Norma.uz

Жадвалга асосан дам олиш

 

Ташкилот раҳбарияти таътиллар жадвалини тузаётганда ҳар бир ходимнинг хоҳишини ҳисобга олиши шартми?

Таътиллар жадвалида ходимнинг таътилга чиқиши аниқ санасини белгилаш керакми ёки календарь ойни кўрсатиш билан чекланиш мумкинми?

Б.Азизхонова,

МЧЖнинг кадрлар бўйича инспектори.

 

– Меҳнат кодексининг 144-моддасида белгиланишича, йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Амалдаги қонун ҳужжатларида таътилнинг бошланиш санасини ходим билан келишиш зарурлиги тўғрисида ҳеч қандай кўрсатмалар мавжуд эмас.

Бироқ МКнинг 144-моддаси учинчи қисмида таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак бўлган ходимлар тоифалари кўрсатилган. Уларга қуйидагилар киради:

● 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз она (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналар) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари;

● I ва II гуруҳ ногиронлари;

● 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар;

● 18 ёшга тўлмаган шахслар;

● таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганлар;

● жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимлар.

Ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.

Аммо осойишта ва барқарор ишчи вазиятни сақлаш ва ихтилофларга йўл қўймаслик учун иш берувчиларга таътиллар жадвалини тузиш чоғида ходимларнинг фикрларига қулоқ солишни ва уларнинг хоҳишларини ҳисобга олишни маслаҳат берамиз. МКнинг 144-моддаси бешинчи қисмида ҳам жадвалда белгиланган таътил вақтини ходим билан иш берувчининг келишувига биноан ўзгартириш имкони берилган.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида жадвалда таътил вақтини қандай кўрсатиш белгиланмайган. Амалиётда одатда унда фақат календарь ой кўрсатилади. Бироқ таътил бошланишининг аниқ санасини кўрсатиш ҳам қонун ҳужжатларига зид эмас. Шу сабабли таътилларни бериш ва улар жадвалини расмийлаштириш тартибини ҳар бир ташкилот мустақил равишда белгилайди.

 

Ленара ХИКМАТОВА,

касаба уюшмалари бирлашмаси Тошкент шаҳар кенгашининг етакчи юрисконсульти.

Прочитано: 1754 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика