Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 47 / Халқаро стандартлар сари

Куз халқаро стандартларни синчковлик билан ўрганиш даври

Ўзбекистон Бухгалтерлар федерацияси 10–12 ноябрь кунлари ҳар йилги анъанавий «Халқаро молия ҳисоботи стандартларининг 2015 кузги ўқувлари»ни ўтказди. Анжуманда 150 га яқин мутахассис иштирок этди. Тингловчиларнинг 36 нафари акциядорлик жамиятлари вакиллари эди.

 

Бу йилги ўқувлар мавзуси мамлакатимиз Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) тақозоси эди. Семинар иштирокчилари 4 та халқаро молиявий ҳисобот стандартини, хусусан: «МХҲСни биринчи қўлланиш» (1-сон МХҲС), «Адолатли қийматни баҳолаш» (13-сон МХҲС), «Жамланган молия ҳисоботи» (10-сон МХҲС) ва «Бошқа корхоналардаги иштирок ҳақидаги ахборотни очиб бериш» ­(12-сон МХҲС)ни муҳокама этдилар.

 

Кузги ўқувлар модератори, Ўзбекистон Бухгалтерлар федерацияси бошқаруви раисининг ўринбосари Оксана ­ОГНЕВЧУК:

 

– Мавзулар бухгалтерлар ва аудиторлар ўртасида олдинроқ ўтказилган сўров натижасида танланди. Фикри сўралганларнинг аксарияти ҳисобот борасида жаҳон миқёсидаги қоидаларга ўтишнинг дастлабки босқичида айни шу стандартларни тўғри қўллаш учун ҳам уларни тушуниб олиш зарур деб ҳисоблайдилар.

«Адолатли қийматни баҳолаш» деб юритилувчи 13-сон МХҲСни ўтган йилги ўқувларда муфассал кўриб чиққан эдик. Аммо мавзу бу йил ҳам ўз аҳамиятини йўқотганича йўқ. Шу боис уни яна ёритиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Биринчидан, бу галги ўқув иштирокчилари бошқа. Бу йил биринчи марта тадбирга Федерациямиз аъзоси бўлмиш бухгалтерлар ва аудиторлардан ташқари акциядорлик жамиятларининг вакилларини ҳам таклиф этдик. Зотан, халқаро молиявий стандартларга ўтиш бугунги кунда акциядорлик жамиятлари учун ҳам бағоят долзарб бўлиб турибди.

Иккинчидан, объектив қийматни баҳолаш мавзуси шунчалар долзарблик касб этмоқдаки, агар уни келаси йили ҳам ўқувлар кун тартибига киритгудек бўлсак, қизиқиш ҳозиргидан кам бўлмаслигига, саволлар «ёғилиб кетиши»га ишончим комилдир.

Маълумки, ўтган йили акциядорлик жамиятларига халқаро стандартларни мажбурий тартибда жорий этиш масаласи умуман кўтарилмаган эди. Бу йил эса, мамлакатимиз Президентининг Фармони билан акциядорлик жамиятлари зиммасига халқаро стандартлар бўйича тузилган молиявий ҳисоботларини эълон қилишга ўтиш мажбурияти юкланди. 2015–2018 йиллар ўтиш даври деб белгилаб қўйилди.

МХҲСга ўтиш давр тақозосидир. Хабарингиз бор, яқиндагина Тошкентда Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Ундан кўзланган мақсадлардан бири Ўзбекистонга чет эллик инвесторларни кенг жалб этишдан иборатдир. Ана шу Форумда бўлгани каби кузги ўқувларимизда ҳам, потенциал ажнабий ҳамкор ўз маблағларини нимага киритаётганлигини билиши, нимага тикаётганлигини кўриши лозим эканлиги таъкидланди. Халқаро стандартлар бўйича тузилган молиявий ҳисоботлар бундай ҳамкорга у ёки бу компания фаолиятидаги ҳақиқий манзарани шундоққина кўрсатиб беришга қодирдир.

Инвестор молиявий ҳисоботни ўқир экан, биздаги бизнес соҳасига инвестиция киритса, ўз инвестициялари келгусида қанақа дивидендлар келтиражагини чамалаши, ҳисоблаб чиқиши мумкин. Бугунги кунда жаҳонда бизнес соҳасига баҳо беришнинг ҳозирча халқаро молия ҳисоботи стандартларидан бўлак мақбул воситаси йўқ. Ҳамонки, инвестицияларни жалб этмоқчи эканмиз, инвесторга бир тўхтамга келиши учун керакли ишончли ахборотларни тақдим этмоғимиз лозим. Мабодо компания бундай ахборотни ўртоқлашишга тайёр эмас экан, унинг активларига қизиқиш бўлади деб кутиш ўринсиздир.

 

 

Семинарда чет эллик инвестор томонидан назорат қилинадиган, улушида хориж сармояси бўлган қўшма корхона ёки шуъба корхоналар, одатда, ҳисоботларни ташкил топган пайтидан бошлаб ҳам миллий, ҳам халқаро стандартлар бўйича тайёрлайдилар. Шу сабабли, тўла-тўкис МХҲСга ўтиш улар учун муаммо эмас.

Кузги ўқувлар иштирокчиси, Balton Trading (Asia) шуъба корхонасининг товар-моддий бойликлар ва асосий воситалар ҳисобини олиб бориш бўйича бухгалтер Элла Самедова айни ана шундай компаниялардан бирининг вакилидир. У газетамизга берган интервьюда хусусан қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: 

 

– Чет эл сармояси иштирокидаги компанияда ишлайман. Яқинда ҳамкоримиз талаби билан мен ишлаётган компания шуъба корхонага айлантирилди. Эндиликда бош корхонага тақдим этишимиз лозим бўлган ахборотларни МХҲС бўйича тайёрламоғимиз лозим. Шу боис мазкур семинардаги иштирок мен учун зўр иш, айни муддао бўлди. Стандартларни аллақаерлардан кўчириб олиб ўзингча ўрганиш бошқа-ю, амалиётчи мутахассисларнинг бизнинг реал воқеликда қўлланиш тажрибасига оид мисоллар асосидаги тушунтиришларини тинглаш бутунлай бошқа нарса. Биринчи қўлланиш ва адолатли қийматни баҳолаш масалалари бевосита менинг фаолиятимга тааллуқли, бинобарин мен учун ўта муҳимдир. Дарвоқе, муҳокамалар асносида ҳамкасабаларим томонидан кўтарилган бошқа масалалар ҳам мен учун қизиқарли бўлди. Ҳамма-ҳаммасини дилга жо қилмоқ керак. Зеро, бугун муҳокама этилаётган масала эртага ишимда, профессионал фаолиятимда кўндаланг бўлиб қолиши мумкин. Одам ўз малака ва билимини муттасил тўлдириб бориши керак деб ҳисоблайман. Кўп йиллик халқаро обрў-эътиборга эга компанияларнинг мутахассислари семинар олиб борганда-ку, инчунин.

Ўтган йилларда бўлгани каби бу йилги кузги учрашувлар мутасаддилигига катта тўртлик деб аталадиган «Ernst & Young», «Deloitte va Touche», «PricewaterhouseCoopers» сингари халқаро аудиторлик компанияларининг етакчи мутахассислари таклиф этилди.

Таассуфки, халқаро стандартларга ўтишнинг аҳамиятини ҳозирги кунда ҳам, ҳамма ерда ҳам тушунмоқдалар деб бўлмайди. Унинг зарурлигини тушуниб етган мутахассисларнинг фикрича, МХҲСга бўлган қизиқишни мамлакатимизда бўлиб ўтган Инвестиция форуми туфайли келиб чиққан тўлқин, замонасозлик замиридаги эпкин, эрта-индин унут бўлиб кетадиган ҳаракат деб қарамаслик керак. Тўғри, ҳисоботнинг янги шаклларига ўтиш чиндан ҳам мураккаб жараён. Шундай бўлса-да, барибир унга ўтишга тўғри келади. Бу иш ходимларни ўқитиш-ўргатиш теграсидаги қўшимча сарф-харажатлар билан, янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва уларни миллий тартиботчилар билан келишиб олиш ташвишлари билан боғлиқ эканлиги аён. Бироқ, мутахассислар қайд этиб ўтганидек, компания чиндан ҳам хорижий инвестицияларни жалб этишдан манфаатдор бўлса, чет эллик ҳамкорларни излаётган, янги-янги бозорларга чиқиш истагида бўлса, бу албатта, босиб ўтилиши лозим бўлган йўлдир.

 

Саида ЖОНИЗАКОВА,

бизнинг мухбиримиз.

Прочитано: 2181 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика