Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 14 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЎҚИТУВЧИ УЧУН МЕЪЁР

 

Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2014 йилдаги 68-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (1.08.2008 йилдаги 164-сон) ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Олий таълим йўналиши ва мутахассислигига қараб кундузги таълим шакли бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони чекланган нормативини 1:12,5 нисбатида жорий этиш муддати 2017/2018 ўқув йилига қадар узайтирилди (илгари мазкур нормативнинг жорий этилиши 2014/2015 ўқув йилидан бошлаб назарда тутилган эди).

Ҳужжат шундай норма билан тўлдирилдики, унга мувофиқ вилоятлар блоклари ва таълим шакллари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг нормативлари Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идораларга ташкилий-методик ва тушунтириш ишларини амалга ошириш ҳамда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони чекланган нормативларини 1:12,5 нисбатида белгилаш учун республика олий таълим муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш топширилди (2009/2010 ўқув йилидан ҳозирги вақтга қадар 1:10,5 нисбати амал қилмоқда).

 

ИНХА УНИВЕРСИТЕТИ ТОШКЕНТДА

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 27 мартда Тошкентда Инха университети фаолия­тини ташкил қилиш ва моддий-техника базасини шакллантириш бўйича чора-тадбирларга доир 72-сон қарор қабул қилинди.

 Инха университети қуйидаги манзилдаги биноларда жойлаштирилади: Тошкент ш., Зиёлилар кўчаси, 9-уй ва 3а-уй, унга туташ ҳудудлар ва муҳандислик коммуникациялари билан. Шу муносабат билан Фанлар академияси (ФА) ва пойтахт ҳокимлигига Алишер Навоий номли Тил ва адабиёт институти, шунингдек Тарих институти ва «Фан» нашриётининг бошқа жойга кўчирилишини таъминлаш топширилди.

Белгиланишича, университет учун объектларни реализация қилишдан маблағлар (қонун ҳужжатларига мувофиқ Давлат рақобат қўмитаси тасарруфида қоладиган маблағлар бундан мус­тасно) истисно тариқасида Фанлар академиясининг махсус ҳисобрақамига йўналтирилиши лозим. Мазкур маблағларни Фанлар академиясининг асосий кутубхонасини модернизация қилишга, шунингдек унга қарашли илмий муассасаларнинг илмий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, замонавий юқори технологияли илмий жиҳозларни харид қилишга сарфлаш назарда тутилган. Бунда Университет ФА Асосий кутубхонаси биносидан бепул асосда фойдаланади.

Бундан ташқари, Қарор билан 2014 йил охирига қадар Университетнинг келгуси эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда унинг ўқув мажмуасини кенгайтириш, яқинида жойлашган ҳудудда янги объектларни, шу жумладан ётоқхоналарни қуриш ва жалб этиладиган чет эллик мутахассисларни жойлаштириш учун шароитлар яратишга доир таклифларни кўриб чиқиш назарда тутилган.

Қарор билан Тошкент шаҳрида Инха университети фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда, хусусан, жорий йилнинг март-апрель ойларида Университетда ўқув жараёнини ташкил қилиш ва ўқитиш учун Ўзбекистон ва Корея Республикасидан малакали мутахассислар танлови назарда тутилган. Танлаб олинган маҳаллий мутахассислар стажировка ўташ тартибида Инха университетига интенсив таълим учун юборилади.

Апрель ойида бакалавриат ўқув йўналишлари бўйича қабул режаси ҳамда абитуриентлар танлови ва қабули бўйича талаблар белгилаб олинади. Университетга қабул тўғрисидаги эълон ОАВда чоп этилади. Тасдиқланган Чора-тадбирлар режасига мувофиқ абитуриентлар учун тайёрлов курслари ташкил қилинади. Уларни тест синовларидан ва суҳбатдан ўтказиш, шунингдек қабул имтиҳонларини июль ойида ўтказиш кўзда тутилган.

Ўқиш 2014 йил 1 октябрдан бошланиши режалаштирилган.

Шуни эслатиб ўтамизки, ушбу қарор Президентнинг Тошкент шаҳрида Инха университетини ташкил қилишга доир қарори (24.03.2014 йилдаги ПҚ-2155-сон) ижроси юзасидан қабул қилинган, унга кўра, Инха университети (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг давлат таълими стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда талабаларни кундузги шаклда ўқитиш инглиз тилида олиб борилиши белгиланган.

Университет битирувчиларига Инха университетининг (Корея Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади, у Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб тан олинади.

Президентнинг Қарори билан шунингдек Тошкент шаҳрида Инха университети мутахассис­ларини ўқитиш ва тайёрлашнинг асосий йўна­лишлари (мутахассислик­лари) белгиланган: компьютер инжиниринги, дастур инжиниринги ва компьютер тармоқлари инжиниринги.

