Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сон Қонуни ижроси юзасидан божхона органларида амалга оширилаётган чора-тадбирларни бевосита жойига чиқиб, кўздан кечириш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ИБК ва Тошкент шаҳар божхона бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ва ишлаб чиқариш корхоналари бўйлаб медиа-тур уюштирилди.
Медиа-тур давомида иштирокчилар юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда самарали фаолият юритаётган корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш асносида мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарасини аниқ мисолларда кўриш имкониятига эга бўлишди.
Журналистлар дастлаб Олмазор туманидаги «Orange Тextile» тўқимачилик корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди. 2008 йилда ташкил этилган ва хориждан келтирилган энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган мазкур корхонада 80 дан ортиқ ишчи ўринлари яратилган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида олиб кирилган технологик жиҳозлар учун корхонага божхона имтиёзлари қўлланилган. 10 га яқин турдаги тайёр газламаларни ишлаб чиқарувчи ушбу корхона маҳсулотларини МДҲ давлатлари, хусусан Россия, Украина, Қозоғистонга экспорт қилиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, биргина 2015 йилнинг ўтган 9 ойи давомида республикамизда ТИФ иштирокчиларига четдан олиб келинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган компонентлар учун божхона тўловларидан тақдим қилинган божхона имтиёзлари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,1%га ошди.
Мазкур имтиёзлардан фойдаланган ҳолда муваффақиятли фаолият юритаётган корхоналардан бири ушбу тумандаги «Оsiyo Batareya» Ўзбекистон-Туркия ҚК ҳисобланади. 2000 йилда ташкил қилинган мазкур корхонада 8 йилдан бери «Asia Plast» савдо белгиси остида иссиқ ва совуқ сув, иссиқлик ва канализация тизимлари учун полипропилен ва поливинилхлорид пластик қувурлар ишлаб чиқарилмоқда.
57 нафар ишчи ўрни яратилган мазкур корхонада 2008 йилда 50 турдаги товарлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунга келиб уларнинг тури 300 дан ошди. Сўнгги 5 йил давомида корхона томонидан қиймати 5 млн АҚШ долларилик 3 минг тоннадан зиёд тайёр маҳсулот МДҲ давлатлари, шунингдек Туркияга экспорт қилинди.
Товарларни божхонада экспортга расмийлаштириш жараёнлари масофадан туриб – тўлиқ электрон шаклда амалга оширилмоқда. Бунинг учун божхона органлари фаолиятига 30 дан ортиқ электрон ахборот тизимлари жорий қилинди. Улар кўмагида тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт ва импорт қилинадиган товарларни расмийлаштириш учун зарур бўладиган 30 турдаги рухсат этувчи ҳужжатлар божхона органлари томонидан бевосита ўша давлат органларидан олиш имконияти яратилди.
2015 йилнинг 9 ойи давомида республикамизда 99,9% божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилди. Товарларни электрон декларациялаш тартиб-таомилларининг жорий этилиши божхона расмийлаштируви жараёнини тезлаштириш, ТИФ қатнашчиларининг харажатларини қисқартириш, товарларни божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини камайтириш, тадбиркорлик субъектлари ва божхона органлари ходимлари ўртасида бевосита мулоқотни камайтириш имконини берди.
Медиа-турнинг навбатдаги манзили Сирғали туманидаги «Fayz Dekor Biznes» ва «Fayz Textile» Ўзбекистон-Британия қўшма корхоналари бўлди.
«Fayz Dekor Biznes» корхонаси 2006 йилда ташкил топган. Фаолиятининг дастлабки йилларида музқаймоқ, қандолат ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун хом ашё ва ингредиентлар импорти билан шуғулланган мазкур корхона 2008 йилдан бошлаб тайёр шоколад маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ҳозирда корхонада Германия, Италия ва Туркиядан келтирилган замонавий технологиялар асосида 40 турдаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда ва маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспорт қилинмоқда.
«Fayz Textile» ҚК эса 2007 йилда Европадан келтирилган замонавий технологиялар асосида ишга туширилган бўлиб, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва буюртмалар асосида матони 200 турдан ортиқ кўринишларда бўяш фаолиятини амалга оширади.
Медиа-тур якунида журналистлар «Тошкент-Аэро» ИБКнинг «Авиаюклар» ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Сергели» ТИФ божхона постлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
«Авиаюклар» божхона пости «Тошкент халқаро аэропорти» ДУК, «Ўзавиатехтаъминот» МТТМ, «Дори-дармон» АК, «Uzbekistan Airways Technics» ДУК, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАК ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хусусий корхона ва ташкилотларига тегишли товарларнинг ҳаво йўллари орқали экспорт ва импорт қилиш жараёнида божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширади.
Мазкур божхона постида «On-line» режимида ишлайдиган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш имконини берувчи, «бир дарча» тамойили бўйича экспортга етказиб беришлар билан боғлиқ механизм қўлланиб келинмоқда. Ушбу божхона постида божхона расмийлаштирувига зарур бўлган ҳужжатларни беришга ваколатли бўлган мутасадди идораларнинг вакиллари ҳам фаолият олиб бормоқдалар.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан 104 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари асосида 6,6 млрд АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги юкларнинг экспорт ва импорт операциялари расмийлаштирилган.
Медиа-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
ДБҚ Ахборот хизмати.