24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар мамлакатимизда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Мажлис янги таҳрирдаги «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошланди. Бу ҳужжатнинг асосий ғояси молия бозорида ва умуман иқтисодиётда қимматли қоғозларнинг роли ва аҳамиятини оширишдан, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини таъминлашдан иборатдир. Ушбу мақсадга эришиш учун қонун лойиҳасида замонавий ахборот технологияларига ўтиш орқали республика фонд бозорини модернизация қилиш, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича энг яхши жаҳон тажрибасини мамлакатимизда татбиқ этиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида унга масъул бўлган Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ишчи гуруҳининг бир қанча йиғилишларини ўтказди. Унда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари, қатор вазирликлар ва идоралар мутахассислари, шунингдек, экспертлар иштирок этдилар. Қонун лойиҳасининг барча моддаларини ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида мазкур ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Шундан сўнг депутатлар «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳасида кредиторлар томонидан киритилган маблағларни қайтариш кафолатини кучайтириш мақсадида корхона банкрот деб топилганда кредиторларнинг талабларини қондириш навбати тартибига ўзгартириш киритиш орқали бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги талаблар билан кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талабларини мутаносиб равишда қондириш назарда тутилган.
Депутатлар моддама-модда муҳокама қилиш чоғида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳаларини узил-кесил таҳрирда қабул қилиш учун тайёрлаб, маромига етказиш мақсадида масъул қўмитага топширдилар.
Мажлис кун тартибига биринчи ўқишда иккита янги қонун лойиҳаси киритилди. Депутатлар «Мамлакатда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига катта эътибор қаратдилар. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомиллари мураккаблашувини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг зиммасига янги мажбурият ва жавобгарлик юкланишини назарда тутувчи қонун ҳужжатлари улар расман эълон этилган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаган муддатда кучга кириши белгилаб қўйилмоқда. Давлат органлари тадбиркорлик фаолияти субъектларига уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор қонун ҳужжатлари, ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши шарт. Ахборотдан фойдаланиш қонун ҳужжатлари ва тегишли материалларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш ва тарқатиш орқали таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тадбиркорликни ривожлантиришга, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган яна бир муҳим ҳужжатдир. Жумладан, ушбу қонун лойиҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар бериш механизмларини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, тадбиркорлик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кучайтириш учун қулайроқ шарт-шароит яратиб бериш ҳисобига мамлакатимизда бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, ишбилармонлик иқлимини тубдан яхшилаш йўлида жиддий қадам бўлади.
Депутатлар муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда ушбу қонун ҳужжатларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.