АЛОҚАНИ «ЎЗМОБАЙЛ» ТАЪМИНЛАЙДИ
Президентнинг 12.02.2014 йилдаги ПҚ-2126-сон қарори билан «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг «Ўзмобайл» филиали негизида мобил алоқа миллий операторини ташкил этиш тўғрисида қарор қилинди.
Мобил алоқа миллий оператори республиканинг барча ҳудудларида юқори тезликда маълумотларни узатишнинг энг замонавий технологияларини жорий этиш, бутун жаҳон Интернет ахборот тизимига уланиш, мобил телевидение, электрон тўловлар ва тижорат хизматларини кўрсатиш мақсадида ташкил этилаётир.
Ҳужжатда кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари, шаҳарлараро ва халқаро тармоқлар ҳамда маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва телекоммуникация хизматларини кўрсатиш, бу ишларни шу жумладан мамлакатнинг узоқ туманларида амалга ошириш назарда тутилган.
Масалан, 2014 йилда Тошкент шаҳрини 2 млн рақамли 1 020 та базавий станция, коммутация станциялари ва биллинг тизимини ўрнатган ҳолда мобил алоқа тармоқлари билан қамраб олиш режалаштирилган. Вилоят марказларида 2015 йилда 8 млн рақамли 1 994 та базавий станция ва биллинг тизимини ўрнатиш назарда тутилган, республиканинг бошқа аҳоли пунктларида эса 3 986 та базавий станция 2017 йилда ўрнатилади.
Қарорда лойиҳани молиялаштириш манбалари белгиланган. Базавий станциялар, телекоммуникация ускуналари ва дастур таъминотини харид қилиш учун хорижий банклар ва молия институтларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитларини, шунингдек ускуналарни етказиб берувчиларнинг товар кредитларини жалб этиш режалаштирилмоқда.
Қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишлари республика тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари ҳамда «Ўзбектелеком» АКнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжатга мувофиқ, «Ўзбектелеком» АК Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида «Ўзмобайл»нинг эҳтиёжлари учун олиб кириладиган технологик ускуналар бўйича 2018 йилнинг 1 январига қадар бож тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади.
Ҳукумат қуйидагиларни 5 йил муддатга мазкур тўловлардан озод қилишни назарда тутадиган масалани ҳам кўриб чиқади:
«Ўзбектелеком» АКни – кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун давлат божи тўлашдан;
«Ўзмобайл» мобил алоқа миллий операторининг фаолиятини – бўшаган маблағларни тармоқни ривожлантиришга мақсадли йўналтириш шарти билан радиочастота спектридан фойдаланиш тўловини тўлашдан.
«Ўзмобайл» фаолиятини амалга ошириш мақсадида антенна мачталари ва технологик ускуналарни монтаж қилиш учун бинолар қуришга ер участкалари ажратилади.
ЎЗИМИЗНИНГ ДОРИВОР ВОСИТАЛАРГА КЕНГ ЙЎЛ
Ички бозорни сифатли ва самарадор маҳаллий дори воситалари билан янада таъминлаш ҳамда импорт ўрнини босувчи дори воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 11.02.2014 йилдаги 25-сон Қарори билан Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ қилинмайдиган доривор воситалар рўйхатига (ВМнинг 25.02.2011 йилдаги 49-сон Қарорига 1-илова) тузатиш киритилди.
Эслатиб ўтамиз, кўрсатилган имтиёз доривор воситалар ва тиббиёт (ветеринария) учун мўлжалланган буюмларни, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган хом ашёни импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод қилади.
Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган импорт монандларининг номлари Рўйхатдан чиқариб ташланган. Рўйхатга киритилган дори воситаларининг миқдори эса фақат халқаро патентланмаган номларини кўрсатган ҳолда 45 тадан 67 тагача оширилган.
Худди шу Қарор билан Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ қилинмайдиган доривор воситалар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 11.05.2011 йилдаги 132-сон Қарори билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди.
Номи келтирилган ҳужжатдан илгари Рўйхатга доривор воситалар импорт монандларининг янги савдо номларини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга рухсат берувчи меъёр чиқариб ташланди. Шунингдек Низомдан улар мавжуд бўлганда Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш имконини берувчи шартлардан бири чиқариб ташланди. Хусусан, эндиликда Рўйхатга киритилган доривор воситалар импорт монандларининг янги савдо номлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Доривор воситалар ва тиббиёт техникаси сифатини назорат қилиш бош бошқармасида рўйхатдан ўтказилиши (қайта рўйхатдан ўтказилиши) унга ўзгартириш киритишга асос бўлиб ҳисобланмайди.
ДОНОР БЎЛИШ УЧУН
Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (АВ томонидан 15.01.2014 йилда 2556-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
«Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонунга (30.08.2002 йилдаги 402-II-сон) мувофиқ қон ва унинг таркибий қисмларини 18 ёшга тўлган шахслар тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейингина топширишлари мумкин. Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш олдидан шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларнинг саломатлиги тўғрисида ҳужжат бериш бепул амалга оширилади.
Қабул қилинган Низомга биноан тиббий кўрикдан ўтказиш донордан зарур маълумотларни олиш, уни тиббий кўрикдан ўтказиш ва қонни лаборатория текширувидан (скринингдан) ўтказишни ўз ичига олади.
Донорлар сафидан жой олиш учун дастлаб сўровномани (Низом билан тасдиқланган шаклдаги) тўлдириш ва суҳбатдан ўтиш керак бўлади. Донорнинг қонида ОИВ/ОИТС, «В» ва «С» гепатитлари ёки бошқа гемотрансмиссив инфекциялар элементлари (донорлик қони ва унинг маҳсулотлари орқали юқиш билан боғлиқ инфекциялар) аниқланган тақдирда, қон билан ишлаш хизмати (ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари) қонни йўқ қилиши ҳамда донорни бу ҳақда огоҳлантириши лозим. Низомда донорликдан тўлиқ ёки вақтинча четлаштириш учун асос бўладиган ҳолларнинг рўйхати келтирилган.
Қон билан ишлаш хизмати донорларни қуйидаги ҳужжатлар билан қабул қилади:
Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини — паспорти, ҳарбий хизматчиларни эса ҳарбий гувоҳнома ёки офицернинг шахсий гувоҳномаси;
чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни — доимий яшашга рухсатнома билан.
Донор қонини гемотрансмиссив инфекцияларга (ОИВ-инфекция, вирусли гепатит, бруцеллёз, захм, сил, безгак) текширтириш учун ёзма розилик бериши лозим. Скрининг натижалари қон текширувга олинган вақтдан бошлаб 7 кун давомида ҳақиқий ҳисобланади.
Низомда донорларни ҳисобга олиш бўйича бирламчи тиббий ҳужжатлар рўйхати келтирилган.
Тана вазни 50 кг ва ундан кам бўлган, бўйи 150 см ва ундан паст бўлган шахслар фақат шифокор-терапевтнинг ёзма хулосасига асосан донорликка қўйилади.
Ҳужжатда плазма (қоннинг суюқ қисми), шунингдек қон ҳужайраларини дастлабки ва такрорий тиббий кўрикдан ўтказишнинг қўшимча турлари ҳам белгиланган.
Яхлит қон ва донация плазмасини топширишга қўйиладиган талаблар ҳам белгиланди.
Донациядан олдин донорга яхна ичимлик ёки ширин чой, донациядан кейин овқат берилади ёхуд овқат учун пуллик компенсация тўланади.
Эслатиб ўтамизки, Қонунда қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ана шу кунлар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади. Лицей ва коллежларнинг ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари, таълим олувчиларнинг бошқа тоифалари қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни машғулотлардан, ҳарбий хизматчилар эса нарядларни бажаришдан, хизматни ўташнинг вахта ва бошқа шаклларидан озод қилинадилар.
Қонунда донорга ҳар сафар қон ва унинг таркибий қисмларини топширган куннинг бевосита эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бир кун берилиши ҳам белгиланган. Донорнинг хоҳишига кўра мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин.
Низом бўйича донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлашни фақат ихтисослашган тиббиёт муассасалари амалга оширади.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 20.01.2014 йилдаги 3 (607)-сонида расман чоп этилган кундан бошлаб кучга кирган.
ПЕНСИОНЕР УЧУН ШАРТНОМА
Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 10.02.2014 йилда 2222-2-сон рўйхатдан ўтказилган) билан Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 26.12.2013 йилдаги ПФ-4589-сон Фармонига биноан 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган, ёшга доир пенсияларнинг энг кам миқдоридан паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади. Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони (2.12.2013 йилдаги ПФ-4582-сон) билан 2013 йилнинг 15 декабридан ёшга доир пенсияларнинг энг кам миқдори ойига 187 970 сўм этиб белгиланган. Эндиликда ушбу меъёр низомда ҳам ўз ифодасини топди.
Ҳужжатда тўланадиган пенсия миқдорини ҳисоб-китоб қилиш мисолларига ҳам тузатишлар киритилган.
Низомга бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилган.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 17.02.2014 йилдаги 7 (611)-сонида расман чоп этилган кундан бошлаб кучга кирган.
Ҳужжатларга шарҳларни
эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.