Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 24 / Хусусий тадбиркорлик

Аёллар тадбиркорлигига камарбастамиз

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаётган республикамизнинг бир қатор тижорат банклари раҳбарлари иштирок этишди. Асосий фаолияти кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолияти, оилавий бизнес ва касаначиликни фаоллаштириш, айниқса қишлоқ жойларда аҳоли кенг табақаларининг микромолиявий хизматлардан баҳраманд бўлишини таъминлаш учун молиявий маблағлар бериш мақсадига йўналтирилган «Микрокредитбанк» ОАТБ Бошқаруви раисининг ўринбосари Асрор РАҲМОНОВ ушбу банк томонидан аёллар тадбиркорлигини молиялаш амалиёти хусусида тўхталиб ўтди.

 

– Аввало айтишим керакки, банкимизнинг кредит маблағларидан фойдаланаётган тадбиркорлик субъектларининг 54 фоизини айнан хотин-қизлар ташкил этади. Мижозларимизнинг мазкур тоифаси кредитлар ва фоизларни ўз вақтида тўлаши, қонунга итоаткорлиги билан ажралиб туришади.

Бугунги кунда банкимиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бошланғич сармоя шаклида энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 200 баробаригача миқдордаги, якка тартибдаги тадбиркорларга энг кам иш ҳақининг 50 баробари, деҳқон хўжалиги, микрофирмаларга энг кам иш ҳақининг 100 баробари ҳамда фермер хўжалигига энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдоридаги бошланғич сармоя микрокредитларини ажратиб келаётир. Микрокредитнинг кейинги йўналиши бўлган кичик бизнес субъектлари фаолиятини кенгайтириш ва бизнесни ривожлантиришга энг кам иш ҳақининг 500 баробаригача миқдорда имтиёзли микрокредитлар ажратмоқда.

Банкимиз томонидан кичик бизнес субъектларига таклиф этилаётган микромолиявий хизматлар қуйидаги бир қатор ўзига хос афзалликларга эга:

● микромолиявий хизматлар кўрсатиш мақсадидаги ресурсларнинг имтиёзли фоиз ставкасида эканлиги. Хусусан, бошланғич микрокредит учун йиллик 3 фоиз ҳисобидан, корхоналар фаолиятини кенгайтириш учун ажратилаётган микрокредитлар Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи ёки йиллик 5 фоиз ҳисобидан ҳамда микролизинг хизматлари йиллик 5 фоиз ҳисобидан амалга оширилмоқда;

● мазкур кредитлардан фойдаланиш учун банк филиалларига ташриф буюрган фуқаролар банк мутахассислари томонидан ташкил этилган 2 та базавий семинарларда бепул ўқитилмоқда;

● кредит ажратилишидаги ҳужжатлар соддалаштирилган бўлиб, тадбиркорлик субъекти кредит аризасига 3 та ҳужжатни илова қилади: булар пул оқимлари кўрсатилган бизнес-режа, таъминот ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоботлари. Якка тартибдаги тадбиркорлар эса 2 та ҳужжатни тақдим этади.

кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида кўчар ва кўчмас мулк, ликвидли қимматли қоғозлар, юридик учинчи шахсларнинг кафиллиги, суғурта полиси каби таъминот турларидан ташқари, таъминотнинг ноанъанавий турларидан (масалан, қимматли буюмларнинг олиниши, кичик кредитларнинг жисмоний шахс кафиллиги асосида ажратилиши ҳамда ўзаро гуруҳлар кафиллиги асосида синов лойиҳаларининг амалга оширилиши) кенг фойдаланиш.

Бундан ташқари, уч марта микромолиявий хизматлардан фойдаланган ва қарзларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаган тадбиркорлик субъектларига ишончли микрокредитлар ажратилмоқда.

Ўзаро гуруҳлар кафиллиги асосида микрокредит ажратилиши янги, ўзига хос тажрибадир. Бу борадаги ишлар Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистон аёлларининг иқтисодий ҳуқуқларини ҳаётга кенг татбиқ этиш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳанинг мақсади оддий қишлоқ аёлларининг тадбиркорлик қобилиятини ривожлантириб, даромад келтирадиган режаларни тузишга, ўз бизнесини бошлашга ҳамда оилани иқтисодий жиҳатдан яхшилашга кўмак бериш ва шу орқали аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдан иборатдир.

Лойиҳанинг биринчи босқичида микрокредитлар Қанликўл, Тошлоқ ва Қарши туманлари тадбиркор аёлларига ажратилган бўлса, кейинги босқичда ушбу синов лойиҳасига яна 3 та манзилли туманлар – Юқоричирчиқ, Фориш ҳамда Мирзаобод қўшилди. Биринчи босқичда микрокредитлар 174 нафар аёлга ажратилган бўлса, кейинги босқичда гуруҳ аъзолари ўзаро кафиллиги асосидаги қарз маблағлари 360 нафардан ошиқ аёлга берилди.

Бизнесни юритиш учун кишида авваламбор билим ва кўникма бўлиши талаб этилади. Республикамизнинг чекка туманларида истиқомат қилаётган аёлларимизнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, эҳтиёжманд оилалар даромад манбаини ошириш мақсадида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда Олтинсой, Музробод, Қизириқ, Касби, Ғузор, Яккабоғ, Чуст, Мингбулоқ, Қўшкўпир, Гурлан ва Бухоро туманларида ҳамда Қўмита ва Европа Иттифоқининг «Эҳтиёжманд оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг 6 та маҳалласида бошланғич сармоя микрокредитларига эҳтиёжи мавжуд бўлган аёлларни аниқлаш, тадбиркорлик асосларига ўқитиш, уларга гуруҳлар кафиллиги асосида микрокредитлар ажратилишида ташкилий ва молиявий кўмак бериш ишлари ташкил этилаётир.

Бир сўз билан айтганда, банкимиз мижозлар учун, айниқса тадбиркор аёллар учун кредит линияларини очар экан, авваламбор уларнинг ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, қолаверса маҳаллий иқтисодиётимиз салоҳиятини оширишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Прочитано: 3022 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика