Ходим корхонага ишга жойлашяпти. Бироқ меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйган. Аҳолининг бандлигига кўмаклашиш марказида дафтарчани олиш учун ишхонадан хат ва маълумотнома келтиришни айтишган. Бироқ у ҳали бизда қайд этилмаган, уни меҳнат дафтарчасисиз ишга қабул қила олмаймиз.
Мазкур вазиятда нима қилиш керак? Агар у ишлаган фирма тугатилиб кетган бўлса, ким дафтарчани тиклаши, дубликат олиши керак? Янги меҳнат дафтарчасини очса бўладими?
– Илгари ходим штатда бўлган фирманинг тугатилиши уни ишга қабул қилишни расмийлаштиришни тўхтатиб туриш учун асос бўла олмайди.
Меҳнат кодекси (МК) 81-моддасининг иккинчи қисми ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Йўриқнома) 1.1-банди қоидаларига кўра иш берувчи корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно.
Мазкур масала Йўриқноманинг IV бўлими «Меҳнат дафтарчаси дубликати»га мувофиқ ҳал қилиниши керак.
Дубликат меҳнат дафтарчасини тўлдиришнинг умумий қоидаларига кўра расмийлаштирилади. Унга мазкур ташкилотга ишга киргунга қадар ходимнинг умумий ва (ёки) узлуксиз иш стажи тўғрисида ҳужжатлар билан тасдиқланган маълумотлар киритилади.
Аввал жамланган умумий иш стажи ёзилади, яъни ташкилотлар, ходимнинг иш даврлари ва лавозимларини аниқлаштирмасдан иш йиллари, ойлари, кунларининг умумий сони кўрсатилади. Сўнгра эса (тасдиқловчи ҳужжатлар бор бўлса) иш стажи айрим даврлар бўйича расшифровка қилинади. Бунда қуйидагилар кўрсатилиши керак: 2-устунда – ишга қабул қилиш санаси; 3-устунда – ташкилот (иш берувчи)нинг номи, шунингдек таркибий бўлинма ва иш (лавозим), ихтисослик, ходим қабул қилинган малака кўрсатилган ҳолда касб; 4-устунда – тегишли ҳужжатнинг номи, рақами ва санаси.
Меҳнат дафтарчаси дубликатига фақат ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар қайд этилади.
Шу тариқа, меҳнат дафтарчасига бирламчи ёзувни киритиш учун архив маълумотномасини тақдим этиш (агар бу мумкин бўлса) мазкур ходимнинг манфаатларига хизмат қилади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.