Бизнинг корхона қурилиш-таъмирлаш ишларида қолдиқ бўлиб қолган қурилиш материалларини бошқа бир корхонага текинга берди. Бу қурилиш материаллари бухгалтерия ҳисобида харид қилиш қиймати, яъни 5 600 минг сўм (ҚҚСсиз) бўйича ҳисобга олинган.
Айтинг-чи, биз қайд этилган ортиқча қурилиш материалларини текинга берганимизда ҚҚС қандай тарзда ҳисоб-китоб қилинади ва бунда ҚҚС ҳисобга қабул қилинадими-йўқми?
Ойдин Тожибоева,
МЧЖ бухгалтери.
Жиззах вилояти.
– Солиқ кодексининг 219-моддасига асосан қуйидагилар бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди:
1) олинаётган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича, шунингдек молиявий ижарага, шу жумладан лизингга бериш учун олинаётган мол-мулк бўйича;
2) ҚҚС тўловчиси бўлмаган юридик шахслар томонидан, шунингдек Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСдан озод қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар томонидан фойдаланиш учун олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича;
3) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича;
4) текинга олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича, бундан олувчи томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича Солиқ кодексининг 218-моддаси биринчи қисмининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган тартибда ҳисобга олиниши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи тўланган ҳоллар мустасно;
5) Солиқ кодексининг 147-моддасига мувофиқ чегириб ташланмайдиган харажатларни амалга ошириш мақсадида олинган мол-мулк бўйича. Хусусан, Солиқ кодексининг 147-моддаси 24-бандига мувофиқ, солиқ тўловчининг асосий воситалари ва бошқа мол-мулкининг (активларининг) чиқиб кетишидан (балансдан чиқарилишидан) кўрилган (бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган) зарарлар солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатларга киради.
Демак, сизнинг ҳолатда Солиқ кодекси 219-моддаси 5-бандининг меъёри амал қилади, жумладан, чегирилмайдиган харажатларни амалга ошириш мақсадида харид қилинган мол-мулк бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга қабул қилинмайди.
Шу тариқа, ҳақ олмасдан берилган материаллар бўйича ҚҚС ҳисобга қабул қилинмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҚҚС бўйича ҳисобга киритиш назарда тутилмаган мол-мулк реализация қилинганида, ушбу материаллар ҚҚС билан ёки ҚҚСсиз харид қилинганлигидан қатъи назар, солиқ солинадиган база уни реализация қилиш (чиқиб кетиш) қиймати билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади.
Корхона илгари ҳисобга қабул қилинган ҚҚСга тузатиш киритиши керак ва бунда баланс қиймати 6 720,0 минг сўм бўлади. Материал текинга берилганда сизнинг ҳолатингизда ҚҚС бўйича солиқ базаси вужудга келмайди, сабаби 6 720,0 минг сўм суммасида манфий фарқ, яъни зарар мавжуд.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати
ташкилоти эксперти Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.