2013 йил май ойида Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг етказиб бериш шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. 2013 йил ноябрида бошқа иш бўйича апелляция инстанцияси суди қарорининг асослаш қисмида белгиланишича, ушбу шартномага илова, яъни етказиб бериш жадвалини фақат бир тараф – харидор имзолаган, чунки сотувчи технологик жиҳатдан товарни кўрсатилган муддатда етказиб беришни таъминлаш имкониятига эга бўлмаган. Бунда етказиб бериш муддатлари ва суммаси масаласи биринчи иш бўйича, шу жумладан кассация инстанцияси томонидан ҳам илгари, 2013 йил май ойида кўрилган эди.
Апелляция инстанцияси судининг қарорига асосланиб, сотувчи ОХС кассация инстанциясининг етказиб бериш шартномасини эътироф этишни рад этиш тўғрисидаги қарорини Хўжалик процессуал кодекси 204-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига асосан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш хусусида ариза берди.
Апелляция инстанциясининг кўрсатилган қарори ОХС кассация инстанциясининг қарорини қайта кўриш учун асос ҳисобланадими?
А.Х., юрисконсульт.
Д.Ш., Миробод ҳайъати адвокати.
– Тартиб бўйича бошлаймиз. Сотувчи сизнинг вазиятда кўрсатган янги очилган ҳолатлар – сотувчи етказиб бериш шартномасига етказиб бериш жадвалини имзоламаганлиги, маҳсулот етказиб беришни шартнома билан белгиланган муддатда технологик жиҳатдан таъминлашнинг мумкин эмаслиги бўлган. Бу ҳолат апелляция инстанцияси қарорининг асослаш қисмида баён этилган.
Хўжалик процессуал кодекси 204-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига мувофиқ суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар асос бўлади.
ОХС Пленумининг «Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши ҳақида»ги Қарори (25.07.2003 йилдаги 111-сон) 4 ва 5-бандларига асосан янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим. Суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкин. Бироқ сиз илгари етказиб бериш жадвали ва суммаси масаласи турли инстанцияларнинг хўжалик судлари томонидан биринчи иш бўйича кўриш предмети бўлганлигини кўрсатгансиз. Бунинг маъноси шуки, етказиб бериш жадвалини имзоламаслик далили аризачига ва хўжалик жараёнининг бошқа иштирокчиларига, шунингдек хўжалик судига маълум бўлган.
Юқорида саналган ҳолатлар келтирилган асослар янги очилган ҳолатлар сифатида эътироф этилиши мумкин эмаслигини исботлайди, чунки улар илгари сотувчи томонидан айтилган ва турли инстанцияларнинг хўжалик судлари томонидан бошқа иш бўйича кўриб чиқиш предмети бўлган, айни шу сабабли апелляция инстанциясининг қарори ОХС кассация инстанциясининг қарорини қайта кўриш учун асос бўла олмайди.
Павел СИЛЬНОВ, адвокат.