 

Маълумот учун: 1954 йилда ташкил қилинган Инха университети Жанубий Кореядаги дастлабки университетлардан бири ҳисобланади, у ерда турли мутахассисликлар бўйича 20 000 нафардан зиёд талаба таълим олади, фан ва техника, логистика, компьютер технологиялари, робот техникаси ва сунъий интеллект соҳасида Осиё мамлакатлари орасида етакчи. Университет Жанубий Кореядаги нуфузли олий ўқув юртлари сирасига киради. Унинг асосий мақсадларидан бири – дунёдаги энг яхши олий ўқув юртлар юзталигига кириш.

 

РАҲБАРЛАР УЧУН СЕРТИФИКАТ

Вазирлар Маҳкамасининг 27.03.2014 йилдаги 73-сон қарори билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари учун компьютер техникаси ва Интернет тизимида ишлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириш бўйича малака ошириш курслари ташкил қилинади.

Белгиланишича, олий таълим муассасалари негизида ташкил қилинадиган курсларда машғулотларни Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) 2014 йил апрель ойидан бошлаб ўтказади. Ҳужжат билан тасдиқланган рўйхатга 14 та олий таълим муассасаси киритилган, улар негизида Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоят бўйича биттадан ТАТУ малака ошириш курслари ташкил қилинади. Шу билан бирга, зарурат туғилганда республика туманларида академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари негизида ТАТУ малака ошириш курслари ташкил қилиниши белгиланган.

ТАТУ малака ошириш курсларига ўқитувчилар сифатида АКТ соҳасидаги юқори малакали амалиётчи мутахассислар жалб этилади.

Қарор билан шунингдек қуйидагилар тасдиқланди:

ТАТУ малака ошириш курсларини ташкил қилиш чизмаси;

курсларнинг ўқув дастури, унда 3 даражали таълим (энг кам – 12 соат, ўрта – 24 соат ва юқори – 36 соат) назарда тутилган. Таълим даражаси кесимида тингловчиларнинг рўйхати ходимларнинг лавозимлари, вазифалари ва мажбуриятларидан келиб чиқиб шакллантирилади. Давлат органи фаолияти хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ўқув дастурига ўзгартишлар киритилиши мумкин;

курсларда ўқитиладиган давлат ва хўжалик бош­қаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг рўйхати. Рўйхатдан 54 номдаги лавозим жой олган.

Ҳужжатда ўқиш тугаганидан сўнг аттестация ўтка­зилиши, унинг якунларига кўра тингловчиларга муво­фиқлик сертификатлари топширилиши ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар курсларнинг тингловчилари тўғрисида ягона маълумотлар базасига киритилиши назарда тутилган.

Давлат алоқа қўмитасига ТАТУ билан биргаликда АКТ соҳасида малака ошириш бўйича ихтисослашган ўқув порталини ва курсларнинг тингловчилари ҳақида ягона маълумотлар базасини ташкил қилиш топширилди.

Бундан ташқари, қабул қилинган қарор билан респуб­лика олий таълим муассасалари ҳузурида Вазирлар Маҳкамасининг мажмуалари базавий ўқув марказларини ташкил қилиш ҳақидаги таклиф маъқулланди. Вазирлар Маҳкамасининг мажмуаси базавий ўқув марказларини ташкил қилиш режалаштирилаётган олий ўқув юртлари рўйхатига соҳа мажмуаси назорат қиладиган йўналишларга мувофиқ келувчи ихтисослашган олий таълим муассасалари киритилди. Булар: Тошкент автомобиль йўллари институти, Банк-молия академияси, И.М.Губкин номли Россия нефть ва газ давлат университети филиали ва бошқалар (жами – 12 олий ўқув юрти).

Базавий ўқув марказлари юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда кўрсатилган олий ўқув юртларининг тузилмавий бўлинмалари сифатида ташкил қилинади, уларнинг фаолияти пуллик хизматлар кўрсатишдан келиб тушган ва бошқа бюджетдан ташқари тушумлар ҳисобидан молиялаштирилади.

АКТ соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари малакасини ошириш бўйича ТАТУ курслари ва базавий ўқув марказларининг фаолияти олий таълим муассасаларининг асосий фаолиятига тенглаштирилади.

Марказлар фаолиятини 2014 йил 1 сентябрдан бошлайди.

 

БЕҒАРАЗ АСОСДА

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек давлат мулкидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат мулкини самарали тасарруф этиш бўйича чора-тадбирларга доир қарори (28.03.2014 йилдаги 75-сон) билан бир қатор объектларни давлат органларига ва бошқа ташкилотларга беғараз асосда ўтказиш, шунингдек объектларни очиқ савдоларда баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган нархларда сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Ҳужжатда юқорида айтиб ўтилган объектларнинг 2 та рўйхати келтирилади.

Чунончи, масалан, ўтказиладиган объектлар орасида собиқ «Ором» дам олиш зонаси ҳам бор. У «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатига беғараз асосда берилади. Мулкий мажмуа – «Осиё-Чимён» меҳмонхонасидан тезкор бошқарув ҳуқуқи асосида Ўзбек миллий академик драма театри фойдаланади; Патент идорасининг аввалги биноси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тезкор бошқарувга берилади. Рўйхатда жами 22 объект бор. Бунда беғараз фойдаланишга бериладиган объектлар тезкор бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли туманлар ҳокимликларига бириктирилади. Объектларни келгусида тутиб туриш ва оқилона фойдаланиш таъминланган ҳолда, улар баҳоловчи ташкилот белгилаган нархларда берилиши лозим.

Баҳоловчи ташкилот белгилаган нархлар бў­йича очиқ савдоларда сотиладиган объектлар қуйи­дагилардир: собиқ «Болалар дунёси» универмаги биноси (чап томони), Архитекторлар уюшмасининг аввалги биноси, «Ичан қалъа» меҳмонхона мажмуаси ва бошқалар. Иккинчи рўйхатга 18 та шунга ўхшаш объектлар киритилган. Ҳужжат билан белгиланишича, рўйхатда кўрсатилган объектлар сотилгунига қадар давлат мулки учун белгиланган ставкалар бўйича, шу жумладан илгари 2014 йилга тегишли ижара шартномалари бўлган ташкилотларга мажбурий тартибда даврий нашрларда эълон беришларсиз, шунингдек Давлат рақобат қўмитаси ва республика Савдо-саноат палатасининг веб-сайтларида фойдаланишда бўлмаган давлат мулки ижарага берилиши ҳақидаги эълонларни жойлаштиришларсиз ижарага берилиши мумкин.
 Бир қатор объектларни вазифасидан келиб чиқиб қисмларга бўлиб сотишга рухсат берилган.

 

ҲУҚУҚ ВА ОБРЎСИ ТИКЛАНСИН

Бош прокуратура, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг қарори (АВ томонидан 11.03.2014 йилда 2569-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.

Қабул қилинган Низомга мувофиқ реабилитация деганда қонунга хилоф ёки асоссиз равишда жиноий таъқиб қилинган (қонунга хилоф равишда ушлаб турилган, эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланган, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинганлиги туфайли вазифасидан четлаштирилган ёхуд қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилган) ҳарбий хизматчининг маҳрум этилган ёки чекланган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ҳамда етказилган зарарни қоплаш тушунилади.

Оқлов ҳукми, шунингдек Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 83-моддасида назарда тутилган ҳо­латлар ҳарбий хизматчини реабилитация этишга асос бўлади.

Белгиланишича, реабилитация этилган ҳарбий хизматчининг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тикланиши, унга етказилган мулкий зиён қопланиши ва маънавий зарар оқибатлари бартараф этилиши лозим.

Реабилитация этилган ҳарбий хизматчи вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари ва боқувчисини йўқот­ганлик пенсияси билан таъминланиши лозим бўл­ганлар жумласига кирувчи оила аъзолари ҳарбий хизматчининг ҳуқуқларини тиклаб беришни сўраб тегишли органга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 17.03.2014 йилдаги 11 (615)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ХАВФСИЗЛИК ЗОНАСИДА

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг қарори (АВ томонидан 28.03.2014 йилда 1393-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Жамоат фойдаланиш жойларида Интернет тармоғидан ахборот олиш имконини бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзгартиришлар Интернет тармоғига кириш хизматларини тижорат асосида кўрсатадиган юридик шахс­лар – интернет-провайдерларнинг манфаатларига дахл қилди. Хусусан, жамоат фойдаланиш жойларига умумий талаблар кенгайтирилди. Уларнинг кўп қаватли уйлар ертўлаларида ёки ярим ертўлаларида жойлаштириш қатъиян тақиқланди.

Шу билан бирга Интернетга кириш хизматларини тақдим этувчи интернет-провайдерлар жамоат фойдаланиш жойларида зарурий техника воситаларидан (компьютерлар, модемлар, телефон аппаратлари ва бошқа ускуналардан) ташқари, ташрифчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видеокузатув камераларини ўрнатишлари лозим.

Провайдерларнинг мажбуриятлари рўйхати ҳам кенгайтирилди. Провайдерларнинг амалдаги мажбуриятлари қаторига яна қўшимча мажбуриятлар киритилди: ташрифчиларнинг хавфсизлиги чора-тадбирларини таъминлаш, жумладан видеокузатув камераларини қўллаган ҳолда, шунингдек Интернет тармоғидаги фойдаланилаётган веб-ресурслар (log-файллар) ҳисобини ташкиллаштириш ва уларни 3 ой давомида сақлаб туриш.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 31.03.2014 йилдаги 13 (617)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 4228 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика