Norma.uz

Ҳар эҳтимолга қарши хатланди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

ХФ (Харидор) ва МЧЖ (Сотувчи) 2013 йил декабрида 40 млн сўмлик товар етказиб беришга шартнома тузишди. Сотувчи ўзининг мажбуриятларини бажарди ва ушбу суммага товарларни етказди. Бироқ Харидор умумий суммадан қолган 11 млн сўмни тўламади. Шу муносабат билан Сотувчи хўжалик судига 11 млн сўм асосий қарз, тўлашни кечиктирганлик учун 2 млн сўм пеня, 130 минг сўм давлат божи ва 7,2 минг сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

Хўжалик судининг 5.03.2014 йилдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖнинг даъво талаблари тўлиқ қондирилди.

2014 йил апрелида тарафлар қарзни бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида битимга келишдилар ва уни 6 ой мобайнида сўндириш жадвалини тасдиқладилар.

Май ойида Харидор хўжалик судига суднинг 5.03.2014 йилдаги ҳал қилув қарори ижросини 2014 йил 1 декабргача бўлиб-бўлиб бажариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Хўжалик суди уни ўзининг ажрими билан қондирди, суднинг ҳал қилув қарори ижросини бўлиб-бўлиб бажариш имкониятини берди ва айни вақтда ундирувчининг аризасига кўра Харидорнинг автотранспорт воситаларини қарз суммасига хатлаш кўринишида даъвони таъминлаш чораларини кўрди. Апелляция ва кассация инстанцияларида иш кўрилмади.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Қарздорга нисбатан даъвони қондирган хўжалик судининг ҳал қилув қарори кучга киргандан кейин МЧЖ ХФга суд ҳужжати ижросини бўлиб-бўлиб бажариш тўғрисида битим тузиш ташаббуси билан чиқди ва қарзни сўндириш жадвалини тасдиқлашни таклиф қилди. МЧЖ суднинг ҳал қилув қарори ижросини бўлиб-бўлиб бажаришга қарши эътироз билдирмайди. Бунда Хўжалик процессуал кодексининг (бундан кейинХПК) 217-моддасига мувофиқ жадвал бажарилиши кафолатини таъминлаш учун МЧЖ (Сотувчи) қарз суммасида, яъни 13 137 200 сўм миқдорида Харидорнинг автотранспорт воситаларини хатлашни илтимос қилди.

 

ХФ ПОЗИЦИЯСИ

2014 йил 5 мартда хўжалик суди ХФдан қарзни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди. Шу муносабат билан ХФ хўжалик судига суднинг ҳал қилув қарорини бўлиб-бўлиб бажариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Узоқ ва самарали ҳамкорликни ҳисобга олиб, тарафлар суднинг ҳал қилув қарори ижросини бўлиб-бўлиб бажариш тўғрисида битимни имзоладилар ва 2014 йил 1 декабргача қарзни сўндириш жадвалини тасдиқладилар. Битим шартлари ва сўндириш жадвалини ўз вақтида бажаришни ваъда қилиб, ХФ автотранспорт воситаларини суднинг ҳал қилув қарори билан назарда тутилган қарз суммасига хатламасликни илтимос қилади.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далилларини тинглаб ва муҳокама қилиб ҳамда жавобгарнинг эътирозларини тинглаб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидаги далилларни тасдиқлади:

1) хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан ХФдан МЧЖ фойдасига 11 млн сўм асосий қарз, тўловни кечиктирганлик учун 2 млн сўм пеня, 130 минг сўм давлат божи ва 7,2 минг сўм почта харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво талаблари тўлиқ қондирилган;

2) тарафлар апрелда қарз тўловининг бўлиб-бўлиб тўланишига келишиб олдилар ва уни 6 ой мобайнида сўндириш жадвалини тасдиқладилар;

3) май ойида ХФ хўжалик судига суд ҳал қилув қарорининг ижросини 2014 йил 1 декабргача бўлиб-бўлиб бажариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 244-моддаси ва ХПКнинг 217-моддасига амал қилиб, суд ХФнинг аризасини қаноатлантириш керак деб қарор қилди. Бундан ташқари, суд ундирувчининг даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги аризасини ҳам асосли деб ҳисоблади ва қарздорнинг автотранспорт воситаларини хатлади.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

ФК 244-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмайди. ХПКнинг 217-моддаси биринчи қисмига асосан хўжалик суди қарздорнинг аризасига кўра суд ҳужжати ижросини бўлиб-бўлиб бажаришга рухсат беришга ҳақли. ФК 244-моддасининг иккинчи қисмига биноан етарли асослар мавжуд бўлганида суд қарздорга мажбуриятни бўлиб-бўлиб бажариш имконини беришга ҳақли. Бундан ташқари, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон) 32-моддаси биринчи қисмига асосан ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда, суд томонидан суд ҳужжатини бўлиб-бўлиб бажариш имкони берилади. Улар ичида энг кенг тарқалганлари суд ҳужжати ижросини бўлиб-бўлиб амалга ошириш тўғрисида тарафлар имзолаган битим, қарзни сўндириш жадвали ва бошқа ҳолатлар ҳисобланади.

Шуни таъкидлаш лозимки, қарзни сўндириш жадвали илова қилинадиган бўлиб-бўлиб бажариш тўғрисидаги битимни тузиш, бизнинг фикримизча, суд ҳужжатини бўлиб-бўлиб бажаришнинг энг мақбул усули ҳисобланади ва шу сабабли у хўжалик амалиётида энг кўп тарқалгандир. Айни вақтда ундирувчи қарзни сўндириш бўйича қарздордан қўшимча кафолатлар олиш мақсадида даъвони таъминлаш чораларига, шу жумладан ХПКнинг 77-моддасида назарда тутилган қарздорнинг мол-мулкини хатлаб қўйишга мурожаат этиши мумкин.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1995 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика