Norma.uz

Қайта қуриш қоидалари

 

Турар жой соҳаси мутахассисларининг фикрича, кўп квартирали уйларда жойларни ноқонуний равишда қайта режалаштириш уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар орасида иккинчи ўринга даъво қилиши мумкин. Аслида ҳам, бугунги кунда дастлабки кўринишдаги квартирани топиш мушкул. Унда бирор нарсани ўзгартириш тўғри иш деган фикр ўрнашиб қолмоқда. Эртами-кечми квартира соҳибларида бунёдкорлик интилиши жўш уриб, улар қўлларига дрель, болға олиб, деворларни олиб ташлашга, муҳандислик коммуникацияларининг ўрнини кўчиришга, бирор жойни бошқаси билан қўшишга, бўлишга киришадилар ва ҳоказо. Бир сўз билан айтганда – яхшилашга уринадилар. Хаёлот оламининг жиловсиз парвози ўзбошимча қурувчини кўпинча эҳтимоллик чегарасидан олиб чиқиб, қонун ҳужжатларининг талабларини бузишга олиб келади. Улар 1.04.05-06 ШНҚ «Кўп квартирали уйларда биноларнинг мустаҳкамлиги хавфсизлигини таъминлайдиган жойларни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлашни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом»да (Давархитектқурилиш томонидан 23.03.2006 йилда 20-сон билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) назарда тутилган.

 

Қайта қуриш қўшнилар учун азоб-уқубатдир. Эрта тонгдан ярим кечгача шовқин-сурон ва тарақ-туруқдан тинчлик йўқлиги учунгина эмас. У уй аҳлининг хавфсизлигига таҳдид солади, чунки реконструкцияларнинг аксарияти рухсат берувчи ҳужжатларсиз амалга оширилади. Жой мулкдорларининг ҳуқуқлари бузилади. Кишилар битта том остида яшайдиган кўп квартирали уйда деворлар, коммуникациялар умумий – бундай ҳаваскорлик фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кўп квартирали уй бугунда катта қурилиш майдонини эслатади, унда ҳар ким ўзи хоҳишини амалга оширади. Офислар, дорихоналар, мини-маркетлар ва шу сингарилар сифатида фойдаланаётган нотурар жойлар мулкдорлари ҳам қайта қуришда улардан қолишмайдилар. Ҳар бир янги квартира соҳиби ҳам бирор нарсани ўзининг дидига кўра қайта қуришни ўз бурчи деб билади, лекин бу доим ҳам қонун ҳужжатларига мос келавермайди. Ўзбилармонлик ва масъулиятсизлик ҳисси вужудга келади. Квартирани қонунга хилоф равишда қайта қурган мулкдор жавобгарликка тортилганлиги тўғрисида лоақал бирорта далилни келтира олмайман. Ёки қонун ҳужжатларига риоя этмайдиган фуқароларни ўзбошимчалик билан қайта қурганлиги учун ҳаммасини дастлабки ҳолатга қайтаришга мажбур этишганлигини эслай олмайман. Ўзбошимчалик билан қайта режалаштиришлар тўғрисида суд даъволарини кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида ҳам ахборот деярли мавжуд эмас. Афсуски, Низом билан белгиланган назорат қилиш, ўзбошимчалик билан қайта қуриш учун жавобгарликка тортиш тартиби амалда ишламаяпти.

Ҳолбуки у турар жойни реконструкция қилишга лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ваколатли органнинг рухсатномасини олиш, техник назорат ўтказишни талаб қилади. Реконструкцияни якунлагандан кейин мулкдор давлат кадастрига ўзгартиришлар киритиш учун бу ҳақда ер ресурслари ва давлат кадастри органини хабардор қилиши шарт. Реконструкция чоғида йўл қўйган қонунбузарликлар учун жисмоний ва юридик шахслар жавобгарликка тортилишлари мумкин ва хонани ўз ҳисобларидан аввалги ҳолатга келтиришлари шарт.

Ваколатли органлар ушбу масалада фаоллик кўрсатмасалар, кўп қаватли уйлар аҳли тимсолида жамоатчилик назорати ўз сўзини айтиши мумкин ва шарт. Улар манфаатдор шахслар сифатида бундай далиллар аниқланганда жар солишлари учун ноқонуний қайта қуришдан ҳимоя қилиш механизмини билишлари лозим. Квартирани реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш пайтида нималар қилиш мумкин, нималарни эса қилиб бўлмайди? Ушбу жараённи ким назорат қилиши керак? Агар қўшнингиз рухсат олмасдан квартирасини қайта режалаштиришни бошласа ва аҳолининг яшаши учун хавф туғдирса, қаерга мурожаат қилиш керак? Бунинг учун қандай санкциялар назарда тутилган?

 

ТУРАР ЖОЙНИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ

Реконструкция битта ёки бир-бири билан боғланган бир нечта хонада қайта қуриш, яъни хоналарни қайта режалаштириш, квартира ичидаги муҳандислик коммуникациялари ва жиҳозлари ўрнини кўчириш (деворда тешик очиш ва тешик ўринларини ёпиш, тўсиқларни тўлиқ ёки қисман бузиш ва ҳоказо) билан боғлиқ қурилиш ишларини бажаришдир (Низомнинг 4-банди).

 

ҚУЙИДАГИЛАРГА РУХСАТ БЕРИЛАДИ

(Низомнинг 5-банди):

ёрдамчи жойларни қайта режалаштириш;

алоҳида хоналарга ажратиш мақсадида қўшимча тўсиқлар ўрнатиш ёки уларни ёндош хоналардан изоляциялаш;

хоналарни янада қулайроқ режалаштириш мақсадида тўсиқларни қайта ўрнатиш;

янги эшик ўринларини очиш (16-бандда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно) ва мавжудларини ёпиб ташлаш, шунингдек эшикларни очиш йўналишини ўзгартириш;

мавжуд дераза ўринларини кенгайтириш ва янгиларини очиш, шунингдек яшаш хоналари ва ёрдамчи жойларда мавжуд дераза ўринларини ёпиб ташлаш ­(16-бандда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно);

иситиш ва санитария-техник асбобларни қайта жойлаштириш (амалдаги меъёрлар талабларига риоя этган ҳолда).

 

ҚУЙИДАГИЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ

(Низомнинг 16-банди):

ошхона ёки санитария-техник узелни квартирадан пастда (юқорида) жойлашган яшаш хоналари (зал, ётоқхона) устида (остида) жойлаштирган ҳолда қайта режалаштириш;

тўсин плиталарига ҳисобланган юкламаларни оширган ҳолда қайта жиҳозлаш;

пойдеворларни, синч ёки бинонинг асос қобирғаси элементларининг мустаҳкамлик ва қаттиқлик тавсифларини ўзгартириш билан боғлиқ қайта жиҳозлаш;

бинони секцияларга ажратадиган капитал деворларда ёки ёнғиндан муҳофаза этадиган ҳисобланувчи пардеворларда эшик ўринларини жиҳозлаш ва ёпиб ташлаш;

бир учи билан дераза ўрнига таянадиган пардеворларни ўрнатиш;

ригеллар, тўсинлар ва прогонларнинг шикастланиши, алоҳида таянчларнинг кўтариш қобилияти заифлашуви, конструкциялар, томлар ва том остининг бузилиши, тўсинларнинг монолитлиги ва санитария узелларида гидроизоляциянинг яхлитлиги бузилиши билан боғлиқ ишларнинг бажарилиши;

деворлардан ўтадиган вентиляция, мўри ва газ каналлари тортишининг бузилишига ёки ёпилишига олиб келадиган ишларни амалга ошириш;

хоналарда темир қувурлардан мўрилар ва чордоқларда осма боровлар (мўрининг печка ўтхонаси билан туташувчи қисмлари) ўрнатиш;

ошхонадан яшаш хоналари, ҳожатхона ва ваннахоналарга эшик ўрнатиш;

марказий иситиш тизими устунларининг лойиҳадаги ҳолатини ўзгартирган ҳолда лоджияларни иситиш;

яшаш хоналарига киришни тўғридан-тўғри кўчадан ёки зинапоя ҳужрасидан кирадиган қилиб жойлаштириш;

уйдаги умумий муҳандислик тармоқлари (сув, газ, иссиқлик, электр таъминоти ва алоқа тармоқлари) ва ҳаво айлантириш тизимларини бузиш ёки техник тавсифларини бузиш билан боғлиқ қайта жойлаштириш;

туман архитектори билан келишмаган ҳолда бино пештоқини ўзгартириш билан боғлиқ қайта жойлаштириш.

 

ҚУЙИДАГИЛАР ТАҚИҚЛАНАДИ

(Низомнинг 20-банди):

шовқин-суронли ишларни соат 8.00 дан олдин бошлаш ва соат 21.00 дан кеч тугатиш;

реконструкция қилинаётган хоналарда тўсин плиталари ва зинапоя маршларига юкламаларнинг меъёрдан ошиқ бўлишига сабаб бўладиган ускуналар ва асбоблардан фойдаланиш;

ёндош хоналар ва қаватдан юқорида (пастда) жойлашган хоналарга зарар етказишни истисно этадиган махсус тадбирларсиз иш юритиш;

эвакуация қилиш йўллари, умумий фойдаланиладиган бошқа жойлар (зинапоя майдончалари, умумий йўлаклар, кириш йўлаклари, балконлар ва бошқа жойлар), шунингдек уйга туташ ҳудудни қурилиш материаллари ва (ёки) чиқиндилари билан тўсиб қўйиш ёки ифлослантириш;

қурилиш материаллари ва чиқиндиларини ўровсиз ташиш учун йўловчи лифтларидан фойдаланиш;

яшаш учун ва бошқа жойларда (лоджиялар, йўлаклар, санузеллар) тўсин плиталарига меъёрларда йўл қўйиладиган юкламалардан ошадиган ҳажмларда қурилиш материаллари ва (ёки) чиқиндиларини тўплаб қўйиш;

қурилиш материаллари ва (ёки) чиқиндиларини балконларда тўплаб қўйиш.

 

БУ – МУҲИМ

Турар жойнинг истеъмол хоссаларини яхшилашга йўналтирилган реконструкция тегишли лицензияга эга бўлган лойиҳалаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлганда амалга оширилиши мумкин. Бино пештоқи реконструкция қилинганда ҳужжатлар туман (шаҳар) архитектори билан келишилиши шарт (Низомнинг 6-банди).

 

ЖАВОБГАРЛИК

Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари ўзбошимчалик билан реконструкция қилганликлари ҳамда уни шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, лойиҳа ҳужжатлари ва Низом талабларидан чекинган ҳолда бажарганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Бундай далиллар аниқланган тақдирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари ёки туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш органлари томонидан далолатнома тузилади.

Далолатнома билан бир вақтда қонунбузарга ишларни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилади. Унинг нусхаси масалани белгиланган тартибда ҳал этиш учун ваколатли органга тақдим этилади.

Ҳуқуқлари бузилган шахс ёки тегишли давлат органининг даъвоси бўйича ўзбошимчалик билан амалга оширилган реконструкция суднинг ҳал қилув қарори билан уни амалга оширган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан аввалги ҳолатига ёхуд лозим даражадаги ҳолатга келтирилиши керак, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Жой мулкдори реконструкцияни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган мансабдор шахсларнинг ҳуқуққа зид ҳаракатлари устидан юқори орган ёки судга шикоят қилишга ҳақлидир.

Реконструкция қилиш чоғида йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар учун жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар (Низомнинг VI бўлими).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда, бошқа мамлакатларда, масалан, Россияда, мавжуд бўлганидек, хона (жой)ларни ўзбошимчалик билан реконструкция қилганлик, қайта жиҳозланганлик ва қайта режалаштирганлик учун санкцияларни назарда тутувчи аниқ меъёрлар келтирилмаган. Бироқ унинг 159-моддасида назарда тутилишича, турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умумий фойдаланишдаги жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланган ва нотурар жой мулкдорлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тегишли рухсатнома олмасдан ўзларига қарашли жойни ўзбошимчалик билан қайта қурган ёки ўзгартирган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар ҳамда бу жойни ўз ҳисобларидан аввалги ҳолатига келтиришлари шарт (Уй-жой кодексининг 16-1, 24-моддалари).

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 3095 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика