Norma.uz

Сиртдан қатнашиш маъқулми ёки вакил юбориш?

Қонун ҳужжатларида ширкатнинг умумий йиғилишида қарорлар қабул қилишнинг бир нечта йўли назарда тутилган.

 

Ширкатларда юзага келадиган муаммолардан бири – уй аҳлини умумий йиғилишга йиғишнинг қийинлиги. Кўпинча яшовчилардан бири кела олмайди, иккинчиси келишни хоҳламайди, учинчиси ишда, тўртинчиси бошқа ерда яшайди ва ҳоказо. Бундай ҳоллар учун «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) 21-моддаси ушбу масала ечимини кўрсатган. У ХУМШ аъзоларининг вакили бўлиши имкониятини назарда тутади.

Жой мулкдорининг оддий ёзма шаклдаги ишончномасига эга бўлган шахс умумий йиғилишда ана шундай вакил бўлиши мумкин. ХУМШ аъзоси – жисмоний шахс­нинг ишончномасида унинг паспортидаги маълумотлар кўрсатилади ва шахсий имзоси билан тасдиқланади. Агар у ширкат аъзоси – юридик шахсга тузилган бўлса, раҳбарнинг имзоси ва муҳр билан тасдиқланади. Ишончномада ХУМШ аъзосининг ваколатлари қайд этилиши керак. Масалан, у битта умумий йиғилишда ёки барча умумий йиғилишларда жой мулкдори номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб сўзга чиқиши ҳамда битта йиғилиш ёки барча йиғилишлар кун тартибидаги масалалар юзасидан овоз бериши мумкин.

Одатда кўп қаватли уйларда бир ишончли шахс (вакил) ХУМШ аъзолари бир гуруҳи, баъзан ҳатто уйнинг бутун бир йўлаги номидан иш кўради, бу эса, албатта, номақбулдир. Бундай ҳолларда у ўзи йиғилишда вакили бўлган ҳар бир квартира соҳиби номидан алоҳида-алоҳида овоз бериши керак. Ўз қўшнисига овоз бериш ҳуқуқини берган жой мулкдори кун тартибидан хабардор бўлиши ва йиғилиш бошланишига қадар ишончли шахсга тегишли масалалар бўйича ёқлаб ёки қарши овоз бериш бобидаги ўз қарорини маълум қилиши жуда муҳимдир. Айни вақтда ишончли шахс йиғилиш тугаганидан кейин ХУМШ аъзосини у қандай ўтганлиги, қандай қарорлар қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилиши керак. Бошқача айтганда, вакиллик тизими вакиллар зиммасига масъулият юклайди. Шу сабабли, агар улар ортида кўп сонли уй аҳли турса, ушбу меъёр тўлиқ даражада ишламаяпти ёки расман ишлаяпти дейиш мумкин.

Ишончномани қандай қилиб бекор қилиш мумкин? Бунинг учун ХУМШ аъзоси йиғилиш раисига уни чақириб олиш тўғрисида хабарнома топшириши ёки йиғилишда шахсан иштирок этиши керак.

Афсуски, кўпинча амалиётда ишончномалар тузилмайди, қарорлар тор доирада, бошқарув томонидан қабул қилинади. Баъзан (текширув бўлиши эҳтимолида) уларни бошқарув аъзолари тузадилар, бу эса қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланади, жой мулкдорлари эса бу ҳақда ҳеч нарса билишмайди.

Умумий йиғилишда кворумни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар юзага келганда яна бир имконият мавжуд. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон Қарорига 1-илова) 11.8.4-банди ва Қонуннинг 22-моддасида овозларни ёзма шаклда бериш мумкинлиги назарда тутилади. Бундай ҳолларда мулкдор ўз исми, фамилиясини, унга тегишли турар жой манзили, ўзининг кун тартибидаги масала бўйича «ҳа», «қарши» ёки «бетараф» деган шаклда ифодаланган қарорини кўрсатиши ва имзо чекиши зарур.

Умумий йиғилишда белгиланган алоҳида ҳолларда қарорлар сиртдан овоз бериш йўли билан, бошқача айтганда, ХУМШ аъзолари биргаликда иштирок этмаган ҳолда қабул қилиниши мумкин (Уставнинг 11.8.6-банди). Бунда квартира эгалари овоз беришга қўйилаётган масалалар, уларнинг ёзма қарорлари йўлланадиган муддат ва жой тўғрисида олдиндан хабардор қилиниши лозим. Агар кун тартиби ишлар режалари, даромадлар ва харажатлар сметалари, раиснинг, тафтиш комиссиясининг ҳисоботларини тасдиқлашни назарда тутса, бошқарув мулкдорларга улар билан олдиндан танишиш имконини бериши керак. Бошқа ҳолларда бўлганидек, агар унинг учун ХУМШ аъзоларининг 50%дан кўпи овоз берса, қарор қабул қилинган деб ҳисобланади.

Жуда кўп ҳолларда мулкдорлар ширкат ишидан ва ҳатто унга ХУМШ аъзоларининг 50%дан кўпроғи овоз берса ҳам, у ёки бу қарордан норози бўладилар. Ушбу ҳолда Қонуннинг 22-моддасига асосан у қабул қилинган ҳисобланади. Бироқ кўпинча: «Мен ушбу қарорга овоз бермаганман, шу боис уни тан олмайман», – деган сўзларни эшитиш мумкин. Бундай ҳолларда умумий йиғилишда қабул қилинган қарор ширкатнинг барча аъзолари учун мажбурийлигини унутмаслик лозим.

  

«Реклама тўғрисида»ги Қонун – амалда

Прочитано: 2136 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика