Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 24 / Акс-садо

АЁҚШ кичик бизнес учун ҳам хизмат қилсин

Газетамизда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларининг хизматларига корпоратив карточкалар воситасида ҳақ тўлаш мавзуси бир неча маротаба кўтариб чиқилган. «СБХ»нинг 6.05.2014 йилдаги 18 (1030)-сонида чоп этилган «Корпоратив пластик карточка берадиган ҳуқуқлар» материали ҳам norma.uz сайтида қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Унинг иштирокчиларидан бирининг фикр-мулоҳазаларини бугун газетхонларимиз эътиборига тақдим этамиз.

С.Гурвич мунозара юритаётган «Poytaxt Oil» МЧЖ ҚКнинг хавотирланиши ўринли, у қўйган масала долзарбдир.

Яқин ўтмишда – марказлаштирилган режали иқтисодиёт шароитида юридик шахсларнинг рақамларига эга бўлган автомобилларга фақат хусусий авто­транспортга ёнилғи қуйишга мўлжалланган АЁҚШларда ёнилғи қуйганлик учун АЁҚШ ходимлари ва раҳбарлари жиддий жавобгарликка тортилган. Бунинг асосий сабаби – бензин учун фондлар юридик шахсларнинг авто­транспорти ва аҳолининг автомобиллари учун алоҳида-алоҳида берилган. Бензин сотилишини назорат қилиш қийин эмас эди, чунки АЁҚШлар ихтисослашган эди. Юридик шахслар учун АЁҚШда бензин талонлар бўйича, жисмоний шахслар учун АЁҚШда эса нақд пулга берилган.

Бугунга келиб ҳаммаси ўзгарди. Мамлакатда кичик ва хусусий бизнес муваффақият билан ривожланяпти, бозор иқтисодиётининг асосий механизмлари амал қиляпти. Истеъмолчиларнинг турларига қараб қонун йўли билан АЁҚШларнинг ихтисослашуви ҳам белгиланмаяпти. Шу сабабли ўз-ўзидан, айтайлик, кичик хусусий корхонанинг балансидаги автомобилга қаерда, қандай қилиб ва қандай қоидалар бўйича бензин қуйиш кераклиги хусусида саволлар туғилмоқда.

Уларга жавоб бериш учун ўтган асрнинг 90-йиллари бошида қабул қилинган, ҳозир ҳам амал қилаётган меъёрий ҳужжатларга разм соламиз.

Хусусийлаштирилган хусусий автоёнилғи қуйиш шохобчаларининг ишлаш тартиби тўғрисида вақтинчалик низомга1 мувофиқ хусусийлаштирилган хусусий автоёнилғи қуйиш шохобчалари (кейинги ўринларда АЁҚШ деб аталади) автомобилларни ва бошқа хусусий машина эгаларининг транспорт воситаларини ёнилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) билан таъминлаш корхонаси ҳисобланади. Бу ерда автомобиль ёнилғиси ва мойлаш материаллари фақат нақд пулга сотилади. Юридик шахслар тўғрисида шундай дейилган: «АЁҚШ томонидан давлат юк автомобилларига, автобусларга, муайян йўналишдаги автомобилларга, такси ва бошқа транспорт воситаларига ёнилғи-мойлаш материаллари тижорат банкларининг сўмдаги электрон карточкалари бўйича ёки белгиланган тартибда тарқатиш қайдномалари бўйича ва нақд пулга сотилади» (Автоёнилғи қуйиш шохобчаларининг ишлаш қоидалари2 16-банди). Ҳаммаси мантиқий кўринади – давлат мулкдор сифатида давлат автотранспорти учун ёнилғини реализация қилиш устидан назорат ўрнатиб, рухсатномалар, тарқатиш қайдномалари ва бошқаларни бериш тизимидан фойдаланади. Хусусий – нодавлат автотранспорт тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган.

ВМнинг 31.12.1998 йилдаги 542-сон Қарорида ҳам кичик ва хусусий бизнес рухсатномалар, тарқатиш қайдномалари ва лимит дафтарчалари бериш тизимидан фойдаланиши кераклиги хусусида қатъий кўрсатмалар йўқ. Рухсатномалар, тарқатиш қайдномалари ва лимит китобчалари бўйича автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун нефть маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган табиий газни бериш қоидаларида3 (бундан кейин – 2072-сон Қоидалар) истеъмолчиларнинг мулк шакли тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Ушбу соҳани яна бир муҳим ҳужжат – Моддий-техника ресурслари ­стратегик турларини сотишнинг махсус тартиби тўғрисида низом4 тартибга солади. Унда, хусусан, бензинни истеъмолчилар билан нефть базалари ўртасида шартномалар бўйича реализация қилиш қоидалари белгиланган. Бу ерда алоҳида «истеъмолчи» тушунчаси йўқ, бироқ асосан бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари – Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Навоий кон-металлургия комбинати, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, шаҳар йўловчи ташиш корхоналари тўғрисида сўз боради. Автоёнилғини биржа орқали реализация қилишнинг умумий тартиби ҳам қайд этиб ўтилади: «Очиқ биржа савдоларида автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини харид қилиш республика истеъмолчиларининг барча тоифалари томонидан тегишли брокерлар орқали амалга оширилади» (Низомнинг 36-банди). Бироқ унда ҳам автобензин истеъмолчилари сифатида кичик ва хусусий корхоналар тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги хулосаларни чиқарамиз:

1. Бирорта амалдаги меъёрий ҳужжатда нодавлат тузилмалари – автотранспорт мулкдорлари (кичик, хусусий ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотлар) рухсатномалар, тарқатиш қайдномалари ва лимит дафтарчалари бериш тизимидан фойдаланишлари шартлиги хусусида тўғридан-тўғри кўрсатма йўқ.

2. Бирорта ҳам амалдаги меъёрий ҳужжатда юридик шахслар томонидан нодавлат автотранспортига ёнилғи қуйиш учун банк пластик карточкаларидан фойдаланилишига тўғридан-тўғри рухсат берилмаган. Фақат 2072-сон Қоидаларда хизмат сафаридаги автомилларга ёнилғи қуйишга ҳақ тўлаш учун улардан фойдаланишга рухсат берилган (28-банд). Бироқ қонун ҳужжатларида бундай ҳолларда ЁММни АЁҚШ қандай фонд ҳисобига бериши кераклиги белгиланмаган.

Фикримизча, кичик ва хусусий корхоналар харид қиладиган автобензинга банк карталари билан ҳақ тўлашнинг қонунийлигини Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом5 билан асослаб бўлмайди. Ушбу ҳужжат умумий тусга эга ва стратегик ресурсларга киритиладиган автотранспорт учун ёнилғини реализация қилиш хусусиятларини тартибга солмайди. Бунинг устига, фикримизча, бензинни истеъмол учун кичик ва хусусий корхоналарга реализация қилишни чакана савдога киритиб бўлмайди.

3. Нодавлат юридик шахсларга тегишли бўлган автотранспортга ёнилғи қуйиш масаласини қатъиян ҳал этиш учун амалдаги меъёрий базага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдир. Фикримизча, давлат кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун имкони борича қулай шароитлар яратиш йўлида бораётган, мавжуд бюрократик тўсиқларга фаол қарши турган вазиятда ушбу қарор бозорга йўналган ва соддалаштирилган бўлиши – турли хил рухсатномалар, тарқатиш қайдномалари ва лимит дафтарчалари билан мураккаблашмаслиги керак.

 

1ВМнинг 9.06.1994 йилдаги 290-сон Қарори билан тасдиқланган.

2ВМнинг 6.05.1994 йилдаги 240-сон Қарори билан тасдиқланган.

3Ўздавнефтгазинспекция, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг АВ томонидан 23.01.2010 йилда 2072-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4ВМнинг 5.02.2004 йилдаги 57-сон Қарори билан тасдиқланган.

5ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.

 

Шарофиддин РЎЗМЕТОВ, экспертимизю

Прочитано: 2672 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика