Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 13 / Қонун ижодкорлари нималар устида ишлашмоқда

Электрон тижоратнинг янги босқичи

.  Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2014 йилда ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб берар экан, иқтисодиётнинг барча соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, электрон тижоратни янада ривожлантириш ва рағбатлантириш, интерактив хизматларни кенгайтириш лозимлигига алоҳида эътиборни қаратди.

 

Шу муносабат билан Марказий банк томонидан электрон тижорат тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. У мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини, Ўзбекистонда амалдаги пул муомаласи ва жаҳон банк тизимидаги он-лайн савдо тамойилларини назарда тутади. Ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 10%и харидларни Интернет тармоғи орқали амалга оширмоқда ва бу жараён кундан-кунга тезлашиб бормоқда.

Қонун таклиф этилаётган форматда қабул қилингудек бўлса, бизнесни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ривожланиши учун янги имкониятлар юзага келади.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қўшни мамлакатлар ва Болтиқбўйи, Шимолий Америка, Жанубий Осиё, Океания, Италия ва бошқа Европа мамлакатларининг электрон тижорат фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги тажрибаси ва инструментлари таҳлил қилинди.

Қайд этиш керакки, «Электрон тижорат тўғрисида»ги амалдаги Қонун (29.04.2004 йилдаги 613-II-сон) «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги (29.04.2004 йилдаги 611-II-сон) ва «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги (11.12.2003 йилдаги 562-II-сон) қонунларида белгиланган тушунча ва терминларга асосланади. Уларда бутунлиги ва ҳақиқийлиги электрон рақамли имзодан (ЭРИ) фойдаланган ҳолда аниқланадиган электрон кўринишдаги ахборот электрон ҳужжат деб белгиланиши таъкидланган. Бугунги кунда ЭРИни қўллаш технологияси олдиндан томонлар ўртасида тузилган ўзаро шартномавий муносабатлар мавжуд бўлишини ёки оммавий калитларни тасдиқловчи марказлар хизматларидан фойдаланишни тақозо этади.

Халқаро амалиётда чакана савдони амалга ошириш учун товарларни интернет-магазинлар орқали харид қилишда, қоида тариқасида, хабар жўнатувчиларни идентификация қилиш имкониятини берувчи воситалардан фойдаланилади (жумладан, мобил телефонга ёки электрон манзилга бир марталик идентификаторларни жўнатиш усули билан).

Ҳозирги кунда республикамиз банк тизимида банк карталаридан он-лайн режимида тўловларни интернет тармоғи орқали амалга ошириш механизми яратилган, масофадан туриб банк хизматларини кўрсатиш ҳам кенг йўлга қўйилган. Хорижий тажрибага мос равишда Умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари орқали тўлов тизимларини ташкил қилиш қоидаларида (МБ бошқарувининг АВ томонидан 13.02.2008 йилда 1767-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) ушбу тизимларда аутентификация қилиш ва операцияларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун ЭРИдан фойдаланишдан фарқли равишда бошқа усуллар қўлланилиши кўзда тутилган.

Айнан шунинг учун қонун лойиҳасида битимлар тузиш жараёнини соддалаштириш учун электрон битимларни расмийлаштиришни осонлаштириш имконини берувчи бир марталик идентификаторлардан ва бошқа имзолардан фойдаланишга рухсат этилмоқда. Қонун лойиҳасида электрон тижоратда битимлар тузиш ва бошқа юридик ҳаракатларни амалга оширишда электрон ҳужжатлардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниб, электрон ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда шартномалар тузишнинг ўзига хос хусусиятлари, электрон тижорат иштирокчиларига бўлган талаблар белгиланган. Қонун лойиҳаси амалдаги Қонундан қуйидагилар билан фарқ қилади:

– жисмоний шахслар – электрон тижорат субъектлари учун электрон ҳужжатларда ЭРИдан фойдаланиш бўйича қатъий талаб бекор қилинади, жисмоний шахслар – электрон тижорат субъектларига ЭРИнинг бир марталик идентификаторидан ёки шахсий имзонинг аналогидан фойдаланишга рухсат этилади. Бу электрон битимларни расмийлаштиришни соддалаштириш ва Интернет тармоғи орқали банк карталаридан фойдаланган ҳолда тўлов механизмини жорий этиш имконини беради;

– электрон тижорат субъектларига электрон битимларни амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатувчи ахборот воситачилари таркиби (телекоммуникация тармоғи операторлари, тўлов агентлари, электрон савдони ташкил этишни амалга оширувчи ва электрон ҳужжатларни депозитар сақлаш бўйича хизмат кўрсатувчи шахслар) кенгаяди;

 – электрон ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда электрон битимлар тузилишининг ўзига хос хусусиятларини ҳамда электрон шаклдаги шартномалар тузилишини ҳисобга олиб, оферта, тижорат таклифлари акцепти ва электрон тижорат шартномалари шартларига қўшимча талаблар ўрнатилади;

– қонун лойиҳасига ҳисобварақ-фактура ва бошқа зарурий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш имконини берувчи норма киритилди. Бугунги кунда қонун ҳужжатларига мувофиқ, товарлар (иш, хизматлар) савдосида шартнома ижросини бажариш учун ҳисобварақ-фактура ва бошқа ҳужжатларни қоғоз шаклида имзолаш амалиёти мавжуд бўлиб, бу ҳол ўз навбатида, электрон тижоратни Интернет тармоғи орқали амалга оширишга тўсиқлар яратади;

– давлат томонидан мазкур соҳани тартибга солувчи ваколатли орган тайинланиши кўзда тутилиб, унинг ваколатлари белгиланмоқда;

– электрон тижорат иштирокчилари маълумотлари ва шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Қонуннинг қабул қилиниши савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатлар (транзакцион харажатлар) қисқаришига, электрон тижорат субъектларининг бир-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилишига омил бўлади.

Мазкур ҳужжат сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатиш учун шароит яратади, шу жумладан бозорда янги иштирокчилар пайдо бўлади.

Сотувчи ва харидорлар учун қисқа фурсатда нархлар, сифат ва товарни етказиб бериш билан боғлиқ турли рақобатчилар таклиф этган маълумотларни олиш имкони яратилади.

«Электрон тижорат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳ­рирдаги лойиҳаси яқин вақт ичида парламентнинг қуйи палатасига – Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан кенг муҳокама этиш учун келиб тушади.

 

Маъруф УСМАНОВ Марказий банк
Матбуот хизмати материали асосида тайёрлади.

Прочитано: 2235 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика