Ички меҳнат тартиби қоидаларига кўра корхонада иш куни – соат 9.00 дан 18.00 гача, тушлик – соат 13.00 дан 14.00 гача. Ходим тушликка чиқиб, узрли сабабсиз ишга қайтиб келмади. Телефон орқали алоқа боғлашга уриниб кўрдик – жавоб бермади. Прогул қилгани учун ишдан бўшатиш тарзида интизомий чора қўлласак бўладими?
– Ҳаммаси корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида Меҳнат кодекси (МК) 100-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига кўра ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолларининг рўйхати қандай белгиланганлигига боғлиқ.
Масалан, агар қоидаларда узрли сабабларсиз бир иш куни мобайнида узлуксиз ёки жами 3 соатдан кўпроқ вақт иш жойида бўлмаслик «прогул» сифатида белгиланган бўлса, ходим ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш сингари интизомий таъсир чоралари қўлланиши мумкин.
Ходимга нисбатан интизомий жазони қўллаётганда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиниши тартибига риоя этилиши хусусидаги талабларини унутмаслик керак.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.