Мен МЧЖ шаклидаги иккита корхонанинг таъсисчиси бўламан. Ҳар икки корхона 4 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб, ушбу корхоналарни қўшиб, битта корхонани ташкил этмоқчиман. Корхоналарнинг бири туристик фаолият билан шуғулланишга лицензияга, иккинчиси эса улгуржи савдо ҳуқуқини берувчи лицензияга эга. Икки корхона қўшилганда, улар эга бўлган лицензиялар ўз кучини йўқотадими ёки йўқми?
Лобар Турсунхўжаева,
МЧЖ таъсисчиси.
Тошкент шаҳри.
– «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги 71-II-сон) 23-моддаси биринчи қисмига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши юридик шахснинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда – қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан тугатилади, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно.
Юридик шахс қўшилиш шаклида қайта ташкил этилганда иккала юридик шахс лицензияларининг амал қилиши тугатилади.
Бир юридик шахс бошқасига қўшиб олинганда эса фақат қўшиб олинаётган юридик шахс лицензиясининг амал қилиши тугатилади. Уни қўшиб олган юридик шахснинг лицензияси амал қилишда давом этади.
Жавобларни солиқ маслаҳатчиси
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.