«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 66-моддасига кўра, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги бўйича тўланган суммаларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлашлари керак.
Ушбу тартиб хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан банкрот деб эълон қилинган корхонага татбиқ этиладими?
Гап шундаки, корхона банкрот деб эълон қилинган кунга қадар регресс ишлари бўйича барча қарзларини тўлади. Корхона банкрот деб эълон қилинганидан кейинги давр учун регресс талаби қўйиладими?
«Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида регресс ишлари бўйича эмас, балки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш кўрсатилган. Биз бошқа манбаларни топмадик.
Корхона банкрот деб эълон қилинганидан кейин регресс талаби қўйилишини нотўғри деб ҳисоблаймиз. Хатоларга йўл қўймаслик учун сизнинг малакали тушунтиришингизни сўраймиз.
«Бухоротекс» ОАЖ.
– Ҳақиқатан ҳам, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 66-моддасида, аниқроғи – унинг иккинчи қисмида, бошқа қоидалар билан бир қаторда белгиланганки, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик учун тайинланган пенсияларни тўлаш учун иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига (бундан кейин – БТПЖ) харажатларни қопловчи пул ўтказадилар*.
«Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида сўз регресс ишлари тўғрисида эмас, балки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисида бораётганлигини таъкидлаб, сиз айтилган 5.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни хато равишда келтиргансиз, ваҳоланки у 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда амал қиляпти.
Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлган қарздор фуқароларнинг талабларини навбатдан ташқари қондириши керакдир. Бу амалдаги таҳрирдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 134-моддаси биринчи қисмида белгиланган.
Фуқароларнинг кўрсатилган талаблари ҳисоб-китоби ва уларни қондириш Фуқаролик кодекси (ФК) ва Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларига (ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) мувофиқ амалга оширилади.
Чунончи, ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун жавобгар юридик шахс тугатилган тақдирда, тегишли тўловлар уларни қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга кўра жабрланувчига тўлаш учун капиталлаштирилиши лозим. Тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки йўқлиги ёки етарли эмаслиги сабабли тўловларни капиталлаштириш мумкин бўлмаган ҳолларда, белгиланган суммалар жабрланувчига давлат томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тўланади (ФК 1015-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмлари).
Тугатилаётган банкрот юридик шахсда пул маблағларини капиталлаштиришни тугатиш бошқарувчиси амалга ошириши керак. Қоидалар 44-бандининг мазмунига кўра ушбу мақсадлар учун қарздорда етарлича пул маблағлари мавжуд бўлганда, тугатиш бошқарувчиси ҳисобланган суммани ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун қарздор жавобгар бўлган шахсга кейин ҳар ой тўлаш учун БТПЖ бўлимларининг махсус мақсадли ҳисобварақларига ўтказади.
Агар жабрланганга ёки зарарни ундиришга ҳуқуқи бўлган шахсларга зарар суммасини тўлаш муайян даврга белгиланган бўлса, у ҳолда БТПЖга ўтказиш учун мазкур суммани ҳисоблаб чиқиш юридик шахс тугатилган кунда Қоидаларда белгиланган миқдорда, бироқ камида 5 йил учун амалга оширилади (Қоидаларнинг 45-банди).
Агар юридик шахс тугатилган кунда зарар суммасини тўлаш муддатсиз белгиланган бўлса, у ҳолда БТПЖга тўлаш учун мазкур суммани ҳисоблаб чиқиш Ўзбекистонда ўртача умр кўриш ёши ҳисобга олинган ҳолда юридик шахс тугатилган кунда Қоидаларда белгиланган миқдорда, бироқ камида 5 йил учун амалга оширилади (Қоидаларнинг 46-банди).
Шу тариқа, агар тугатилаётган корхона (банкрот) юқорида баён этилган ҳуқуқий меъёрларга кўра пул маблағларини капиталлаштирган ва уларни меҳнатда майибланиш натижасида зарарни қоплатиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга кейин ҳар ойда тўлаш учун БТПЖ бўлимининг тегишли ҳисобварағига киритган бўлса, худди шу харажатларни тўлаш учун уни регресс талаблар бўйича бундан кейин қоплаш истисно этилади.
*Бундан кейин меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги «меҳнатда майибланиш» деб олинади.
Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.