Ходим штат қисқариши муносабати билан ишдан бўшатилиши тўғрисида ишдан бўшатилишдан 2 ой олдин огоҳлантириш олди. Бир ой ишлагач, у жадвал бўйича навбатдаги таътилга чиқиши керак. Ходим ушбу даврда таътил олишга ҳақлими, зеро ишдан бўшатилиш санаси таътил даврига тўғри келадику? Қайси санани ишдан бўшатиш санаси деб ҳисоблаш керак – таътил тугаган сананими ёки огоҳлантириш муддати тугаган сананими?
И.Стамова,
кадрлар бўлими ходими.
– Штат қисқариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш уни иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш сабабларидан биридир (Меҳнат кодекси (МК) 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди).
Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни меҳнат шартномаси ходимлар штати бекор қилинганда камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт (МК 102-моддаси биринчи қисмининг 1-банди).
Таътилни ушбу даврда олиш хусусида сўз юритсак, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида уни аслида олиш ёки пулли компенсация олиш имконияти юзасидан ҳеч қандай чекловлар назарда тутилмаган. Бу қоида ташкилот штатини қисқартириш муносабати билан меҳнат муносабатлари бекор қилинадиган шахсларга ҳам татбиқ этилади.
Бироқ шуни эслатиш лозимки, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (МКнинг 100-моддаси учинчи қисми).
Шу тариқа, меҳнат шартномасини огоҳлантириш муддати тугаши муносабати билан МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига кўра бекор қилиш куни ходим таътилда бўлган вақтга тўғри келмаслиги керак. Ходим таътилдан кейин ишга чиқиши керак, чунки охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади (МКнинг 107-моддаси иккинчи қисми).
Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.