Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 43 / Аудитор хабарномаси

Ўзбекистонда аудиторлик хизматлари сифатини ошириш ҳамда аудитни ривожлантиришда рейтингнинг роли

Аудиторлик ташкилотига мурожаат этган янги мижознинг биринчи бўлиб сўрайдиган саволларидан бири ташкилот рейтинг тизимида қандай ўринни эгаллаб турганлигига оид бўлади. Мижоз эшитган жавобига қараб муайян хулосалар чиқаради ва қарорлар қабул қилади.  

 

Шу ўринда рейтинг тизимида барча фирмалар энг яхши деган номдан энг ёмонига қараб муайян бир тартибда жойлашганми ўзи деган табиий бир савол туғилади. Мабодо шу тартиб амал қилаётган бўлса, ҳар бир фирма рейтингда имкон қадар юқорироқ ўринга кўтарилиш ҳаракатида бўлади. Аудитни ривожлантиришга, энг асосийси эса, аудиторлик хизматлари сифатини оширишга рейтингнинг таъсири масаласи бир неча бор кўтарилган бўлса-да, унинг долзарблиги ҳамон ҳам ўз кучини сақлаб қолмоқда.

Рейтингнинг амалдаги тизимини қандай баҳолаш мумкин, қолаверса биринчи ўринни эгаллаб турибди деган фирма чиндан ҳам энг яхши аудиторлик хизматларини кўрсатадими деган оддий саволга жавоб топиш, қолаверса мазкур фирма томонидан кўрсатилган бундай хизматлар ҳақиқатдан ҳам энг яхши эканлигига қай тахлит ишонч ҳосил қилиш мумкин деган саволни ҳам жавобсиз қолдирмаслик лозим.

Саволга жавоб беришда қандайдир сифат кўрсаткичларига қаралиши турган гап. Таассуфки, рейтингнинг мавжуд тизимида бундай сифат кўрсаткичлари йўқ. Аслида бу жуда мураккаб масала бўлиб, ниҳоятда муфассал муҳокама этиш ҳамда далиллашни талаб этади. Борди-ю, бундай қилинмаса, аудиторлик хизматлари сифати ошишига доир ҳеч қанақа рағбатлантирувчи омиллар бўлмайди.

Масаланинг амал қилиб турган сифат кўрсаткичлари бўйича рейтинг тизими қанчалик ўхшаш ва мутаносиб деган томони, шунингдек рейтинг бўйича ҳақли равишда дастлабки ўринларни эгаллаш учун аудиторлик ташкилотининг сифат кўрсаткичлари аслида қандай бўлиши билан боғлиқ жиҳатлари ҳам бор.

Мижозларнинг даъво, иддаолари бўйича тўловлар ҳисобини олиб боришни бир неча бор сифат кўрсаткичлари тариқасида таклиф этишди. Фирма бундай тўловлар бўлмаган тақдирда, аудиторлик хизматлари бозоридаги фаолиятнинг ҳар бир йили учун муайян ижобий баллар олади, даъволар, иддаолар бўлган тақдирда эса, жарима баллари олади. Ана шу кўрсаткич бўйича тақдим этиладиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлилигини текшириш мураккаблиги ҳақидаги барча важ-корсонлар тузукроқ далил бўла олмайди, негаки аудиторлик ташкилотининг мижозларга уларнинг даъво ва иддаолари бўйича ёки суднинг ҳал қилув қарори бўйича тўлов тўлаш тарзидаги харажатларини текшириш осон. Юқорида таклиф этилаётган кўрсаткич муҳим сифат кўрсаткичи бўла олмаслиги хусусидаги жўяли далиллар муҳокамалар асносида умуман кўрсатиб ўтилмади.

Аудиторларнинг аудит, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасидаги муаммоли масалаларни ҳал этишдаги фаоллигини ҳисобга олиш ҳақида ҳам анча гаплар бўлди. Мазкур соҳалардаги муаммоли масалаларни ҳал этиш билан шуғулланаётган мутахассислар юқори малакали эканлигига шак-шубҳа йўқ. Зотан бу нарса аудиторлик хизматлари сифати билан чамбарчас боғлиқдир.

Қўлланиб келинаётган сифат мезонлари орасида муҳим кўрсаткичлардан бири дея тушум ҳажмига алоҳида эътибор қаратишади. Бизда бошқа ташкилотларнинг кучи билан бажарилган иш ҳажми каттагина ҳиссани ташкил этувчи фирмалар ҳам пайдо бўлган. Бундай ҳажмни рейтинг кўрсаткичига киритиш тўғри бўлмайди. Бу нарса статистика маълумотларини бузиб кўрсатади, чунки тушум ҳажмларининг муайян қисми икки бора ҳисобга олинади. Ташкилот фақат ўз кучи билан бажарган ҳажм ҳисобга олинмоғи лозим. Шу муносабат билан аудиторлик ташкилотлари Молия вазирлигига тақдим этадиган ҳисоботларда «Шу жумладан ўз кучи билан бажарилган ҳажм» деган кўрсаткични қўшиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биринчи, кўпроқ иккинчи даражадаги солиштирма оғирлик тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим йўналиш ҳисобланади. Ҳар хил сертификатларнинг солиштирма оғирлиги бўйича ҳар йили турфа хил низолар келиб чиқади. Бу борада мавжуд барча сертификатларнинг тўлиқ ёки деярли тўлиқ жамламасига эга бўлган мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда натижаларни қайта ишловдан ўтказиб, тегишли солиштирма оғирликни аниқлаб олиш лозим.

«Энг яхши аудитор» деган ном учун ўтказиладиган танлов аҳамиятига баҳо беришга янада теранроқ тарзда ёндашмоқ керак. Бунда шунчаки иштирок этиш эмас, балки натижалар инобатга олинмоғи даркор. Муаллифнинг танловни 2 номинация бўйича ўтказишга доир таклифлари «Норма маслаҳатчи» газетасининг 18.03.2014 йилдаги 11 (452)-сонида эълон қилинган «Аудитор хабарномаси»да баён этилган эди.

Энди 2013 йил натижалари бўйича рейтинг якунлари тўғрисида икки оғиз сўз. Аудиторлик ташкилоти раҳбарларининг ҳар бири якуний ахборотни олгач, ўз ташкилоти натижаларини рақобатчилари натижалари билан солиштириб кўради, албатта. Чунончи, ташкилотимиз иш натижаларини рейтинг бўйича дастлабки ўнлик таркибидаги фирмалардан бирининг натижалари билан муқояса қилиш ҳар иккала ташкилотнинг дастлабки икки бўлим – «Молиявий натижалар» ва «Ишчанлик фаоллиги» бўлимлари бўйича баҳоланган фаолият натижалари хил эканлигини кўрсатди, аммо учинчи, «Корпоратив салоҳият» деб номланган бўлим бўйича фарқ бор. Ана шу тафовут бизни 20-ўринга тушириб юборди.

Бундай тафовутнинг асосий сабаби ходимлар сонидаги фарқдир. Бу йил «Ходимларнинг умумий сони» деган қўшимча кўрсаткич ҳам пайдо бўлибди. Натижада, агар фирма ходимлари сони 2–3 баравар кўпайган бўлса, ана шунинг эвазига рейтингда у дастлабки ўнликдан ўрин олади. Бироқ фирма кўрсатадиган хизматлар сифати пасаяди, чунки кўп киши ишлайдиган ташкилотда ишнинг юқори сифатини таъминлаш кам сонли ташкилотдагидан мураккаброқдир. У ҳолда рейтинг олдига қандай рағбатлантирувчи вазифа қўйса бўлади? Корпоратив салоҳият дегани энг аввало ташкилотнинг ранг-баранг вазифаларни ҳал эта билиш қобилияти демакдир. Бунда ҳар қандай мураккабликдаги вазифани юксак профессионал даражада ҳал эта биладиган фирма энг яхши деб топилмоғи даркор.

Рейтингнинг мезонлари ҳамда солиштирма оғирлигини (аҳамиятини) узил-кесил шакллантириш тартиби сир эмас. Янги кўрсаткичлар хўжалик юритувчи барча субъектларни аудитдан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган йирик фирмаларнинг вакиллари қарори билан киритилади. Янги мезоннинг (кўрсаткичнинг) киритилиши аудиторлик фирмаларининг ўн-ўн бешта вакиллари томонидан ҳал этиб қўя қолинмаслиги лозим. Барча фирмаларнинг фикр-мулоҳазаларини тўплаб, ишловдан ўтказиш ва далиллаш таомилларидан кейингина тегишли қарор қабул қилинмоғи керак.

Рейтинг якунлари бўйича конференцияда «Tsiar-Finans» аудиторлик ташкилоти вакили томонидан йирик аудиторлик ташкилотларида аудиторлар сонини 12 кишига етказиш таклифи билдирилди. Бунда нима сабабдан уларнинг сони 10 ёки 14 нафар эмас, айни 12 нафар бўлишига доир биронта важ-далил кўрсатилмади. Сертификатланган аудиторлар сони билан боғлиқ талаблар қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган Ўзбекистондан бўлак давлат жаҳонда йўқ экан. Аудиторлар сонининг энг кам чегарасига оид талаблар ҳозирги вақтда Россияда белгилаб қўйилган бўлиб, бу кўрсаткич 3 кишидан иборат. Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан қўшни Қозоғистонда мазкур кўрсаткич 2 кишидан иборат қилиб белгиланган. Жаҳонда ҳеч бир мамлакатда Ўзбекистонда бўлгани каби аудиторлик ташкилотларини аудиторлар сонига (2, 4 нафар ва 6 нафардан ортиқ) қараб уч гуруҳга бўлмайдилар. Ўзбекистонда аудитни ривожлантиришнинг муайян босқичида гуруҳларга бўлиш таомили қандайдир даражада асосли бўлган эса-да, бугунги кунда сунъийлик теграсидаги бундай ёндашув оддий саволларга ҳам мужмал жавоблар берилишига олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан муқобил таклиф сифатида қуйидагилар тавсия этилади:

аудиторлик ташкилотларини гуруҳларга (лицензияларни турларга) бўлишни бекор қилиш;

лицензия олиш учун аудиторларнинг энг кам миқдори 3 кишидан иборат бўлади деб белгилаш;

лицензия талаблари жумласига давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва йирик корхоналарни текширишда аудиторларнинг энг кам миқдори юзасидан тегишли талабларни киритиш.

Ана шу таклифларни амалга ошириш, фикримизча, аудитни янада ривожлантиришга ва ҳозирги кунда учраб қолаётган салбий ҳолатларни бартараф этишга ёрдам беради.

Рейтинг услубиятини такомиллаштириш ва тасдиқлаш тартибига оид янги низом ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир. Унда қуйидаги изчиллик назарда тутилмоғи керак: рейтингнинг дастлабки якунлари барча аудиторлик ташкилотларига юборилади ва улар юзасидан келиб чиқиши эҳтимоли бўлган даъволар, иддаолар йиғиб олиш учун муайян (10 кундан кам бўлмаган) муддат белгиланади. Ана шундан кейингина рейтинг якунлари Кенгаш томонидан тасдиқланади ва аудиторлик ташкилотларининг рейтинги якунланади. «Аудитрейтинг» компаниясининг иши ҳам баҳоланмоғи керак.

Мазкур материалда мавжуд барча муаммоларни бирма-бир санаб чиқиш вазифаси ўртага қўйилмаган. Гап янада асосли ва далил-исботли тарзда тузатишлар киритиб, бутун рейтинг тизимини мукаммаллаштирсак, у Ўзбекистонда аудитни ривожлантиришга шунчалик ижобий тарзда таъсир ўтказишини тўғри англаб етишдадир.

 

Борис ФРОЯНЧЕНКО,

Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар

миллий уюшмаси ҳузуридаги
Аудиторлар кенгаши раиси, «Fineks» МЧЖ аудиторлик ташкилоти директори.

Прочитано: 2194 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика