Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхонамизнинг 1.01.2014 йил ҳолатига бизга етказиб берилган товарлар бўйича 1.01.2011 йилда ҳосил бўлган 86,4 млн сўмлик кредиторлик қарзи мавжуд.
Бугунги кунда ушбу кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришимиз мумкинми?
Унинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари қандай бўлиши ҳақида маълумот берсангиз.
Бу операция ДСИга топшириладиган Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сон шакл) акс эттириладими?
Корхона директори.
Андижон вилояти.
– 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»нинг (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) талабларига кўра жойлашган ери ва барча турдаги молиявий мажбуриятларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектнинг барча мол-мулки инвентарланиши керак. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш захиралари ва хўжалик юритувчи субъектга қарашли бўлмаган, лекин бухгалтерия ҳисобида қайд этилган (масъулиятли сақланишда бўлган, ижарага олинган, қайта ишлаш учун олинган) бошқа турдаги мол-мулклар, шунингдек, бирор-бир сабабга кўра ҳисобга олинмаган мол-мулк инвентарланиши керак.
Жумладан, корхоналарда муддати ўтган қарзларни аниқлаш мақсадида ҳисоб-китобларнинг инвентаризацияси ҳам ўтказилиши керак.
Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, даъво билдириш муддати ўтган кредиторлик қарзлари ҳисобдан чиқарилиши керак. Ҳисобдан чиқариш раҳбарнинг тегишли қарори ёки буйруғи билан амалга оширилади.
Фуқаролик кодексининг 150-моддасига асосан умумий даъво муддати – 3 йил деб белгиланган.
Сизнинг ҳолатингизда материаллар етказиб берувчиларга бўлган кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш корхона мажбуриятларининг камайишига ва тегишинча, унинг иқтисодий фойдасининг кўпайишига олиб келади. 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар» (АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган асосий хўжалик фаолиятидан олинадиган фойдани тан олиш мезонларига мувофиқ мазкур иқтисодий фойда ишончли ва аниқ ҳисобланганда, яъни даъво муддати тугаган пайтда даромад сифатида шаклланади.
Демак, юқорида келтирилган қоидалардан келиб чиқиб, сиз даъво билдириш муддати ўтган кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришингиз ва уни даромад сифатида тан олишингиз керак.
Мазкур операция 21-сон БҲМСга кўра бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, минг сўм |
Ҳисобварақлар корреспонденцияси |
Ёзувни тасдиқловчи ҳужжатлар |
|
дебет
|
кредит
|
|||
Даъво билдириш муддати ўтганлиги муносабати билан кредиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилди
|
786 400,0
|
6010
|
9360
|
Ҳисоб-китобларни инвентарлаш далолатномаси, корхона раҳбарининг буйруғи
|
Солиқ кодексининг 132-моддасига асосан Солиқ кодексининг 136-моддасига мувофиқ мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадлар товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар, яъни бошқа даромадлар таркибига киради.
Шунингдек фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ даъво муддати ўтган ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадларга киради.
Демак, кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан даромадлар фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг солиқ солинадиган базасига киритилади.
Бошқа даромадларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар солинмайди.
Бу операцияларни ҳисоботда акс эттириш масаласига келсак, Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларга (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг (2-сон шакл) «Асосий фаолиятдан бошқа даромадлар» 090-сатрида бўйича ҳисоби асосий фаолиятдан бошқа даромадларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида (9300) юритиладиган: асосий воситалар ва бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда, ундирилган жарима ва пенялар, ўтган йиллар фойдаси, оператив ижарадан даромадлар, кредиторлик ва депонентлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан даромадлар, хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг даромадлари, текин молиявий ёрдам ва бошқа операцион даромадлар кўрсатилади.
Демак, кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сон шакл) 090-сатрда акс эттирилади.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати
ташкилоти эксперти Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.