Norma.uz

Баъзи қўшимчалар ҳақида

Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар янада либераллаштириш ва демократлаштириш йўналишида бормоқда. Суд тизимини ислоҳ қилиш натижасида низоларни ҳал қилишнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган нисбатан янги институти – ҳакамлик суди ишини юритиш пайдо бўлди.

 

Қисқа муддат ичида ҳакамлик судлари ва ҳакамлик суди ишини юритиш ўз ҳуқуқий базасига эга бўлди: уларнинг фаолияти «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қо­нун (16.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон, бун­дан кейин – Қонун) билан белгиланган, Фуқа­ролик ва Хўжалик процессуал кодекслари, бошқа ҳужжатлар эса улар қабул қилган ҳужжатларга доир махсус меъёрларни ўз ичига олади. Умумий юрисдикция судлари ва хўжалик суди билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судларининг роли ва ўрнини белгилайдиган ­меъёр алоҳида аҳамиятга эгадир (Фуқаролик кодексининг 10-моддаси).

Шунга қарамай, мазкур соҳа олимлари ва амалиётчилари орасида ҳакамлик судларининг фаолиятига нисбатан турли қарашлар ва фикрлар мавжуд. Ҳақиқатан ҳам, мулк ҳуқуқи ўтиши билан боғлиқ даъволарни кўришда уларнинг ҳуқуққа эгалиги, шунингдек мулк ҳуқуқининг ўтиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган мулкий низолар бўйича ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорини ихтиёрий бажариш тўғрисидаги баҳсларга ойдинлик киритилмаяпти.

Ҳакамлик суди ишини юритаётган юридик шахсларнинг даромадларига солиқ солиш масаласи ҳакамлик судлари фао­лияти тартибга солинишидаги яна бир муҳим жиҳатдир.

Миллий қонунчилигимизга кўра ҳакам­лик судлари юридик шахслар ҳисоб­лан­майди. Хусусан, доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари юридик шахс томонидан ташкил этилиши ва унинг ҳузурида фаолият юритиши мумкин (Қонуннинг 5 ва 6-моддалари). Бинобарин, ҳакамлик судини ташкил этувчи субъектлар, МДҲ мамлакатларининг худди шундай қонунлари билан белгиланган субъектлардан фарқ қилиб, ҳам тижорат, ҳам нотижорат ташкилотларига киритилиши мумкин.

Шу билан бирга, мутахассислар таъ­кид­ла­ганидек, ҳакамлик судининг ҳу­қу­қий жиҳатдан қайси субъектларга алоқа­дорлиги ва, бунинг оқибатида, унинг фу­қа­ролик муомаласидаги иштироки, фу­қаролик ҳуқуқларини олиши ва фуқа­ролик мажбуриятларини бажариши имконияти, фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлар бўйича жавобгарлиги ноаниқлигича қоляпти*.

Низоларни ҳал этиши керак бўлган ушбу тузилманинг табиатига кўра ҳакам­лик судларининг фаолиятини тижорат фаолиятига киритиб бўлмайди. Бироқ, шунга қарамай, фаолияти юридик шахснинг асосий (ёки тижорат) фаолияти билан боғланмаган ҳакамлик судларини алоҳида бўлинмалар деб эътироф этган маъқул.

Қонуннинг 20-моддасида белгиланишича, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳакамлик судьяларининг гонорари;

ҳакамлик муҳокамасини ташкилий, мод­дий жиҳатдан ва бошқача тарзда таъ­минлаш харажатлари;

ҳакамлик судьяларининг ҳакамлик муҳокамасида иштирок этиши билан боғлиқ харажатлари, шу жумладан, низони кўриб чиқиш жойига бориб келиш учун тўланадиган йўл ҳақи харажатлари;

ҳакамлик судьяларининг ёзма ва ашёвий далилларни мазкур далиллар турган жойда кўздан кечириш ҳамда текшириш билан боғлиқ харажатлари;

экспертлар ва таржимонларга тўлани­ши лозим бўлган суммалар;

гувоҳлар томонидан сарфланган харажатлар;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори тарафлардан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф вакилининг хизматлари ҳақини тўлаш харажатлари.

Ушбу рўйхат очиқ ҳисобланади, чунки ҳакамлик судлари муайян низо давомийлиги ва формати бўйича ҳал қилиниши билан боғлиқ барча эҳтимолий харажатларни назарда тута олмайди. Саналган харажатлар кўп жиҳатдан давлат судларининг харажатларига мос тушади ва даъволарни ҳакамлик судига киритганда тўланадиган «ҳакамлик йиғимлари»га киритилади.

Одатда ҳакамлик судлари томонидан йиғимларнинг қатъий белгиланган ставкалари белгиланади, уларнинг миқдори давлат судларига худди шундай даъволар киритилганда тўланадиган Давлат божи ставкаларига (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган) мутаносиб равишда ҳисобланади.

Шу муносабат билан ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахслар тасарруфида тўланган йиғимлар билан муайян низони ҳал этиш муносабати билан қилинган харажатлар ўртасидаги ижобий фарқ қолиши мумкин.

Амалиётнинг кўрсатишича, баъзи ҳа­камлик судларининг қоидалари билан ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсга, баъзан уларнинг юқори ташкилотларига ҳам, ҳакамлик йиғимларининг суммасига каррали миқдорда ҳисобланадиган ажратмалар белгиланган.

Бизнингча, тўланган сумма билан қи­линган харажатлар ўртасидаги фарқ, шунингдек юридик шахс ва юқори ташкилотларга ажратмалар суммаси ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахснинг даромадидир.

Амалдаги Солиқ кодексида (СК) ҳа­камлик суди ишини юритувчи юридик шахс­ларнинг даромадлари ҳамда солиқ мажбуриятларига таърифлар берилмаган.

Менинг фикримча, низонинг ҳакамлик суди томонидан ҳал этилишини «ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш», ҳакамлик суди ишини юритишни эса «реализация» дея атаб бўлмайди.

Қонун мазмунидан шундай хулоса чи­қа­риш мумкинки, юридик шахснинг ало­ҳида тузилмаси – ҳакамлик суди мо­ҳиятан хизмат кўрсатувчи хўжаликка яқин, фарқи шундаки, унинг фаолияти солиқ тўловчининг асосий фаолиятига хизмат кўрсатишга йўналтирилмаган ҳамда мазкур солиқ тўловчининг мақсади бўлган товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғланмаган. Ҳакамлик судига низони ҳал этиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга мўлжалланган тўловлар ҳам вазифасига кўра ўхшашдир (СКнинг 139-моддаси).

Шу муносабат билан амалдаги ­меъёрий ҳужжатларга баъзи қўшимча ва ўзгартишларни қонун чиқарувчилар кўриб чиқиши учун тақдим этишни зарур деб ҳисоблаймиз. Хусусан:

Қонун 6-моддасининг биринчи хатбошиси қуйидаги жумла билан тўлдирилсин: «Доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судининг мақоми уни ташкил этган юридик шахснинг хизмат кўрсатувчи хўжалигига тенглаштирилади»;

Қонун доимий фаолият юритувчи ҳа­камлик судини ташкил этувчи юридик шахснинг низони ҳал этиш муносабати билан олган даромадларига қонун ҳуж­жатларига мувофиқ солиқ солиниши тўғ­рисидаги меъёр билан тўлдирилсин;

СКнинг 139-моддаси қуйидаги хатбоши билан тўлдирилсин: «Ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсларнинг низони ҳал этиш билан боғлиқ даромадлари ҳакамлик суди харажатларини қоплаш учун олинган (олинадиган) маблағлар суммаси билан ҳакамлик судининг аниқ низони ҳал этиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади».

Қонун чиқариш ташаббуси билан чиқувчи субъектлар таклиф этилаётган қўшимчаларни ҳисобга оладилар деб ўйлайман, чунки улар солиқ қонунчилиги принципларига жавоб беради (СКнинг 5-моддаси), уларнинг ҳаётга татбиқ эти­лиши эса солиқ маъмуриятчилигига аниқ­лик киритади, жамоат ташкилотларини ҳакамлик судларини ташкил этишга рағбатлантиради ва тижорат тузилмаларига ҳакамлик суди ишини юритишнинг солиқ оқибатлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

 

*Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонунига шарҳ (Асьянов Ш.М. ва бошқалар).

 

Абдуғани МУҲАММАДБОЕВ,

хўжалик (тадбиркорлик) ҳуқуқи бўйича эксперт,

«BIMO’M» ННТ Бизнес ва инвестициялар муаммоларини ўрганиш марказининг раҳбари,

«NORMA» жамоатчи эксперти.

Прочитано: 2154 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика