фойдали ҳосили, меваси)», – дейди ижодкор «Маҳбуб ул-қулуб» номли фалсафий-ижтимоий мазмундаги дидактик асарида. Бинобарин, бобомиз наздларида инсонликнинг асоси – ҳиммат. Унингча, «ҳимматсиз киши эр сонида эмас, руҳсиз баданни киши тирик демас». Чунки «ҳиммат аҳлиғадур саховат ихтисоси (сахийлик хосдир) ва бу икки шариф сифат – валоят хоси. Саховат одамиға бадандур ва ҳиммат анга руҳ ва ҳиммат аҳлидин оламда юз минг футуҳ». Яъни ҳиммат аҳли саховатга қодир, ҳиммат ва саховат эса валийликнинг белгиларидандир. Саховат инсон учун бадан каби бўлса, ҳиммат шу баданнинг руҳи ва ҳиммат туфайли инсон юксак маънавий даражаларга эришади. Дарҳақиқат, ҳиммат ҳолини кашф этиш валоят чўққиларига етишишнинг нишонасидир. Шу сабабли ҳам Навоий «Насойим ул-муҳаббат» номли бошқа бир асарида ҳимматни валийликнинг шартларидан бири сифатида кўрсатиб ўтади. |
Хўш, ҳиммат инсонда қандай ахлоқий фазилатларни тарбиялайди? Аввало, «базли мавжуд» – ўзидаги нарсани бошқалар билан баҳам кўра олиш. Қолаверса, хасислик, бахиллик сингари иллатларни инсон табиатидан қувадиган куч ҳам ҳиммат ва саховатдир. «Сахий булутдир – иши хирмон, балки махзан бермак. Бахил мўрдур (чумоли) – даъби хўша (одати бошоқ), балки дона термак». Инсон табиатини бахилликдан покламай туриб камолотга эриштириб бўлмайди: «Соҳиби ҳиммат муфлислиқ била паст бўлмас, ҳимматсиз ганж топса, бийикларга ҳамдаст бўлмас».
Ҳиммат Навоийда нафақат инсоний хислат, фазилат, балки ижтимоий аҳамиятга молик фалсафий-ахлоқий категория даражасига кўтарилган. Чунки ҳиммат инсоннинг жамият билан алоқасини таъминлайдиган воситалардан биридир. Жамоа бўлиб яшаш инсонларнинг бир-бирлари учун таянч бўлишларини тақозо этади. Навоий наздида олий ҳиммат – ночор ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, зарур пайтда керакли ёрдамни кўрсатиш. Улуғ шоир «Ҳайрат ул-аброр»да ёзади:
Буки санга Тенгри ато айлади,
Қисм карам бирла сахо айлади...
Жуду саховат чоғи бухл этмагил,
Шукр замони доғи бухл этмагил.
Бухл эрур борча сифатдин хасис,
Лек сахо жавҳари асру нафис.
Навоий саховат кўрсатилиши керак бўлган инсонлар тоифасига, авваламбор, жамиятнинг кам таъминланган аҳоли қатламлари, камбағал-ночорлар, талабаларни киритган, ўшаларга биринчи навбатда ёрдам кўрсатилиши лозим деб билган. У истеъдодли толиби илмларни излаб топиш ва уларга илм чўққиларини эгаллашга кўмаклашиш, камбағалларга кийим ва таом улашиш ҳиммат йўлини тутганлар учун фарзи айн эканлиги ўзининг биз юқорида келтирган амалий фаолияти орқали исбот этгани ҳолда бу ҳақда шундай кимматли фикрларни ҳам ифода этган: «Ҳунарларни топмоқ – едурмакдур ва айбларни ёпмоқ кийдурмакдур. Ўз ўрнида берган эски тўн – саховат ва бемаҳал берган зарбофт чорқаб – ярамасликдир. Десангки, таоминг зоеъ бўлмағай – едур ва тиласангки, либосинг эскирмагай – кийдур». Ислом динига оид муқаддас китобларда ҳиммат, саховат инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, шафқат ва раҳмдилликни кучайтириши ҳақида қайта-қайта таъкидланади. Инсонларнинг бир-бирлари ҳолидан хабар олиб, зарур пайтда ёрдам кўрсатиш эса ижтимоий жипслик, якдилликни келтириб чиқаради. |
«Саховат, ҳиммат кўрсатишдан олдин, – дейди Навоий, – ким шунга ҳақиқатда муҳтож, ва лойиқ эканлигини аниқлаб олиш керак:
Эйки санга Тенгри насиб этти жоҳ,
Берди карам қилмоқ учун дастгоҳ.
Билки сахо қилғали кимдур муҳиқ,
Сийм берурга ким эрур мустаҳиқ.
Сочмоқ овуч бирла гуҳар от учун,
Нақд этак бирла мубоҳот учун.
Ақл ҳисобидин эрур бас йироқ,
Бухл бу жудунгдин эрур яхшироқ.
Кераксиз жойга ҳиммат кўрсатиш беҳуда исрофгарчилик бўлса, зарарли жойга саховат қилиш ижтимоий иллатларнинг урчишига олиб келади.
Кўриниб турибдики, Навоий учун ҳиммат нафақат ижодий мавзу, балки ҳаётий маслак ҳам эди. Авваламбор, унинг ўзи умр бўйи ҳиммат, саховат, карам, мурувват ғояларига содиқ қолган. Бунга юқорида унинг «Вақфия» ва бошқа асарларидаги ўз эътирофлари, шунингдек, замондошларининг қайдларида ҳам гувоҳ бўлдик.
Сирдарёхон ЎТАНОВА,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги
Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими.