Norma.uz

Тил миллатнинг маънавий бойлиги

21 октябрьЎзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинган кун 

 

Уни келгуси авлодларга тўла-тўкис етказиш муқаддас бурчимиздир

 

Мана бугун ўзбек тилига расмий давлат тили мақоми берилганлигига йигирма беш йил тўлди. Албатта, бу тарих учун унча катта муддат бўлмаса-да, ўтган давр мобайнида миллий тилимизнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ мавқеини ошириш, софлигини сақлаш, йўқолиб кетган сўзларни қайта тиклаш, бу борадаги қонунчилигимизнинг маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.

Марказда ва жойларда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг амалга оширилиши бўйича мувофиқлаштирувчи тил комиссиялари тузилиб, барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат тилида эълон қилиниши, давлат бошқаруви органлари, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг муҳрлари давлат тилида юритилиши, республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалари ва географик объектларининг номлари давлат тилида акс эттирилиши таъминланди. 

 

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда оқилона ва ниҳоятда холислик билан амалга оширилаётган тил сиёсати барча демократик тамойилларга мос келади. Буни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасидаги «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деган меъёрлар мисолида кўриш мумкин.

Ушбу конституциявий меъёрлар асосида Қонуннинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланиши, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилиши назарда тутилди.

Қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахсларга таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилди. Давлат зиммасига фарзандларимизнинг давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам умумий, ўрта махсус ва олий маълумот олишни таъминлаш вазифаси юклатилди.

Мамлакатимизда ўзбек тили эркин қўлланилмайдиган бирорта соҳа йўқ. Миллий тилимиз ўзининг кенг имкониятларини барча соҳалар сингари энг мураккаб илм-фан, ахборот-коммуникация технологиялари, молия-банк тизими ва бошқа жараёнларда ҳам тўлиқ намоён қилмоқда. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Ўзбек тилининг компьютер ва Интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт каби махсус термин ва тушунчаларни талаб қиладиган соҳаларда ҳам кенг қўллана бошлагани унинг имкониятлари нечоғлиқ катта эканини кўрсатади».

Мустақиллик шарофати билан тилимизнинг нуфузи нафақат ёшлар, катталар орасида ҳам, ҳатто чет мамлакатларда ҳам ошиб бормоқда. Унинг жозибаси хорижликларни ҳам ўзига мафтун қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали чет эллик меҳмонларнинг ўзбек тилида сўзлаганларини эшитиб қоламиз. Бизнинг тилимизда бошқа миллат вакиллари, айниқса, хорижлик меҳмонлар сўзлашганини эшитганимизда қалбимиз ғурур ва ифтихор туйғулари билан тўлади. Бу албатта, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.  

Шунга қарамасдан, Қонуннинг айрим нормалари бузилаётганлигини кўрганимизда кўнглимиз ранжийди. Масалан, Қонуннинг 20-моддасида «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин» деб белгилаб қўйилган. Аммо, шаҳар ва қишлоқларимизда ушбу норма талабларига риоя этмаслик ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Бундан ташқари, Қонуннинг 21-моддасидаги «Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланади» деган нормага ҳам тўлиқ риоя қилинмоқда, деб бўлмайди. Чунки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган айрим турдаги маҳсулотларнинг ёрлиқлари хорижий тилларда ёзилганини кўриб қоламиз.

Бу ҳақда мутахассислар билан суҳбатлашганимизда, ўзбек тилида айрим сўзларни топиш қийинлиги тўғрисидаги фикрларини илгари суришади. Балки ишлаб чиқариш технологияси ва иқтисодиётда учрайдиган айрим янги сўзларнинг ўзбек тилидаги таржимаси йўқдир. Бундай ҳолатларда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 7-моддасига мурожаат қилиш даркор бўлади.

Унда белгиланишича, бундай жумбоқлар «Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади.

Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди.

Янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади», деган меъёрлар асосида ҳал этилади.

Ўзбек тилининг ривожини таъминлаш, аввало, ҳаммамизга, миллий ғуруримизга, ҳуқуқий маданиятимизга ҳамда Ватанга бўлган муҳаббатимизга боғлиқ. Зеро, тилимиз миллатимизнинг маънавий бойлиги тариқасида барча эзгу ишларимиздан таралган зиё бўлиб, келажагимизни ёритиб турсин.

 

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

«Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур».

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ислом КАРИМОВ.

Прочитано: 4329 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика