Бизнинг МЧЖ (ХХТУТ бўйича коди – 18211, ЯСТ тўловчиси) аҳоли ва фермер хўжаликларидан тирик вазнда қорамол сотиб олиб, гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш ва колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2014 йилдан биз ташкилотларга пул ўтказиш йўли билан колбаса ва қорамоллар гўштини реализация қилмоқдамиз.
Гўштни сотиш қайси фаолият ҳисобланади? Жамиятимиз ЯСТни қандай ставка бўйича тўлайди? Биз бирон-бир солиқ имтиёзларидан фойдалана оламизми?
Шаҳло Рустамова,
МЧЖ бош бухгалтери.
Тошкент вилояти.
– Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотларнинг ХХТУТ бўйича батафсил классификацияси ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган.
ХХТУТнинг 18211 коди гўшт тайёрлайдиган (яъни гўштни тақсимлайдиган, саралайдиган, қадоқлайдиган ва ҳоказо), колбаса, дудланган маҳсулотлар ҳамда бошқа гўшт маҳсулотлари ва гўшт консервалари ишлаб чиқарадиган, шунингдек паррандани қайта ишлайдиган корхоналарга берилади. Сизнинг МЧЖ юқорида айтилган фаолият турлари билан шуғулланаётганлиги сабабли, у сизга берилган ХХТУТ кодига мувофиқ гўшт саноати корхоналарига киради.
2014 йилда саноат корхоналари учун ЯСТ ставкаси 5% миқдорида белгиланган (Президентнинг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сон қарорига 9-1-илова). Бунда Президентнинг 26.01.2009 йилдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-1047-сон қарорининг 8-бандига мувофиқ, асосий фаолият тури бўйича гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарга 2016 йил 1 январгача ЯСТ ставкасини 50%га камайтириш шаклида солиқ имтиёзи назарда тутилган.
Агар уларни қайта ишлаш ҳажми ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида камида 60%ни ташкил қилса, корхоналар гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган ҳисобланади.
Мазкур имтиёз бўшайдиган маблағларни ишлаб чиқаришни техникавий қайта жиҳозлаш ва модернизация қилишга, шу жумладан янги лабораториялар барпо этиш ва мавжудларини жиҳозлаш, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, шунингдек хом ашё базасини ривожлантиришга мақсадли тарзда йўналтириш шарти билан берилади.
Шуни қайд этиш лозимки, ЯСТ тўловчилари ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сонини ошириб юборган тақдирда, ходимлар сонини ошириб юборишга йўл қўйилган давр учун улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлардан маҳрум этилади (25.05.2000 йилдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» 69-II-сон Қонуннинг 5-моддаси).
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати
ташкилоти эксперти Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.