Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 47 / Почта қутиси

Тиллани почтага ишонманг

Почта орқали оғирлиги 20 грамм бўлган 6 та заргарлик буюмини юборишди. Жўнатувчи уларни совға сифатида расмийлаштириб, қиймати ва олтин буюм эканлигини кўрсатмаган. Божхона жўнатмани олиб қўйди ва менга олиб қўйиш тўғрисидаги баённомани берди. Мен нима қилишим керак? Почтада менга қандай ёрдам беришни билмасликларини айтишди. Ушбу заргарлик буюмларини қандай қилиб олишим мумкин?

А.Абдураимов.

 

БИТТА ЖЎНАТМАДА УЧТА ҲУҚУҚБУЗАРЛИК

Хатингизда заргарлик буюмларини олиб қўйишга сабаб бўлган ҳуқуқбузарликларни кўрсатгансиз. Шуни қайд этиш жоизки, ушбу тоифадаги товарлар халқаро почта жўнатмаларида келиб тушганда бу хил ҳуқуқбузарликлар кўп учрайди. Шу муносабат билан бундай товарларни олиб ўтиш қонун ҳужжатлари билан қандай тартибга солинишини эслатиб ўтамиз.

1. Божхона кодексининг 164-моддасига кўра, Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки уларни нотўғри декларациялаш, яъни товарлар ҳақида белгиланган ёзма шаклдаги тўғри маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш товарларни мусодара қилиб, улар қийматининг 50%идан 100%игача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг чекланган нормалари1 билан умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган 5 тагача заргарлик буюмини акциз солиғини тўламасдан олиб киришга рухсат берилади.

3. Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига2 3-илова Жўнатилиши тақиқланган ва чекланган предметлар ва моддалар рўйхатини ўз ичига олган. Унга кўра, халқаро хатлар ва қиймати эълон қилинмаган посилкаларда тангалар, банк чипталари, кредит чипталари ёки даъвогарнинг бирор-бир қимматбаҳо буюмлари, йўл чеклари, платина, олтин ёки кумушдан ясалган буюмлар ёки ишлов берилмаган кўринишдаги қимматбаҳо тошлар, заргарлик буюмлари ва бошқа қимматбаҳо предметларни жўнатиш тақиқланади.

Божхона кодексининг 178-моддасига мувофиқ, божхона назорати пайтида топилган, ҳуқуқбузарлик буюми бўлган товарлар божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан холислар ҳозирлигида олиб қўйилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 290-моддасига кўра, божхона қоидалари бузилган тақдирда, башарти ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлмаса, жарима ундирилишини таъминлаш мақсадида унинг ашёлари (қимматли буюмлари) олиб қўйилиши мумкин. Ашё ва ҳужжатлар олиб қўйилганлиги хусусида баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд буюмларни кўздан кечириб чиқиш ёки маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳақидаги баённомаларга тегишли ёзув ёзиб қўйилади.

Агар сиз заргарлик буюмлари халқаро почта жўнатмангиздан нотўғри олиб қўйилган деб ҳисобласангиз, ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритишни таъминлаш чораси устидан юқори органга (мансабдор шахсга), прокурорга ёки судга мурожаат қилиб, шикоят беришингиз мумкин (МЖТКнинг 293-моддаси).

 

ҲУКМНИ СУД ЧИҚАРАДИ

Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 15.07.2009 йилдаги 200-сон Қарорига 1-илова) белгиланишича, мол-мулк олиб қўйилгандан кейин божхона органининг масъул мансабдор шахси томонидан бир сутка муддатда мол-мулкни сақлаш учун жойлаштириш масаласи ҳал қилинади. Чунончи, олиб қўйилган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, ҳар қандай турдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳидаги металлар – палладий, иридий, родий, рутений, осмий), қайта ишланмаган ва қайта ишланган табиий қимматбаҳо тошлар (олмослар, бриллиантлар, ёқутлар, зумрадлар, сапфирлар, шунингдек табиий марварид), ярим қимматбаҳо тошлар, таркибида қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, табиий марваридлар мавжуд бўлган маҳсулотлар сақлаш учун Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигига берилади.

Олиб қўйиш тўғрисидаги материаллар тегишинча мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган тегишли судга ёки органга (мансабдор шахсга) берилади.

 

Маълумот учун! Мол-мулкни олиб қўйиш, давлат мулкига ўтказиш ёки уларни йўқ қилиб ташлаш, баҳолаш (қайта баҳолаш) ҳамда сотиш ваколати берилган, олинган пул маблағларининг давлат бюджетига тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилишини таъминловчи давлат бошқаруви, назорат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг қонунийлиги устидан назоратни республика Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширадилар.

 

1МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2ЎзААА бош директорининг АВ томонидан 18.04.2011 йилда 2219-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1868 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика