Агар ишдан бўшатиш тўғрисидаги ариза журналда рўйхатдан ўтказиб бўлинган бўлса, ходим уни қайтариб олиши мумкинми? Бу ҳолда маъмурият нима қилиши мумкин ва керак?
А.Баҳодирова,
кадрлар хизмати ходими.
Қашқадарё вилояти.
– Меҳнат кодекси (МК) 99-моддасининг учинчи қисмида ходимнинг огоҳлантириш муддати давомида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида берган аризасини қайтариб олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган меъёр қайд этилган.
Яъни агар ходим бирор-бир сабабларга кўра ишдан бўшаш фикридан қайтса, у ўзининг илгари берган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасини чақириб олиш тўғрисида ариза ёзиши керак. Ўзининг рўйхатдан ўтказилган аризасини олишга ҳақи бўлмайди.
Масалан, агар ходим ойнинг 1-кунида у билан меҳнат шартномасини ўз хоҳишига биноан 15-кунда бекор қилишларини сўраб ариза берган бўлса, у берилган аризани ушбу ариза тақдим этилган кундан бошлаб икки ҳафта мобайнида қайтариб олишга ҳақлидир. Агар ходим ойнинг 1-кунида иш берувчи билан меҳнат шартномасини, масалан, 6-кунда бекор қилиш тўғрисида келишиб олган бўлса, у берилган аризани фақат 6-кунгача (6-кун ҳам киради) қайтариб олишга ҳақли бўлади.
Ҳатто агар иш берувчи аввалроқ меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарган ёки ишдан бўшаётган ходимнинг лавозимига бошқа мутахассисни таклиф этган бўлса ҳам, у ходимнинг ўз аризасини огоҳлантириш муддати тугашига қадар қайтариб олишини рад этишга ҳақли эмас.
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.