ISO 9001:2008 сифат менежменти тизими (бундан буён матнда СМТ деб юритилади) жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида уларнинг корхоналари томонидан чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш, шунингдек корхоналарда халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифат бошқаруви тизимини жорий этиш учун қабул қилинган. СМТ энг аввало корхона фаолиятини тузукроқ бошқариш, ички назорат тизимини яхшилаш имконини беради. Мазкур тизим сифат соҳасида муттасил мониторинг олиб бориш ва ижобий натижаларга эришишдек эзгу сиёсатни ишлаб чиқишга қаратилгандир.
Вазирлар Маҳкамасининг «Республика корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни кенгайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (19.06.2009 йилдаги 173-сон Қарор) талабларини эътиборга олиб, мамлакатимизнинг кўпгина корхоналарида СМТ жорий этилмоқда. Тизим асосида ишни яхши, билимдонлик билан олиб бориш мақсадида корхона ходимлари махсус ўқитилмоқда, зарур ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
Махсус ҳужжатларнинг бўлиши жараёнларни самарали тарзда бошқаришни таъминламоқда. Ишнинг ўзига хос жиҳатларини, ходимлар сонини, шунингдек уларнинг тажрибаси, уқуви, билими, хабардорлик ҳамда тайёргарлик даражасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган ҳужжатларда ISO 9001:2008 халқаро стандартининг барча талабларини қамраб олишга ҳаракат қилинган.
СМТни жорий этишга доир керакли ҳужжатлар сифат бўйича қўлланмада тавсиф этилган. Бу қўлланма СМТни оммалаштириш соҳасидаги фаолиятни тартибга солади. Борди-ю, бирон-бир қўшимча ҳужжатни ишлаб чиқиш ва жорий этиш эҳтиёжи юзага келса, сифат тизими тартиб-таомиллари талабларига («Ҳужжатларни бошқариш тартиб-таомиллари» СТТТ-001 ва «Ёзувларни бошқариш тартиб-таомиллари» СТТТ-002) мувофиқ тайёрланади ва жорий этилади.
СМТ аудиторлик ташкилотларида молиявий аудиторлик текширувлари ўтказилишини назорат қилади. Мижозлар кўрсатилган хизматлардан қониқиш ҳосил қилишини янада ошириш учун ташкилотлар раҳбарияти истеъмолчиларнинг «аудит ўтказиш жараёни» П-002 ва «Истеъмолчиларнинг талабларини аниқлаш, шартномалар (контрактлар) тузилиши тартиби ва уларни таҳлил қилиш, шартномаларни ижро этиш ҳамда истеъмолчиларнинг қаноатланганлигини таҳлил қилиш тартиб-таомиллари» СТТТ-007да ҳужжатлаштириладиган талабларини аниқлаш ва бажариш механизмларини таъминлайди. Ўз навбатида ISO 9001:2008 стандартлари аудиторлик ташкилотлари олдига қўйган талабларни бажариш учун халқаро стандартлар талабларига монанд бўлган СМТ жорий этилган. Уни ижро этишга доир барча керакли ҳаракатлар сифат қўлланмасида, сифат тизими жараёнлари бўйича ҳужжатларда (П), сифат менежменти тизимларининг тартиб-таомилларида (СТТТ), мансаб йўриқномаларида (МЙ) режалаштирилган ва ҳужжатлаштирилган.
Аудиторлик ташкилоти аудиторлик текширувини сифатли ўтказиши ва мижозларга бундан буён ҳам яхши хизмат кўрсатиши жараёнлар ҳужжатлаштирилишини, аудит ўтказиш усулларини белгиловчи услубиятни ва назорат усулларини; СМТ жараёнларининг тегишли параметрларини назорат қилиш ва бошқариб боришни; стандартлар, йўриқномалар ва услубият талаблари тарзида белгилаб қўйилган ишларнинг сифат мезонларини аниқлашни; сифатни мониторинг ва назорат қилиш ишларини амалга оширишнинг механизмини аниқлаб олиш ва рисоладагидек иш олиб боришини, натижалар мижозга топширилганидан кейинги фаолиятни, бинобарин, агар шартномада айтиб ўтилган бўлса, мижозни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашни, айтайлик ўтказилган текширув натижалари асосида молиявий менежментни тақозо этади.
Кўрсатилган хизматларни идентификация қилиш «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга (9.12.1992 йилдаги 734-XII-сон Қонуннинг 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳрири), аудит стандартлари, ташкилотнинг ички стандартларига мувофиқ равишда содир этилади. Бунинг учун буюртмани расмийлаштириш, қилинадиган ишларни олдиндан режалаштириб олиш, шартномани имзолаш, аудиторлик гуруҳини тайинлаш тўғрисида фармойиш тайёрлаш, аудит режасини тузиш, аудиторлик текширувини ўтказиш ва аудит асносидаги керакли тартиб-таомилларни амалга ошириш, тест варақасини саволларига жавоблар билан тўлдириб ва аудиторлик далилларини сифат назоратчисига тақдим этиш, камчиликларни тузатиш ва ўтказилган аудит натижаларини тузатиб ўзгартириш (ҳисоботда), мижозга якуний аудиторлик ҳисоботи ва хулосасини тақдим этиш лозим. Ишлар туркуми тугалланганидан сўнг, мижоз бажарилган ишларнинг далолатномалари – ҳисобварақ-фактураларини имзоламоғи, аудиторлик файли сақлаш учун архивга топширмоғи керак.
СМТ бошқарув жараёни доирасида СМТнинг ички аудит ўтказилиши жараёни ҳам белгилаб берилади. «СМТни ички аудитлар томонидан бошқарилиши» СТТТ-003 тартиб-таомили ишлаб чиқилади ҳамда бу тартиб-таомиллар ишлатишга шай ҳолатда сақлаб турилади. Мазкур тизим ички аудитларни ISO 9001:2008 стандартлари, СМТ ҳужжатлари талабларига, режалаштирилиб қўйилган тадбирларга ҳамда тизимнинг ташкилотдаги иши самарадорлигини аниқлаш талабларига мувофиқ режалаштирилиши ва ўтказилишини белгилаб беради.
Сифат менежменти тизимининг ички аудитлари (текширувлари) ходимнинг (бўлинманинг) текширилаётган фаолияти мақоми ва аҳамияти асосида режалаштирилган йиллик жадвалга мувофиқ ёки алоҳида ҳолларда ўтказилади. Мазкур текширувлар шундан кейинги ҳаракатлар текширилаётган фаолият раҳбарларига боғлиқлиги бўлмаган малакали, махсус таълим олган мутахассислар (ички аудиторлар) томонидан амалга оширилади. Ана шу текширувлар натижалари ҳужжатлаштирилади, ҳисоботга киритилади ҳамда жараёнларнинг бошлиқлари ва раҳбарият эътиборига етказилади. Зарурати бўлганда жараёнларнинг бошлиқлари у ёки бу бўлинмадаги ишларга тегишли тузатишлар киритадилар. Кейинги текширувларда ана шу тузатишлар ҳам таҳлил этилади ва уларнинг бажарилиши назорат қилинади. Мазкур босқич ташкилотда сифат менежментини ривожлантириш, шу жумладан ташкилотда ўзини ўзи назорат қилиш ишини ўтказиш учун зарурдир.
Жараёнларни ўзгартиришга, СМТ татбиқ этиладиган соҳаларни кенгайтиришга оид янги таклифлар йиғилишларда муҳокама этилади. Ўзгартишларни жорий этиш учун сифат бўйича режа ишлаб чиқилади. Ўзгартишлар синовдан ўтказилганидан кейин тасдиқланади, тегишли ҳужжатларга эса ўзгартишлар киритилади.
СМТни тўғри, билимдонлик ва уқув билан жорий этиш учун мижозларнинг кўрсатилаётган хизматлар сифатидан қаноатланганлик даражаси кузатилади, ташкилот фаолияти, керак бўладиган ресурслар (одам, молия ва техник ресурслар) таҳлил қилинади. Уларга доир талаблар сифат ҳужжатларида ҳам белгилаб олинади.
Ташкилотларда «Кадрларни бошқариш» П-004 жараёнини ҳужжатлаштириб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бунда хусусан доимий тайёргарлик ва малакани ошириб боришни таъминлашни, ходимларнинг масъулияти ва ваколатларини; якка тартибдаги ва гуруҳ учун мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқишни, уларни бажаришни ва натижаларни баҳолашни; ҳақ тўлаш тизимини; ташкилот ходимларининг талаб-эҳтиёжларини мунтазам равишда таҳлил қилиб боришни; тушган таклифлар ва мулоҳазалардан хабардор этишни; ходимларнинг қаноатланганлик даражасини аниқлаб боришни; ходимларнинг ташкилотга ишга келиши ёки ишдан бўшаб кетиши сабабларини аниқлашни назарда тутмоқ керак.
Ташкилотда амал қилиб турган СМТнинг яроқлилиги ва самарадорлилигини намойиш этиш мақсадида раҳбарият, сифат бўйича вакил, жараёнларнинг бошлиқлари истеъмолчиларнинг қаноатланганлигига оид маълумотларни, кўрсатилаётган хизматларнинг, жараёнларнинг талаблари, хусусиятлари ва тамойилларига мувофиқлигига оид маълумотларни таҳлил қиладилар. Ана шу маълумотларнинг ҳаммаси аудиторлик ташкилоти ўз мижозларига тақдим этаётган хизматлар сифатининг умумий даражаси ҳақида тасаввур беради. Мазкур жараёнда ташкилотнинг СМТга киритилган ва ҳар бир жараён бўйича «ресурс» сифатида таърифланган барча ходимлари иштирок этадилар.
СМТни бошқариш жараёни доирасида «Тузатувчи ва огоҳлантирувчи ҳаракатлар билан бошқариш» СТТТ-05 тартиб-таомили билан белгиланган зарур тузатувчи ва огоҳлантирувчи ҳаракатлар ўтказилади. У тегишли номувофиқликлар (тузатишлар) ҳамда ҳақиқатдаги ёки истиқболдаги номувофиқликларнинг сабабларини тартибга солади.
Тузатишлар сифатида шикоятлар ва истеъмолчиларнинг аудитдаги номувофиқликлар ҳақида берган хабарлари кўриб чиқилади. Уларнинг аудит натижалари, жараёнлар ва сифат тизимига тааллуқли бўлган сабаблари ўрганиб чиқилади. Бундай ўрганиш натижалари рўйхатдан ўтказилади. Номувофиқликларнинг аниқланган натижалари таҳлил этилиб, бартараф қилинади.
Огоҳлантирувчи ҳаракатларни ўтказишни талаб қиладиган ҳар қандай муаммоларни ҳал этиш учун зарурий чора-тадбирлар белгиланади. Ташкилот раҳбариятига таҳлил этиш учун тузатишлар киритиш ва уларнинг мақсадга мувофиқлиги масалалари тўғрисидаги барча ахборот тақдим этилади.
Тажрибанинг кўрсатишича, ISO 9001:2008 жорий этилиши эвазига ташкилотда мижозлар сони кўпаймоқда, сабаби уни жорий этган кўплаб компаниялар айнан СМТга эга компанияларни танлашлари эҳтимоли катта.
Марина КОНДРАТОВА,
«Marikon Audit» МЧЖнинг
ISO 9001:2008 СМТ бўйича менежери.