Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 41 / Янги қонун

Қасддан банкротлик учун жавобгарлик белгиланди

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хусусан,  қасддан банкротликка олиб келиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ҳуқуқий чораларни кучайтиришга ­эътибор қаратилмоқда.

 

2014 йил 5 сентябрда матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ана шундай ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан банкротлик соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда 2009–2012 йилларда хўжалик судлари томонидан жами 19 минг 145 банкротлик тўғрисидаги иш кўрилиб, 18 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъект банкрот деб топилган. Уларнинг кредиторлик қарзлари 4,7 триллион сўмни, шундан давлат бюджети олдидаги қарздорлик 3,5 триллион сўмни ташкил этган. Кредиторларга 84,9 миллиард сўм, давлат бюджети олдидаги қарздорлик учун 15,5 миллиард сўм тўланган, холос. Бунга банкротлик жараёни амалга оширилаётган вақтда хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағи ёки мулкининг мавжуд эмаслиги сабаб бўлган.

Таҳлиллар натижасида айрим корхоналар бозор иқтисодиёти шароитидаги рақобат муҳитига бардош беролмаётгани боис банкротлик ҳолатига тушган бўлса, баъзан банкротликка сунъий равишда йўл қўйилаётгани аён бўлди. Бунга «Банкротлик тўғрисида»ги қонунда суд бошқарувчилари зиммасига мансабдор шахсларнинг ва қарздор мол-мулк эгаларининг ҳаракатларида қасддан банкротликка олиб келиш ёки олдиндан ўйлаб содир этилган банкротлик аломатлари бор-йўқлигини ўрганиш вазифасини юкловчи қоидаларнинг йўқлиги сабаб бўлаётган эди.

Ушбу соҳада юзага келаётган бўшлиқларни тўлдириш мақсадида қабул қилинган янги қонун билан «Банкротлик тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Унда суд бошқарувчиларига қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш вазифасини юкловчи қоида ўз ифодасини топган. Хўжалик суди кредиторнинг аризасига кўра банкротликка оид ишни кўриб чиқиш чоғида қасддан банкротликка олиб келиш ёки сохта банкротлик ҳолатларининг бор-йўқлиги юзасидан экспертиза тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди. Эндиликда ишда иштирок этувчи шахслар ҳам хўжалик судига ана шундай экспертиза тайинлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.

Кредиторларга зарар етказиш мақсадини кўзлаган ҳолда қасддан банкротликка олиб келиш ғайриқонуний ҳаракат, деб баҳоланади. Зеро, давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 4 мартдаги «Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида»ги фармонида хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари корхоналарни банкрот бўлиш даражасигача етказгани учун жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши қайд этилган.

Бу борада жавобгарликни ошириш мақсадида Жиноят кодексига ҳам қўшимча киритилди. Унга кўра, қасддан банкротликка олиб келиш жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади.

Мулкдор томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу ўринда қасддан банкротликка олиб келиш аломатларига тўхталсак. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 августдаги қарори билан тасдиқланган «Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидалари»да яққол ифода этилган. Унга кўра, пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан қарздорга қасддан зиён ёки зарар етказган ҳолда жиноий тарзда фойдаланиш, тўлов интизомини бузиш ва шартнома мажбуриятларини бажармаслик, мол-мулкни баланс қийматидан паст нархда сотиш ёки уни текин бериш каби ҳаракатларнинг амалга оширилиши қасддан банкротликка олиб келиш аломатларига киради. 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур ҳаракатлар кредиторларга кўп миқдорда, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдорда зарар етказилишига олиб келган тақдирда жиноят ҳисобланади. Қонунда рағбатлантирувчи нормалар ҳам назарда тутилган, яъни, қасддан банкротликка олиб келган шахс етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги модда киритилган. Кредиторларга етказилган зарар миқдори белгиланган кўп миқдордан кам бўлса, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатда жавобгарга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.

 

Бундай чора-тадбирлар пул маблағлари ва бошқа мол-мулкдан оқилона фойдаланишга, корпоратив бошқарув сифатини яхшилашга, корхона иқтисодий салоҳиятини кўтариш ва иш ўринларини сақлашда корхона раҳбари ва мол-мулк эгаларининг масъулиятини оширишга кўмаклашади. Бундан ташқари, кредиторлик қарз миқдорини камайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш шартнома мажбуриятларини бажаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Мардонбек БОБОЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими. (ЎзА).

Прочитано: 2598 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика