Ташкилотимиз (асосий фаолияти – ишлаб чиқариш) бухгалтерияси директорнинг шахсий уяли телефони хизматлари учун ҳар ойда 20 доллар эквиваленти миқдорида сўмда ҳақ тўлаб беради. Телефондан шахсий ва хизмат мақсадларида фойдаланилади. Бу тўланган сумма директорнинг даромади ҳисобланадими? унинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Т. Валиев,
бухгалтер.
Бекобод тумани.
– Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-бандига асосан юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини, мулкий ҳуқуқларни тўлаш солиқ тўловчи учун юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромадлар ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, ташкилот бухгалтерияси томонидан амалга ошириладиган директорнинг шахсий уяли телефони бўйича алоқа хизмати учун тўлов директорнинг даромадига киритилади ва унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.
Солиқ кодексининг 306-моддасига мувофиқ давлат ижтимоий суғуртасига мажбурий ажратмалар объекти бўлиб ходимнинг ушбу Кодекс 172-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақи тарзидаги даромадлари ҳисобланади.
Демак, сизнинг ҳолатингизда телефон хизмати учун тўланган сумма жисмоний шахсларнинг даромад солиғи объекти ҳисобланади, лекин давлат ижтимоий суғуртасига мажбурий ажратмалар бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» СМТ эксперти
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.