Ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун, энг кам иш ҳақининг 12 баравари миқдори доирасида даромад солиғи олинмайдиган моддий ёрдам бериш қай тартибда расмийлаштирилади? Ходимлар аризаси ва раҳбар буйруғининг ўзи етарлими?
О.Сальникова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– У ёки бу ходимга (ходимларга) моддий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарор хўжалик юритувчи субъект раҳбари томонидан қабул қилинади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам тўлашда раҳбарнинг моддий ёрдам суммаси кўрсатилган буйруғини тайёрлаш, унга моддий ёрдам берилаётган ходимлар рўйхатини илова қилиш керак.
Моддий ёрдамнинг мазкур тури учун ходимларнинг аризаси керак эмас. Бундай ёрдам қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бериш тарзида ҳам, уни сотиб олиш учун маблағ бериш тарзида ҳам кўрсатилиши мумкин. Ҳар иккаласи ҳам жисмоний шахсларнинг улардан (жисмоний шахслардан) олинадиган даромад солиғи олинмайдиган бошқа даромадларига киради (Солиқ кодекси (Кодекс) 178-моддасининг 16-банди ва 179-моддасининг 1-банди). Кодекснинг 176–178-моддаларида кўрсатилган барча даромадлар сингари моддий ёрдамга ҳам ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди.
Ирина БОРИСОВА,
экспертимиз.