Бугунги кунда юзлаб маҳаллалар, турар жой мавзеларида янги хизмат кўрсатиш шохобчалари, нон ва қандолатчилик цехлари, савдо нуқталари, гўзаллик салонларининг барпо этилишига тадбиркорлар, хусусан аёл тадбиркорлар томонидан банкларнинг қарз маблағларидан самарали фойдаланиш натижаси ўлароқ эришилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3434-сон Фармони хотин-қизларимизнинг мамлакат социал-иқтисодий ҳаётидаги фаоллигини оширишга катта туртки бўлди. Миллий матбуот марказида ташкил этилган Хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш, оилавий бизнесни ривожлантириш ва бандликни таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.
Умуман, Ўзбекистонда тадбиркор аёллар қандай шарт-шароитларда фаолият юритишмоқда, кредитлар олиш борасида уларда қандай муаммолар бор, гаров мулкини тақдим этишда қийинчиликлар мавжудми?
Ўтказилган тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, тадбиркор аёлларнинг 67 фоизи бошланғич капитал маблағларини оиласи ва яқинларидан (шунинг 39 фоизи – турмуш ўртоғидан), 33 фоизи эса банк кредитлари ҳисобидан шакллантирар экан. Бу, албатта, хотин-қизларнинг банк тизимига ишончсизлиги ёки бошқа сабабдан эмас, балки шу тарзда маблағга эга бўлиш нисбатан осон туюлиши омили билан боғлиқ бўлса ажаб эмас. Чунки қуйида келтирилган жадвал ҳар ҳолда тадбиркор аёллар тижорат банкларидан кредитларни йилдан йилга кўпроқ олишаётганини тасдиқлайди.
Республика тижорат банклари томонидан аёлларга ажратилган кредитларнинг ҳажми
Йиллар
|
Кредит миқдори
|
2007
|
90, 1 млрд сўм
|
2008
|
148,7 млрд сўм
|
2009
|
204,2 млрд сўм
|
2010
|
264,9 млрд сўм
|
2011
|
335, 5 млрд сўм
|
2012
|
491,7 млрд сўм
|
2013
|
697,8 млрд сўм
|
– Албатта, тижорат банклари тадбиркорликни, айниқса хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Дилбар Олимжонова. – Ҳамкорликдаги фаолиятимиз натижасида ҳатто банклардан кредит олишда асосий тўсиқ бўладиган гаров таъминоти масаласини ҳам ҳал этишга муваффақ бўлинди.
Дарҳақиқат, кредит олиш борасида гаров таъминоти муҳим ва ҳал этилиши қийин масалалардан ҳисобланади. Лекин республика Хотин-қизлар қўмитаси бу масалани UNWOMEN (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёллар тузилмаси) кўмагида қисман ҳал этишга эришди: ушбу халқаро ташкилот ҳамкорлиги ва «Микрокредитбанк»нинг молиявий кўмаги остида «Ўзбекистон аёлларининг иқтисодий ҳуқуқларини ҳаётга кенг татбиқ этиш» лойиҳаси доирасида республикамизнинг 6 та ҳудудидаги маҳаллаларда кам таъминланган аёлларга гуруҳ кафиллиги асосида кредитлар бериш тажрибаси амалга оширилди. Кредит маблағларининг асосий ва фоиз суммалари ўз вақтида, тўлиқ қайтарилиши банкларнинг бундай мижозларга ишончи ортишига олиб келди. Гуруҳ кафиллиги остида кредитлаш тажрибасини янада кенгроқ оммалаштириш учун Хотин-қизлар қўмитаси Марказий банкка тегишли таклифлар билан чиқмоқда.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан банк ходимлари яқин хориж мамлакатлари банкларидаги активларнинг 50-55 фоизини муаммоли кредитлар ташкил этишини эътироф этишди. Айни вақтда бу борада бизнинг банк тизимимизда муаммоли кредитлар улуши унча катта эмаслиги, кредитларнинг қайтарилиш даражаси юқорилиги яхши кўрсаткич эканлиги таъкидланди. Айниқса, тадбиркор аёллар томонидан олинаётган кредитлар ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилаётгани билан алоҳида ажралиб турганлиги боис, сўнгги 10 йил давомида уларни кредитлаш 30 баробардан зиёдга ўсди ва 2,6 трлн сўмдан ошди. «Соғлом бола йили»да эса айнан хотин-қизлар тадбиркорлиги учун тижорат банклари томонидан 600 млрд сўмдан зиёд кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.
Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, ишчи-ходимларининг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этган кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банкларимиз имтиёзли кредитлар ажратиб келаётир.
Шу билан бирга аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида тижорат банклари чет эллик инвесторлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишган. Хусусан, Халқ банки ва «Микрокредитбанк» Халқаро ҳамкорлик бўйича омонат кассалари жамғармаси (Германия) билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган. Ана шу ҳамкорлик натижасида Жамғарма маблағлари ҳисобидан юқоридаги банкларда Кичик тадбиркорликни микрокредитлаш жамғармаси шакллантирилди. Бугунги кунда Жамғарманинг кредит маблағлари қишлоқ жойларда аёллар томонидан ташкил этилган, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, касаначилик фаолияти ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда.
Президентимизнинг ПФ-3434-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси билан Марказий банк ўртасида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлигининг барча шаклларини ривожлантириш, молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий-иқтисодий билимларини ошириш, аёллар раҳбарлигидаги корхоналарга инвестицияларни жалб этиш, хорижий тажриба билан танишиш ҳамда тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағларидан кенг фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ана шу режалар асосида тадбиркор аёллар бизнес ташаббусларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши хотин-қизларимизни бизнес оламида янгидан-янги марраларга чорлаётгани кундек равшан.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан келтирилган БМТ маълумотларига кўра:
● ҳозирда жаҳонда иш вақтининг 67 фоизи аёллар меҳнати улушига тўғри келади;
● хотин-қизлар озиқ-овқат маҳсулотларининг 50 фоизини ишлаб чиқаради;
● умумжаҳон даромадининг 10 фоизинигина аёллар ишлаб топади;
● дунё мол-мулкининг бор-йўғи 1 фоиздан камига аёллар эгалик қилади.
Мамлакатимиз статистикаси «тилга кирганда»:
1991 йилда ташкил топган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг бугунги кунда 208 та бўлим ва бўлинмалари, 41 мингга яқин бошланғич ташкилоти мавжуд;
«Тадбиркор аёл» ассоциациясининг ҳозирги вақтда 12 000 нафардан зиёд аъзолари бор;
ўтган давр мобайнида Ассоциация томонидан 130 000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган;
тадбиркорликни бошламоқчи бўлган 14 000 нафардан ортиқ хотин-қизлар бизнес асосларига ўқитилди;
вақтинча ишсиз аёлларнинг 9 000 нафари меҳнат бозорида зарур бўлган касб-ҳунарга йўналтирилди;
Ўзбекистондаги тадбиркорларнинг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади;
аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналарда умумий ишчи-ходимлар сонининг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этади;
хусусий корхоналарнинг деярли 35 фоизига аёллар етакчилик қилади;
тадбиркор аёлларнинг 62 фоизи ўрта-махсус, 24 фоизи ўрта ва 14 фоизи олий маълумотга эга.
Нодир АЛИМОВ,
«СБХ» мухбири.