Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 31 / Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги олдидан

Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ 2015 ЙИЛНИНГ I ЯРМИДА ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ ЯКУНЛАРИ ТЎҒРИСИДА 

 

Мамлакатимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида биз, ҳар доимгидек, нафақат босиб ўтилган йўлга назар соламиз, балки бугунги кунда эришилган натижаларни ҳам таҳлил қиламиз.  

 

Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси эълон қилган, 2015 йил I ярми учун Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунларининг далолат берганидек, мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш ва модернизациялаш стратегиясини тизимли ва изчил амалга ошириш, унинг диверсификацияси ва рақобатбардошлигини таъминлаш туфайли, жаҳонда инқироз ҳолатлари сақланганлиги ва глобал иқтисодиётнинг ривожланиш суръатлари пасайганлигига қарамай, республикамизда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари ва макроиқтисодий мувозанат таъминланяпти.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада кенгайтириш ва келгуси йилларда иқтисодиётимизни барқарор юксалтириш учун мустаҳкам пойдевор яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2015–2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Ушбу дастур хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда унинг улуши ва аҳамиятини ошириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия истеъмоли ҳажмини камайтириш ҳамда энергия тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган еттита ўзаро боғлиқ стратегик дастурий ҳужжатни ўз ичига олган.

 

Жаҳонда биз ҳақимизда

«Ўзбекистон иқтисодиёти... мураккаб ташқи шароитда ҳам ўз барқарорлигини намоён этмоқда... 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш имконини берадиган хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади».

2015 йилнинг апрель-май ойларида Ўзбекистонга
ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармасининг
миссияси раҳбари жаноб Ражи Альмарзоки баёнотидан.

 

ИҚТИСОДИЁТНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИ

Жорий йилнинг биринчи ярмида барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаш, макроиқтисодий мувозанат ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиши таъминланди. 2014 йилнинг биринчи ярмига нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,1 фоиз, саноат маҳсулотлари 8,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 6,5 фоиз ўсди. Макроиқтисодиёт барқарорлигини янада мустаҳкамлаш давлат бюджети профицитининг ЯИМга нисбатан 0,2 фоиз ва мамлакат ташқи савдо айланмасининг 83,4 млн долларлик ижобий сальдоси ҳамда солиқ юкини ЯИМга нисбатан 17,7 фоиздан 17,4 фоизга изчил камайтириш орқали таъминланди.

Юқори иқтисодий ўсиш суръатлари жами ички даромадни 10,8 фоиз ошириш имконини берди. Шунингдек, истеъмол талабини рағбатлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар чакана савдо айланмаси ҳажмини 14,8 ва аҳолига пуллик хизмат кўрсатишни 10,4 фоиз оширишда ўз ифодасини топди.

Таҳлил этилаётган даврда 7,5 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш ва сервис объектларининг ташкил этилиши хизматлар ҳажмининг 13,1 фоиз ўсиши ва ЯИМда ушбу соҳа улушини 52,9 фоизгача ошириш имконини берди (2014 йилнинг биринчи ярмида 52,7 фоиз).

Банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада оширишга қаратилган дастурнинг амалга оширилиши тижорат банклари умумий капиталини 24,3 фоиз ва уларнинг активларини 27,6 фоиз ошириш имконини берди. Натижада мамлакатимиз банк тизими капиталининг етарлилик даражаси энг кам халқаро стандартлардан қарийб 3 баробар ошадиган, банк тизимининг ликвидлик даражаси эса энг кам талаблардан 2 баробар ортиқ даражада сақланди.

 

2015 йилнинг I ярмида Ўзбекистон Республикасини

ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари

(2014 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар

 

Ўсиш суръатлари

 

 Ялпи ички маҳсулот

 

108,1

 

 Саноат маҳсулотлари

 

108,1

 

 Истеъмол товарлари

 

113,5

 

 Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари

 

106,5

 

 Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми

 

109,8

 

 Қурилиш ишлари

 

118,0

 

 Чакана савдо айланмаси

 

114,8

 

 Пуллик хизматлар

 

110,4

 

 Жами хизматлар

 

113,1

 

 

Жорий йил бошидан буён Марказий банк томонидан қайта молиялаш ставкасининг 10 фоиздан 9 фоизга туширилиши I ярим йилликда тижорат банкларининг иқтисодиёт реал секторига кредит ажратиш ҳажмини 30,5 фоиз кўпайтириш имконини берди ва умумий ҳажмнинг 79,7 фоизини инвестиция мақсадлари учун узоқ муддатли кредитлар ташкил қилди. Хусусан, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида жорий йил бошидан буён технологик ускуна харид қилиш ва айланма капитални тўлдириш учун истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга тижорат банклари томонидан 2,2 трлн сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп кредит ажратилди. Натижада истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 13,5 фоиз, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 21,6 ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ишлаб чиқариш 8,3 фоиз кўпайди.

 

ИСТИҚБОЛ УЧУН инвестициялар

Ҳудудлар саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши самарасида I ярим йилликда ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажми 18 трлн сўмни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоиз ошди.

Ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари билан бирга инвестициявий фаолликнинг ўсиши қурилиш ишлари ҳажмини 18 фоиз ошириш имконини берди.

Ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 1,5 млрд доллари ёки 21,3 фоизини хорижий инвестиция ва кредитлар (ўсиш 11 фоиз), жумладан, 1,2 млрд долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ўсиш 10,9 фоиз) ташкил қилди. Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзлаштирилган маблағлари ҳажми 5,6 фоиз ўсди ва 225 млн долларни ташкил этди.

Ўзлаштирилган энг кўп инвестициялар ҳажмини хўжалик субъектларининг ўз маблағлари ташкил қилди (умумий ҳажмнинг 32,3 фоизи) ва бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 31,8 фоиз ўсди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича тармоқ дастурлари, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар фаол амалга оширилаётганидан далолат беради.

Жорий йил бошидан буён Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 160,9 млн долларлик 63 лойиҳа амалга оширилди. Махсус ташкил этилган индустриал зоналарда 2015 йил бошидан буён умумий қиймати 16,1 млн долларлик 5 лойиҳа, жумладан, тикув машиналари, автомобиль тормоз колодкалари, метизлар, металл профиллар, полипропилен қувурлар, фитинглар, вентил ва аксессуарлар ҳамда бактериялар ва вирусга қарши дори препаратлари ишлаб чиқариш ҳаётга татбиқ этилди.

Умуман, мамлакатимизда жорий йилнинг I ярмида 1 866 ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди ва уларда 24,8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Энг кўп лойиҳалар қурилиш материаллари саноатида (666 лойиҳа), озиқ-овқат саноатида (461), тўқимачилик ва тикувчилик саноатида (337), мебель саноатида (169), кимё ва нефткимё соҳасида (149) амалга оширилди. Бундан ташқари, йирик корхоналарда қиймати 43,3 млн долларлик 819 та маънан ва жисмонан эскирган ускуналар алмаштирилди. Бу эса йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини ўртача 9,6 фоизга камайтириш, саноатда меҳнат унумдорлигини 6,4 фоизга ошириш ва ЯИМда энергия сарфини 10,4 фоизга қисқартиришга имкон берди.

 

MADE IN UZBEKISTAN

Республика инновация ғоялари ва ишланмалари ярмаркалари давомида тузилган шартномалар доирасида I ярим йилликда 3 ишланма бўйича янги технологиялар ишлаб чиқаришга жорий этилди, 17 ишланма бўйича саноат-тажриба маҳсулотлари намуналари ишлаб чиқарилди ва 2 шартнома бўйича намуналар тажриба синовидан ўтказилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарига 10 шартнома бўйича илмий ва таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқарилган илмталаб маҳсулотлар етказиб берилди, 15 шартнома асосида илмий-техник хизматлар кўрсатилди.

Саноатни барқарор ривожлантириш, саноат тармоқларини диверсификация қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишни таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида I ярим йилликда карбамид (2014 йилнинг шу даврига нисбатан 119,2 фоиз), суперфосфат (183,9 фоиз), юк автомобиллари (127,6 фоиз), портландцемент (112,6 фоиз), шакар (153,1 фоиз), ёрма (192 фоиз), ипак тола (163 фоиз), трикотаж буюмлар (2,1 баробар), махсус кийим (164,3 фоиз) ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш сезиларли равишда кўпайди. Бунинг натижасида ҳисобот даврида биржа савдоларида цемент (2014 йилнинг шу даврига нисбатан 129,5 фоиз), минерал ўғитлар (154,4 фоиз), суюлтирилган газ (119,9 фоиз), қора металл прокати (125,6 фоиз), пахта линти (135,2 фоиз) сотиш ҳажми ошди.

