Norma.uz

Байлашдингми – бажар

 

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Топшириқ берувчи (1-МЧЖ) ва вакил (2-МЧЖ) 2015 йил январида топшириқ шартномасини тузишди. Унинг шартларига кўра 2-МЧЖ ҳақ эвазига 1-МЧЖ номидан ва ҳисобидан нодавлат таълим муассасаси (бундан кейин – НТМ) биносини тахминан 50 млн сўмга шахсан таъмирлаш мажбуриятини олди. Топшириқ берувчи унинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини қоплаши ва 5 млн сўм ҳақ тўлаши керак эди.

Февраль ойининг бошида топшириқ берувчи олдиндан 20 млн сўм тўлади. Апрелда таъмирлаш якунланди ва у ишни бажарилган ишлар далолатномаси бўйича қабул қилди. Ўшанда топшириқ берувчи вакилга қолган 30 млн сўм ва 5 млн сўм ҳақни тўлади.

Май ойида у НТМ маъмуриятидан хат олди, унда томдан сув оқаётганлиги ва уни жорий таъмирлаш кераклиги маълум қилинган эди. Топшириқ берувчининг вакили жойга чиқиб, томни кўздан кечирди ва НТМ вакили иштирокида нуқсонлар далолатномасини тузди. Шундан кейин нуқсонни бартараф этиш сметаси тузилди ва ишлар қиймати 5 млн сўм деб белгиланди. Май ойининг охирида топшириқ берувчи вакилга сув оқишини ўз ҳисобидан бартараф этиш даъвоси билан мурожаат қилди. Бироқ у рад жавоби бериб, томни таъмирлаш билан ёрдамчи пудрат ташкилоти шуғулланганлигини ва барча даъволарни унга изҳор этиш лозимлигини айтди.

Томдаги нуқсонни ўз ҳисобидан бартараф этиб, топшириқ берувчи хўжалик судига вакилдан 5 млн сўм асосий қарз, 25 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш талаби билан мурожаат қилди.

 

ТОПШИРИҚ БЕРУВЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз 2015 йил январида НТМга тегишли бўлган бинони таъмирлашга вакил билан тузилган топшириқ шартномаси бўйича ўз мажбуриятларимизни тўлиқ бажардик – топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатлар, ҳақни тўладик. Бироқ май ойида томда нуқсон борлиги аниқланди. Биз ушбу далилни қайд этиб, вакилдан нуқсонни бартараф этишни талаб қилдик, чунки у Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 682-моддаси талабларига мувофиқ таъмирлаш ишининг сифатини кафолатлаган эди. Бироқ у ўз ишининг камчиликларини бартараф этишдан бош тортиб, уни учинчи шахс бажарганлигини рўкач қилди, лекин бу ҳақда бизни хабардор қилмаган эди. Шартнома бўйича ишни вакилнинг ўзи шахсан бажариши шарт эди. Шу сабабли даъвоимизни қондиришни сўраймиз.

 

ВАКИЛНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Топшириқ шартномаси шартларига кўра биз таъмирлашни 2015 йил апрелигача бажаришимиз керак эди. Биз уни ўз вақтида якунладик. Том ёпувчи мутахассислар йўқлиги туфайли биз март ойида томни таъмирлашга пудрат шартномаси туздик. Бизда том ёпувчилар йўқлиги ва ёрдамчи пудрат ташкилотини жалб этишимиз тўғрисида топшириқ берувчи билар эди, чунки унинг вакили таъмирлашнинг боришини назорат қилиб борди. Шу сабабли биз учинчи шахслар ишидаги камчиликлар учун жавоб бермаслигимиз керак деб ҳисоблаймиз. Даъвони рад этишни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, судга мурожаат қилишга сабаб бўлган далилларнинг тўғрилигини тасдиқлади. ФКнинг 817, 820 ва 822-моддаларига асосланиб, у даъво талабларини тўлиқ қондирди ва жавобгардан даъвогар фойдасига 5 млн сўм асосий қарз, 25 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундирди.

Апелляция ва кассация инстанциялари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

ФКнинг 817-моддаси биринчи қисмига кўра, топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади. Вакил тузган битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита топшириқ берувчида вужудга келади.

ФКнинг 820-моддаси иккинчи хатбошисига асосан, вакил ўзига берилган топшириқни ФКнинг 822-моддасида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, шахсан ўзи бажариши шарт. Унга мувофиқ, агар топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса ёки вакил топшириқ берувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вазият тақозоси билан мажбур бўлса, вакил топшириқнинг бажарилишини бошқа шахсга (ўринбосарга) топширишга ҳақли. Ушбу модданинг олтинчи қисмида айтилишича, агар вакилнинг ўринбосари томонидан иш юритилиши топшириқ шартномасида назарда тутилмаган бўлса, вакил ўз ўринбосарининг ҳар қандай ҳаракатлари учун жавобгар бўлади.

Топшириқ шартномасида вакил топшириқни шахсан бажариши шартлиги кўрсатилган. Уни бажаришни учинчи шахсга (ёрдамчи пудрат ташкилотига) ишониб топшириш назарда тутилмаган. Шу сабабли томнинг сифатсиз таъмири учун, ҳатто у ушбу ишни бажармаган бўлса ҳам, вакил жавоб беради.

Ушбу вазиятда вакил топшириқ берувчига ишларнинг бир қисмини учинчи шахсга ишониш тўғрисида қўшимча битим тузишни таклиф этиши ёки уни топшириқни бошқа шахсга ишонишидан хабардор қилиши мумкин эди. Бундан ташқари, вакил ёрдамчи пудрат ташкилоти билан шартномага асосан унга ишдаги камчиликларни бартараф этиш тўғрисида талаб билдириши мумкин эди. Ана шунда унинг томни таъмирлаш харажатлари ва суд чиқимларини тўлашига тўғри келмаган бўлар эди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1806 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика