Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 43 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

«Темир тойчоқ» теграсидаги қитмирликлар

Статистика маълумотларига қараганда, мамлакатимизда ҳар икки оиладан биттасида машина бор. Баъзи оилаларда бир эмас, икки–учта автомашина кантариғлиқ. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган «темир тойчоқ»ларнинг қатори янги-янги моделдагилари билан тўлиб бормоқда. Ўзимизда ишлаб чиқарилган «Нексия», «Матиз», «Ласетти»ларнинг ёнида чет элда ишлаб чиқарилган машиналарни ҳам учратиш мумкин. Бугунги кунда «Мерседес», «Форд» ёки «Тойота» автомашиналари ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Таассуфки, жаҳондаги бошқа ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам автомобиль эгаларини ўз «темир тойчоқ»лари ўғирланиши ёки олиб қочилиши йўлидаги урунишлардан батамом холи деб бўлмайди.

 

Бундай жиноятлардан кўзланган мақсад замирида кўпинча молиявий наф кўриш муддаоси ётади. Ўғирланган машиналарни бозорда бутловчи қисмлар шаклида пуллайдилар ёки қайта мойлаб, бўёқ бериб автомобилнинг асосий идентификация белгиларини – VIN-код деб юритиладиган белгиларни (кузовдаги тамғаларни) ўзгартириб, сотиш пайида бўладилар.

Республика суд экспертизаси марказига автоулов эгалари автомобиллари қисмлари тамғаларини идентификация қилиш илтимоси билан мурожаат этиб туришади. Экспертлар тамғалар қисман ёки тўлиқ ўзгартирилган деган хулосага келадиган ҳоллар оз эмас. Ўғирланган автомобиль тергов ҳаракатларини олиб бориш жараёнида аниқланган пайтлар ҳам бўлади. Бунда машинани двигатель блокидаги тамғаларни идентификация қилиш асосида аниқлайдилар. Эксперт текширувидан кейин автомобилдаги двигатель анча олдинроқ ўғирланган автомобилдан ечиб олинган двигатель билан алмаштириб қўйилганлиги маълум бўлади.

Машина эгаси ўз автомобили агрегатларидаги рақамлар парчинланиб, қайта уриб туширилганлигидан бехабар ҳар йилги одатий текширувга келади. Ана шу аснода рақамлар парчинлаш йўли билан ўзгартирилганлиги ҳолати маълум бўлиб қолади. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, текширувга автомобилда борасиз-у, яёв қайтишингизга тўғри келади. Ҳар қандай одамга ҳам бу оғир ботади. Автомобиль тамғаси парчинлаб қайта туширилганлиги ҳолатини аниқлаш билан боғлиқ кейинги тартиб-таомиллар анчагина вақт олади.

Машинани ўғирлаш ва олиб қочишга қарши энг янги замонавий тизимлар борлигига қарамай, жиноятчилар ҳам қабиҳ ниятларини амалга ошириш ниятида янгиликлар яратишга ҳаракат қиладилар, алланималарни ўйлаб топадилар ҳам.

Автомобилга туширилган рақамни парчинлаб ўзгартириш учун транспорт воситасини олиб қочиш шарт эмас. Чунончи, автомобиль ўғирланганлигига оид ишни тергов қилишда унинг двигатели машина таъмирлаш учун устахонага топширилганда парчинлаб ўзгартирилганлиги маълум бўлди. Кейинги текширувлар шуни кўрсатдики, устахонадаги уддабуронлар мижозлар машиналаридаги двигателларни парчинлаб рақами ўзгартирилган двигателларга кўп бора алмаштириб қўйганлар. Хуллас, тўрт ғилдиракли «темир тойчоқ»ни таъмирлаш устахонасидан олиб чиқиб кетаётганда двигателни ва ундаги тамғани текшириб кўришдан уялманг.

Автомобили қимматбаҳо ёки бир мунча арзонроқ эканлигидан қатъи назар, машина эгаси ўз транспорт воситасининг муҳофаза қулф тизимини очишга уриниш аломатларини сезиши шарт.

Бундай ножўя қилмиш аломатлари машина ойнаси синдирилганлиги ёки куч ишлатиб очилганлигида; машина эшиги, капоти ва бошқа деталлардаги ўйиқ-ёриқлар, чизиқлар ёки уларнинг шакли ўзгариб қолганлигида, ўриндиқларнинг ғилоф-қопламаси ва транспорт воситасининг оёқ қўйиладиган жойдаги шиша парчаларида намоён бўлади. Эшикдаги ойна тушмаётганлиги (кўтарилмаётганлиги) ёки қийшайиб қолганлиги, устунсифат қисмлар ва эшикнинг лак-бўёқ қопламасидаги чизиқ ёки ўйиқлар; эшик яхши ёпилмаётганлиги, ойналари атрофидаги резина зичлагичлар шакли ўзгариб қолганлиги ёки узилганлиги; эшик тутқичи ёки ундаги махсус лента (айниқса ҳайдовчи ортидаги, йўловчиларга мўлжалланган ўриндиққа чиқиш эшигидаги ёки багаж бўлинмаси эшиги тутқичида) йўқлиги; қулфларнинг цилиндрлари шикастланганлиги, ўт олдириш калитида ёки унинг қопламасида асбобларнинг излари сезилиб турганлиги; приборлар қатори остида симлар салқи бўлиб турганлиги ҳам қабиҳ ниятдан далолат беради.

Мабодо, автомобиль сотиб олмоқчи бўлсангиз, кейинчалик кўнгилсизликлар бўлмаслиги учун энг аввало автомобиль агрегатларининг идентификация тамғаларини: кузовнинг VIN-кодини, двигатель блокидаги рақамларни (бўлса шассидаги рақамларни ҳам) текширинг. Ҳозирги автомобилларнинг янги моделлари юқорида айтиб ўтилган тамға-рақамлардан ташқари, кўриниб турадиган VIN-идентификация рақами қўйиб чиқарилмоқда. Одатда бу рақам олд ойнанинг остида приборлар қаторида ҳайдовчи ўтирадиган тарафда бўлади. Унинг ташқи кўриниши, шрифтининг шакли, автомобиль ишлаб чиқарувчиси логотипи ҳам мужассам топган голограмма мавжудлиги тажрибасиз автомобиль шайдосига ҳам кўп нарсалардан далолат беради. Автомобиль кузовига бир галги мустаҳкамлагич ёрдамида бириктириб қўйиладиган турли лавҳачаларни, завод наклейкаларини ва улардаги ёзувларни эринмай қараб чиқинг. Ана шу ёзувларни автомобилнинг илова ҳужжатларидаги ёзув билан қиёслаб кўринг.

Борди-ю, кузов ва двигателдаги тамғалар асл эканлигига шубҳаланаётган бўлсангиз, трассологик экспертиза ўтказдиринг ёки автомобиль ишлаб чиқарувчисига ёки унинг вакилига мурожаат этинг. Ана шунда қалбакилик аралашган транспорт воситаси харид этишдан ўзингизни асраган, чув тушмаган бўласиз.

 

Таисия РОМАДАНОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг трассолог эксперти.

Прочитано: 2254 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика