Мен давлат муассасасида ишлайман. Бўлим бошлиғи йилда бир марта таътилга чиқади, баъзан касал бўлади, шунда раҳбарият унинг вазифаларини менинг зиммамга юклайди.
Бўлим бошлиғининг вазифаларини вақтинча бажарганим учун менга қўшимча ҳақ бериладими, унинг миқдори қанча бўлади? Вақтинчалик ишни бажариш тўғрисидаги ёзув меҳнат дафтарчасига киритиладими?
Э.К.,
тизимлаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари.
Самарқанд вилояти.
– Меҳнат кодексининг (МК) 177-моддасига кўра иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни талаб этишга ҳақли эмас. Шу сабабли, агар сиз бўлим бошлиғининг вазифаларини бажаришга рози бўлмасангиз, ҳеч ким сизни бунга мажбур этишга ҳақли эмас. Сиз рад этиш ҳуқуқига эгасиз, бу меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланмайди.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра қўшимча иш бажариладиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади.
Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади. Агар ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, унинг миқдори томонларнинг келишувига кўра белгиланади.
Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30%идан юқори бўлиши мумкин эмас.
Меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар ёзилади. Ходимнинг илтимосига кўра меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврлар ҳақидаги ёзувлар киритилади (МКнинг 81-моддаси). Вазифаларни вақтинча бажариш тўғрисидаги ёзув меҳнат дафтарчасига киритилмайди.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.