Бу борада юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган енгил саноат (ўсиш 114,2 фоиз), ёғочни қайта ишлаш (113,8 фоиз), озиқ-овқат саноати (116,9 фоиз) каби қайта ишлаш тармоқлари жадал ривожланди. Тўқимачилик соҳасида ўтган даврда 38 турдаги янги маҳсулотлар ва тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларининг 174 янги моделини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчилар 105 турдаги янги қандолат, консерваланган мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришди.

Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва турини кенгайтириш имконини берди. Дастур доирасида 608 маҳаллийлаштириш дастури бўйича қиймати 1,6 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 640,6 млн дан ортиқ долларни ташкил қилди. Бу борада 585 турдаги янги маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ва йирик саноат корхоналари учун четдан олиб келинадиган бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир чора-тадбирлар самарасида жорий йилнинг биринчи ярмида импорт ҳажмини 196,8 млн долларга қисқартиришга эришилди. Жорий йил бошидан буён 493 янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди. Қиймати 64 млн доллардан зиёд 168 турдаги янги товарлар экспортга етказиб берилди. Улар қаторида автобуслар, оқ цемент, мис қувурлар, гигиена буюмлари, суюқ ва газсимон аргон, лок-бўёқ маҳсулотлари, травертин ва сопол кошинлар, маиший газ, электр ва комбинацияланган плиталар ва бошқа товарлар бор.

Мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга доир чора-тадбирлар самарасида 14,7 минг тонна сиғимга эга 21 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди, 255 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди.

I ярим йиллик якунлари бўйича 1,3 млн тонна картошка (ўсиш 109 фоиз), 2,6 млн тонна сабзавот (108,5 фоиз), 163 минг тонна полиз маҳсулотлари (108,1 фоиз), 839,2 минг тонна мева (107,3 фоиз) ва 24,3 минг тонна узум (109,1 фоиз) етиштирилди.

21,8 минг гектар майдонда интенсив боғлар ва 16,6 минг гектар ерда узумзорлар барпо этиш ҳамда уларни реконструкция қилиш, шунингдек, 501 фермер хўжалиги базасида 264 гектар, 9,3 минг шахсий томорқа хўжаликларида 399 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилиши мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш имконини берди.

Қишлоқ хўжалигини техник ва технологик янгилашга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида йил бошидан буён чорвачиликни ривожлантириш бўйича қорамоллар умумий сони 57,5 минг бош бўлган 2,4 мингдан ортиқ лойиҳа, паррандачиликни ривожлантириш бўйича паррандалар сони 11,9 млн бўлган 800 лойиҳа, балиқчиликни ривожлантиришга доир 864 ва асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 916 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Натижада ўтган даврда қорамоллар умумий сони 11,1 млн бошга етди (2014 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 103,1 фоиз), 944 минг тонна гўшт (106,5 фоиз), 3,9 млн тонна сут (106,8 фоиз), 2,8 млрд дона тухум (111,6 фоиз) етиштирилди.

 

БУГУН КЕЛАЖАК ЙЎЛЛАРИ ҚУРИЛАЁТИР

Жорий йилнинг I ярмида 2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига киритилган лойиҳаларни жадал амалга ошириш бўйича самарали чора-тадбирлар бажарилди.

Темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш доирасида 16 инвестиция лойиҳаси, жумладан, Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини барпо этиш, Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд-Қарши темир йўл линиялари участкаларида тез ҳаракатланадиган йўловчи поездлари қатновини йўлга қўйиш, Самарқанд-Бухоро ва Мароқанд-Қарши темир йўл участкаларини электрлаштириш, Қарши вокзалини реконструкция қилиш лойиҳалари амалга оширилди.

Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида шу йилнинг ўтган даврида 497,3 млрд сўм, жумладан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 297,2 млрд сўм ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати билан хорижий заёмлар ҳисобидан 80,5 млн доллар ўзлаштирилди.

Аҳолининг сифатли ичимлик сувидан фойдаланиш даражасини ошириш ва аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида халқаро молия институтларининг 48,6 млн долларга тенг маблағи ва Давлат бюджетидан 191,2 млрд сўм ўзлаштирилди. Мамлакатимизда жами 1 033,4 км, жумладан, қишлоқ жойларда 864 км сув қувурлари тармоғи фойдаланишга топширилди.

Шу йилнинг ўтган даврида 2013–2020 йилларда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш давом эттирилди. Дастур доирасида йил бошидан буён кенг полосали фойдаланиш учун мўлжалланган 1 050 км дан зиёд оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди, 20 акциядорлик компанияси, бирлашма ва йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ҳамда бошқарув жараёнларини автоматлаштириш бўйича 38 лойиҳа амалга оширилди.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизмат кўрсатаётган провайдер ва операторлар сони 800 субъектни ташкил қилди, 290 дан ортиқ корхона дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатмоқда.

Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш ва давлат органлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг контактсиз электрон шаклларини жорий этишга доир чора-тадбирлар натижасида Ягона интерактив давлат хизматлари порталига айни пайтда давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимиятининг 650 органи, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари уланган.

Жорий йил бошидан буён Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 27,4 минг тадбиркорлик субъекти интернет орқали рўйхатга олинди, 170,8 минг божхона юк декларацияси (умумий кўрсаткичнинг 99,9 фоизи) электрон шаклда расмийлаштирилди. Тадбиркорлик субъектлари солиқ ва статистика ҳисоботларини тўлиқ электрон шаклда тақдим этмоқда. Олий хўжалик суди кўриб чиққан тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда тақдим этилган даъво аризалари ва илтимосномалар сони 1,7 марта кўпайди, суд иши иштирокчиларининг 34,5 мингдан ортиқ хабарномаси ва суд ҳужжатлари электрон шаклда юборилди, 2 398 суд мажлиси видеоконференция режимида ўтказилди.

 

КИЧИК БИЗНЕСГА «ЯШИЛ ЧИРОҚ»

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури доирасида жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва кафолатларини кучайтиришни назарда тутадиган норма ва тартиб-таомиллар амалда жорий этилди. Хусусан Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдо йўли билан тадбиркорлик субъектларидан энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бош прокуратура томонидан давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилишига доир масалалар бўйича мурожаатларни туну кун узлуксиз қабул қилиш тизими жорий этилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва кичик ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнес субъектларига 6,4 трлн (жумладан, 1,4 трлн сўмлик микрокредит) сўм кредит ажратилди. Бу 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўпдир. Кичик бизнесни ривожлантириш учун 86,4 млн доллар миқдорида халқаро молия институтларининг кредит линиялари ўзлаштирилди. Ўзбекистон банклар уюшмаси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси кўмагида кичик бизнес субъектларининг 16,7 млрд сўмлик 24 лойиҳаси молиялаштирилди.

Хусусий тадбиркорларнинг товар-хом ашё бозорларидан фойдаланишини янада кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунинг самарасида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан биржа савдолари орқали сотилган маҳсулотлар ҳажми 20,7 фоиз, харид қилинган маҳсулотлар эса 17,5 фоиз ўсди.

Давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб бериш учун аккредитациядан ўтказилган кичик бизнес субъектларининг умумий сони 2014 йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,6 баробар ошиб, қарийб 35,6 минг субъектни ёки давлат харидлари иштирокчиларининг 98,2 фоизини ташкил этди. Электрон савдолар орқали амалга оширилган давлат харидлари умумий ҳажмининг 99,5 фоиздан ортиғи кичик бизнес субъектларидан сотиб олинди.

Кичик бизнес субъектларига ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришда ёрдам бериш мақсадида жорий йил бошидан буён Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 416 тадбиркорлик субъектига қиймати 512 млн долларлик маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашилди. Бундан ташқари, 38 тадбиркорлик субъектига 406 млн сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди ва хорижлик харидорларни топиш ҳамда умумий қиймати 5,6 млн долларлик экспорт шартномаларини имзолашга ёрдам берилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси орқали 485 млн долларлик маҳсулот экспорт қилди. Бундан ташқари, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш бюроси томонидан 654 корхонага маслаҳат хизматлари кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулотлар экспорти ва халқаро ҳамда мамлакатларга оид талабларни жорий этиш соҳасида 29 халқаро битим имзоланди.

Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни янада кучайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярмида 15,2 мингта янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш имконини берди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоиз кўпдир. Саноат ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари (умумий кўрсаткичнинг 36,5 фоизи), қурилиш (11,5 фоиз), шунингдек, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида (29,8 фоиз) энг кўп кичик бизнес субъекти ташкил этилди.

Хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнеснинг саноатдаги улуши 31,4 фоиз (2014 йилнинг шу даврида 28,9 фоиз бўлган), чакана товар айланмасида 86,3 фоиз (85,9 фоиз), пуллик хизматларда 47,6 фоиз (45,2 фоиз) ва бандликда 77,2 фоизга (76,8 фоиз) етди.

 

ИШЛАР ИШончли бошқарувЧИЛАРГА ТОПШИРИЛДИ

Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ишлари давом эттирилмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг биринчи ярмида Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида давлат акцияларининг 104 пакети савдога чиқарилди, акцияларнинг 14 пакети хусусий мулкдорларга сотилди, шунингдек, 27 корхонада давлат улуши хўжалик юритувчи жамиятларнинг устав капиталига берилди.

Очиқ савдоларда хусусий тадбиркорлик субъектларига 42 бўш ва фойдаланилмаётган давлат мулки объекти сотилди. Оммавий ахборот воситаларида «ноль» харид қиймати бўйича сотувга қўйилган 512 объектга доир танлов савдоларини ўтказиш шартлари эълон қилинди ва дастлабки савдолар якунига кўра, 141 объект 6,7 млн доллар ва 145,1 млрд сўм миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 3,7 минг иш ўрни ташкил этиш шарти билан сотилди.

Корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури доирасида ҳисобот даврида 623 акциядорлик жамиятида акциядорларнинг умумий йиғилишлари ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 24 апрелдаги 4720-сон Фармонида акциядорлик жамиятларининг ташкилий тузилмасини намунавий ташкилий тузилмага мувофиқлаштириш ҳамда акциядорлик жамияти раҳбарларини танлов асосида, жумладан, хорижий менежерлар орасидан тайинлаш бўйича уларнинг низомига ўзгартишлар киритиш масаласини кўриб чиқиш бўйича белгиланган талаблар бажарилди.

 

«КОРХОНА ИШГА ТАКЛИФ ЭТАДИ...»

Иқтисодий ривожланиш барқарорлигини сақлаш ташкил этилаётган янги иш ўринлари сонини кўпайтириш ва аҳоли бандлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 441,8 минг иш ўрни яратилди. Шундан 274,9 минг иш ўрни (умумий кўрсаткичнинг 62,2 фоизи) қишлоқ жойларда ташкил этилди. Натижада тўқимачилик, чарм, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноатида қўшимча 4,7 минг янги иш ўрни яратилди.

2014/2015 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этиш ва уларни ушбу корхоналарда ишга жойлаштиришни назарда тутадиган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Таълим жараёни ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, уларни замонавий асбоб-ускуна ва инвентарлар билан жиҳозлаш учун қиймати 737,7 млрд сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди.

Йил бошидан буён 2,5 млн дан зиёд мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ва умумтаълим, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчилари чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди.

 «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида 70,8 мингдан зиёд уруш фахрийси, жумладан, 2,9 минг нафар уруш ногирони ва 67,9 минг меҳнат фронти фахрийси тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида 9 мингдан зиёд кексага тиббий ёрдам кўрсатилди. «Кексаларни ­эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 1,5 трлн сўм ва 37,4 млн доллар ўзлаштирилди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш, бандликни ошириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ўртача иш ҳақининг 17 фоиз ва пенсияларни 22 фоиз ошириш имконини берди.

 

2015–2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг мамлакатимиз иқтисодиётини бозор муносабатларига қатъий ўтказишнинг муҳим вазифалари ҳисобланган асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича барча даражадаги ишларни тизимли ва мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этиш жорий йилнинг кейинги даврида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барқарор юқори кўрсаткичларини сақлашни таъминлашнинг муҳим вазифаларидир.


Материални тайёрлашда ЎзР Иқтисодиёт вазирлиги ва
Давлат статистика қўмитасининг «2015 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари»дан фойдаланилди.

Прочитано: 4939 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика