Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 46 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Муболаға эмас, рости шуки...

Мухбиримиз бухгалтерия ва бош бухгалтерлар ҳақида анчагина кенг тарқалган афсона ва гап-сўзларни ўрганишга бел боғлади. Бунда унга «Real-Max» МЧЖ бош бухгалтери Ольга МАЙОРОВА яқиндан ёрдам берадиган бўлди.

 

БИРИНЧИ АФСОНА.

БОШ БУХГАЛТЕР ҲАММА НАРСАНИ БИЛАДИ

Ниҳоятда билимдон, бағоят тажрибали бош бухгалтер ҳам бундай дейишга журъат этмайди. Дарҳақиқат, яхши бухгалтер бухгалтерия учун муҳим ахборотларнинг катта ҳажмидан хабардор, уни мукаммал эгаллаган бўлиши мумкин. Лекин ҳатто ана шундай мутахассис ҳам қонун ҳужжатларининг барча жиҳатларини, нозик томонларини тўлиқ билади деб бўлмайди.

– Четдан ёрдам зарур, – деб изоҳ беради Ольга Павловна, – буни табиий ҳол деса бўлади. Ўз имкониятларига ортиқча баҳо бериш эса калондимоғликка олиб келиши, одамга панд бериб қўйиши мумкин.

 

ИККИНЧИ АФСОНА.

БУХГАЛТЕР ФАҚАТ ЎЗ ЗИММАСИДАГИ МАЖБУРИЯТЛАР ДОИРАСИДА МУКАММАЛЛИККА ЭРИШМОҒИ ЛОЗИМ

Айтайлик, у иш ҳақи ҳисоб-китоби билан шуғулланувчи бухгалтерлигича қолиш истагида бўлса, шундай қилиши керак. Хизмат пиллапоясидан юқорилаб бориш учун ҳар тарафлама мукаммал билимга эга бўлишдан ташқари, кўп йиллик тажриба ҳам керак. Қонун ҳужжатларимиз муттасил ўзгариб туриши инобатга олинадиган бўлса, бухгалтерия борасида амалиёт нақадар зарур эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади. Бухгалтерия соҳасидаги мутахассиснинг малакасини ошириш бугунги кунда мураккаблик туғдирмайди. Қанчадан-қанча ўқув марказлари, махсус адабиётлар бор. Билим доирасини кенгайтириш истагидаги бухгалтерлар учун тренинглар, семинарлар ўтказиб келинмоқда. 

 

УЧИНЧИ АФСОНА.

БУХГАЛТЕР ИШИ – ЎЗГАРМАС

Кўпгина одамлар бухгалтерни стол устига калькулятор қўйганича қоғозларга кўмилиб ўтирадиган мутахассис деб тасаввур қиладилар.

– Ҳозирги электрон ҳисобот асрида бухгалтер деганлари кам ҳаракат қиладиган касб эгалари қаторига ўтиб қолди. Яқин-яқинларгача биз ҳисоботларимизни ДСИга топшириш учун соатлаб навбат кутардик. Ёки туман статистика идораси, банк қайдасан деб, шунингдек бошқа идораларни кўзлаб, шаҳар бўйлаб югуриб юрар эдик, – деб таъкидлайди Ольга Майорова. – Ўз касбининг чинакам жонкуяри бир жойда «қимирламай» ўтирган тақдирда ҳам, билим ва малакасини оширишга имкон топади. Бухгалтерия ҳисоби принциплари амалда сира ўзгаргани йўқ. Аммо қонун ҳужжатларидаги ўзгартишларни мудом кузатиб, ихтисослаштирилган газеталарни, журналлар ва китобларни ўқиб бориш, турли тадбирларда мунтазам иштирок этиш, иш учун зарур янги-янги дастурларни ўзлаштириш ва бошқа талайгина ишларни амалга ошириш даркор. Шу сабабли ҳам бухгалтерия касбида ҳеч нарса ўзгармаяпти деган иддаоларни унча тўғри деб бўлмайди.

 

ТЎРТИНЧИ АФСОНА.

БУХГАЛТЕРЛИК КЎПДАН БУЁН АЁЛЛАР ИШИ БЎЛИБ ҚОЛДИ

Ўтмишга мурожаат этиладиган бўлса, ҳозирги аниқ кўзга ташланаётган гендер устунлик эркак жинсига мансуб мутахассислар томонига оғиб кетади. Айтайлик, бухгалтерия ҳисобининг асосчиси эркак киши эди. Аслида бу масалада гендер тафовути аҳамиятсиздир. Зотан, ҳар қандай иш берувчи жинсидан қатъи назар, энг аввало билимдон, тажрибали, уқувли ва тўғри ишлайдиган ходимни қидиради.

 

БЕШИНЧИ АФСОНА.

МУКОФОТЛАРНИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ТЎЛАШ БЕВОСИТА БУХГАЛТЕРИЯГА БОҒЛИҚ

– Ношудроқ ходимлар орасида кимларни мукофотлаш, кимларни жаримага рўбарў қилиш масаласини айни бош бухгалтер ҳал этади, деган афсонамонанд гап анчагина кенг тарқалган, – дейди Ольга Майорова. – Аслида бу мазмундаги қарорларни маъмурият қабул қилади, компания раҳбари тасдиқлайди. Бухгалтер эса, ҳужжатларни расмийлаштиради, мукофот пулини ҳисоблаб чиқаради, солиқларни ушлаб қолади, шундан кейингина ходимларга муайян миқдорда пул тўланади.

 

ОЛТИНЧИ АФСОНА.

БУХГАЛТЕРИЯ ХОДИМЛАРИ ИШ ҲАҚИНИ ҲАМИША БИРИНЧИ БЎЛИБ ОЛАДИЛАР, МАОШ ТЎЛАШ КЕЧИКИШИ ДЕГАН НАРСА УЛАРГА ДАХЛДОР ЭМАС

Бухгалтерия ходимлари корхонага тегишли пул оқимларини назорат этиб боришлари мумкин эканлиги боис, бош бухгалтер ўз ходимларини хафа қилдириб қўймайди деган гаплар юради. Кассирда кимларгадир маошни бериш, кимгадир ҳозир бермаслик ҳақидаги истак-хоҳиши бўлишининг ўзи чикора. Амалда бухгалтерлар иш ҳақини кўпинча энг охиргилар қатори оладилар.

 

ЕТТИНЧИ АФСОНА.

БОШ БУХГАЛТЕР БИР ВАҚТНИНГ ЎЗИДА БИР НЕЧА ИШНИ УДДАЛАШИ МУМКИН

Таассуфки, бугунги кунда кўпгина раҳбарлар, айниқса хусусий тадбиркорлик соҳасидаги раҳбарлар шундай деб ўйлайдилар ва бунга ишонадилар ҳам. Бизнес иши соҳибининг назарида штатда ҳам бухгалтерия ҳисобини юритадиган, ҳам ходимларга маош берадиган, ҳам кадрлар билан иш олиб борадиган битта мутахассис бўлиши етарли ва фойдалидир. ­Борди-ю, бу бухгалтер юрист ёки иқтисодчи бўлса, нур устига аъло нур – бундай бўлиши ҳам қулай, ҳам фойдалидир. Лекин унинг хатарли жиҳати ҳам бор. Биринчидан, кенг профилли бундай мутахассислар ҳар қадамда учрайвермайди, хизмати ҳам қимматга тушади. Иккинчидан, бухгалтер бир қанча лавозимда ўриндошлик асосида иш олиб борар экан, шошилинчда хато содир этиш хавфи кучли бўлади. Баъзан хато унинг ўзи учун ҳам, раҳбар учун ҳам қимматга тушиши, оғир оқибат келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли ҳам фирма қанчалик кичик бўлмасин, ривожланиш ва оёққа туриб олиш даврида аниқ фойда олмаган ва ўсиш бўлмаган тақдирда ҳам, таваккалчилик билан иш тутмаслик, энг яхши мутахассис бўлган тақдирда ҳам, кўп иш юклаб уни даққи қилиб қўймаслик лозим.

 

САККИЗИНЧИ АФСОНА.

БОШ БУХГАЛТЕР КОМПАНИЯ ОЛАДИГАН ФОЙДАНИ КЎПАЙТИРИШИ ШАРТ

– Суҳбатлашувлар асносида шахсан ўзим раҳбарнинг бунақа фикрларига кўп бора дуч келганман, – дейди Ольга Павловна. – Бу, менимча, тутуриқсиз гап, бухгалтердан буни талаб қилишни ғирт саводсизлик деган бўлур эдим. Мабодо бухгалтер иқтисодчи бўлмаса, у компания кўрадиган фойдани кўпайтиришга таъсир эта олмайди. Бу кўпроқ молиячиларга, маркетологларга, савдо-сотиқ менежерларига ва бошқа мутахассисларга дохил вазифадир, бухгалтерия ҳисоби мутахассислари ундан ҳолидир. Фойда ҳақида сўз борганда, бухгалтернинг бу борадаги вазифаси тежамкорликни таъминлаш ва бухгалтерия ҳисобини билимдонлик билан, масъулиятни сезган ҳолда олиб боришдан иборатдир. Товарлар савдосини ёки корхона кўрсатадиган хизматларни кўпайтириш эмас, балки солиқ олиш ва ҳисоботлар бухгалтерия ходимларининг эътибор доирасида турмоғи керак.

 

Афсоналар, гап-сўзларга ойдинлик киритишда мухбиримиз

Наталья СПИРИДОНОВА иштирок этди. 

Прочитано: 2546 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика